Жаҳон | 19:01 / 22.02.2025
18396
10 дақиқада ўқилади

Нурек, Роғун ва Қамбарота-1 – дунёдаги энг баланд тўғонлар қаерда қурилган?

Бугун Ер юзида энг муҳим тармоқлардан бири электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобланади. Асосий электр энергияси ИЭСларда, ривожланган давлатларда АЭСларда ва йирик дарёлар бор жойларда ГЭСларда ишлаб чиқарилмоқда. Маълумотларга кўра, бугун Ер юзида 800 мингдан ошиқ катта ва кичик сув тўғонлари бор. Ушбу материалда уларнинг энг баландлари ҳақида гаплашамиз.

Бир неча кун аввал Жаҳон банки Роғун ГЭС қурилиши учун Тожикистонга 350 млн долларлик грант ажратишни маъқуллади.

Бу ГЭС қурилиши совет даврида бошланган ва маблағ етишмовчилиги туфайли тўхтаб қолганди. Тожикистон 2000-йиллар бошларида Роғун ГЭС қурилишини қайта тиклади.

Янги режага кўра, ГЭСнинг тўғонини 2042 йилгача тўлиқ битказиб, фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Роғун ГЭС тўлиқ битса, ундаги платинанинг баландлиги 335 метрга етади ва у дунёдаги энг баланд тўғон бўлади.

Маълумотларга кўра, бугун Ер юзида 800 мингдан ошиқ катта ва кичик сув тўғонлари бор. Уларнинг аксарияти тоғли ҳудудларда, дарёларнинг олди тўсилиши учун қурилган.

Тўғонлар орасида баландлиги бир неча ўн метрдан тортиб, 300 метрдан ошадиганлари ҳам бор. Қуйида ҳозир ишлаётган, фаолиятини тўхтатган ва қурилаётган энг баланд тўғонлар ҳақида маълумот берамиз

1. Цзинпин ГЭС, Хитой

Фото: fishki.net

Бугун дунёдаги энг баланд тўғон Хитойда қурилган Цзинпин ГЭСга тегишли. Унинг баландлиги 305, узунлиги 568 метр.

ГЭС қурилиши 2005 йилда, сув омборини тўлдириш 2012 йилда бошланган. Тўғон Хитой жануби-ғарбидан бошланадиган Ялунцзян дарёсининг олдини тўсиб қурилган.

Бу ГЭС 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг қуввати 3 600 мегаватт бўлиб, бир йилда 17 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.

2. Нурек ГЭС, Тожикистон

Фото: nlsteel.ru

Нурек ГЭС тўғони қурилиши 1961 йилда Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсининг олди тўсилиб бошланган.

ГЭСдаги агрегатлар 1972-1979 йиллар давомида ишга туширилган. Тўғоннинг баландлиги 300, узунлиги 714 метрни ташкил этади.

Нурек ГЭСнинг қуввати 3 000 мегаватт бўлиб, у бир йилда 11,2 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Нурек ГЭС тўғони 2014 йил Хитойдаги Цзинпин ГЭС фойдаланишга топширилгунча дунёдаги энг баланд платина бўлган.

3. Лянхэкоу ГЭС, Хитой

Фото: alamy.com

Лянхэкоу ГЭС тўғони қурилиши 2009 йилда бошланган ва 2021 йилда ишга туширилган. У Хитойдаги Ялонг дарёсида қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 295, узунлиги 650 метр. Лянхэкоу ГЭСнинг қуввати 3 000 мегаватт бўлиб, унга 6 та 500 мегаваттлик турбиналар ўрнатилган.

Бу ГЭС тўлиқ ишга тушганда йилига 11 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Лойиҳа қиймати қарийб 10 млрд долларни ташкил этади.

4. Сяован ГЭС, Хитой

Фото: powerproduct.com

Сяован ГЭС қурилиши 2002 йилда бошланган ва 2010 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг тўғони Хитой жанубидан бошланадиган Меконг дарёсида қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 292, узунлиги эса 902 метр. Тўғоннинг қалинлиги ост қисмида 62 метрни, энг тепа қисми эса 13 метрни ташкил этади.

Сяован ГЭСнинг қуввати 4 200 мегаватт. Унга Huaneng Power International компанияси эгалик қилади. Тўғон қурилишига қарийб 4 млрд доллар сарфланган.

5. Байхэтан ГЭС, Хитой

Байхэтан ГЭС қурилиши 2017 йилда бошланган ва 2022 йилда ишга туширилган. Унинг тўғони Цзинша дарёсининг олди тўсилиб қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 289, узунлиги 709 метр. ГЭСнинг қуввати 16 000 мегаватт бўлиб, унга ҳар бирининг қуввати 1000 мегаватт бўлган 16 та генератор ўрнатилган. Энг сўнгги генератор тармоққа 2022 йил декабрда қўшилган.

ГЭС бир йилда 60 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Унга China Three Gorges Corporation компанияси эгалик қилади. ГЭСнинг қурилишига жами 26 млрд доллар сарфланган.

6. Силоду ГЭС, Хитой

Compare
cnbc.com

Силоду ГЭС қурилиши 2005 йилда бошланган ва у 2014 йилда тўлиқ ишга туширилган. Бу ГЭС тўғони ҳам Цзинша дарёсининг олди тўсилиб қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 285, узунлиги эса 700 метр. ГЭСнинг қуввати қарийб 14 минг мегаватт бўлиб, унга ҳар бирининг қуввати 770 мегаватт бўлган 18 та гидроагрегат ўрнатилган.

