Исроил «Ҳизбуллоҳ» собиқ етакчисининг дафн маросими вақтида Ливанга ҳужум қилди
23 феврал куни Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг ўтган йил сентябр ойида ўлдирилган етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Исроил Мудофаа армияси эса Ливан жануби ва шарқидаги ҳарбий объектларга зарбалар берди.

Фото: AP
Исроил ҳарбийлари Ливан жануби ва шарқидаги ҳарбий объектларга зарбалар берди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) матбуот хизмати хабар берди.
ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, ҳужум қилинган ҳудудларда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати «фаоллиги аниқланган».
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига мамлакатнинг қирувчи самолётлари Ливан ташкилотининг собиқ етакчиси Ҳасан Насруллоҳни дафн қилиш маросими вақтида Байрут устидан учиб ўтганини маълум қилди.
Ливандаги шиалар ҳаракати «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ Яқин Шарқдаги энг машҳур ва нуфузли шахслардан бири эди. У 64 йиллик умридан 32 йилида ушбу ҳаракатга раҳбарлик қилган. Бу даврда гуруҳ Ливандаги энг катта таъсирга эга сиёсий кучга айланди. У Исроил томонидан ўлдирилишидан қўрқиб, кўп йиллардан буён омма қаршисида кўриниш бермай келарди. Аммо 2024 йил 27 центабр куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ливан пойтахти Байрут шаҳрига зарбаси оқибатида ҳалок бўлди.
Бугун, 23 феврал куни Байрутдаги стадионда ўлдирилганига беш ой тўлаётган Ҳасан Насруллоҳнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Маросимга ўн минглаб одам ташриф буюрди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 ноябр куни Ливан ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилган бўлиб, унинг доирасида исроиллик ҳарбийлар 60 кун ичида Ливан жанубидаги эгалланган ҳудудлардан чиқиб кетиши керак эди. Аммо Исроил томони Ливан армияси минтақага «тўлиқ жойлашмаганини» маълум қилиб, ҳудудни тарк этиш муддатини 18 февралга қадар узайтирган.
Мавзуга оид

23:07 / 16.02.2025
Эрон Ливаннинг илтимоси сабаб Байрутга барча авиарейсларини тўхтатди

19:55 / 08.02.2025
Ливанда янги ҳукумат таркиби тасдиқланди

21:56 / 01.02.2025
Исроил армияси Ливан жанубидаги уйларни ёқиб, ўт очишни тўхтатиш режимини бузди

09:43 / 10.01.2025