ГЭСга China Yangtze Power компанияси эгалик қилади. У бир йилда 55,2 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради.

7. Гранд Диксенс ГЭС, Швейцария

Гранд Диксенс ГЭС қурилиши 1953 йилда бошланган ва 1964 йилда ишга туширилган. Унинг тўғони Диксенс дарёсида қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 285, узунлиги 700 метр. ГЭСнинг қуввати 2 069 мегаватт бўлиб, унга тўртта гидроагрегат ўрнатилган.

ГЭСга Energie Ouest Suisse компанияси эгалик қилади. Гранд Диксенс ГЭС бир йилда 2 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради.

8. Ингури ГЭС, Гуржистон

Фото: colliers.com

Ингури ГЭС 1970-йиллар бошларида қурила бошланган ва 1978 йилда ишга туширилган. Унинг тўғони Ингури дарёсида қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 271, узунлиги 728 метр. ГЭСнинг умумий қуввати 1 300 мегаватт бўлиб, унга ҳар бирининг қуввати 260 мегаватт бўлган бешта генератор ўрнатилган.

ГЭС бир йилда 4,4 млрд киловатт электр энергия ишлаб чиқаради. Унга Гуржистон ҳукумати эгалик қилади

9. Юсуфэли ГЭС, Туркия

Фото: shutterstock.com

Юсуфэли ГЭС қурилиши 2013 йилда бошланган ва 2021 йилда тўлиқ ишга туширилган. Унинг тўғони Туркия шарқидаги Чоруҳ дарёсида қурилган.

Тўғоннинг баландлиги 270, узунлиги 490 метр. ГЭСнинг қуввати 540 мегаватт бўлиб, унга ҳар бирининг қуввати 180 мегаватт бўлган учта генератор ўрнатилган.

ГЭС бир йилда 1,7 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Унга State Hydraulic Works компанияси эгалик қилади.

10. Вайонт ГЭС (ҳозир ишлатилмайди), Италия

Фото: alamy.com

Вайонт ГЭС 1950-йилларнинг иккинчи ярмида қурилган ва 1961 йилда ишга туширилган. Бироқ 1963 йилда содир бўлган ҳалокатдан сўнг унинг суви қўйиб юборилган ва ҳозир бу ГЭС иш фаолиятида эмас.

Тўғоннинг баландлиги 261,6, узунлиги 190 метр. У Италия шимолидаги дарёлардан бирининг олди тўсилиб, қурилган.

Қурилаётган тўғонлар орасида энг баландлари

1. Роғун ГЭС, Тожикистон

Фото: pravda.ru

Роғун ГЭС қурилиши 1976 йилда Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсининг олди тўсилиб, бошланган. 2000-йиллар бошларида Тожикистон тўхтаб қолган қурилишни давом эттиришга қарор қилган.

Роғун ГЭС битса тўғонининг баландлиги 335 метр, узунлиги 660 метр бўлади. Шунда у йилига 13,8 млрд киловатт электр энергия ишлаб чиқара олади.

Ҳозирги кунда Роғун ГЭСнинг битган қисми иш фаолиятида ва унда 760 мегаватт электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга генераторлар ишлаяпти. Объект тўлиқ битса, унинг қуввати 3 600 мегаватт бўлади.

2. Бахтиёри ГЭС, Эрон

Бахтиёри ГЭС қурилиши 2013 йилда Бахтиёри дарёсининг олди тўсилиб, бошланган. Бу ГЭС тўғони тўлиқ битса баландлиги 325 метр, узунлиги 434 метр бўлади.

Лойиҳа қиймати 2 млрд долларга баҳоланган ва ҳозирча ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши муддати аниқ эмас. Бу лойиҳа битса унинг қуввати 1 500 мегаватт бўлади ва йилига 3 млрд киловатт электр энергия ишлаб чиқаради.

Лойиҳага кўра, ГЭСга ҳар бирининг қуввати 250 мегаватт бўлган олтита генератор ўрнатиш кўзда тутилган.

3. Даштижум ГЭС, Тожикистон

Даштижум ГЭС қурилиши ҳали бошланмаган. Унинг лойиҳаси 1970-йилларда СССРда тайёрланган ва тўғон Панж дарёсининг олди тўсилиб қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, ГЭС тўғонининг баландлиги 320, узунлиги 1 140 метр бўлиши кўзда тутилган.

Ўшанда советлар бу ГЭСни Афғонистон билан ҳамкорликда қуриб, бирга ишлатишни режа қилишган. Кейинчалик Афғон уруши бошлангач ГЭС режаси қоғозда қолиб кетади.

4. Шуанцзянкоу ГЭС, Хитой

Шуанцзянкоу ГЭС қурилиши 2013 йилда бошланган. У 2023 йилда тўлиқ ишга туширилиши лозим эди, бироқ бу бироз ортга сурилди.

ГЭС тўғони Дадухэ дарёсининг олди тўсилиб қурилмоқда. Битгандан сўнг унинг баландлиги 312, узунлиги 649 метр бўлади.

Лойиҳага кўра Шуанцзянкоу ГЭС қуввати 2 000 мегаватт бўлади ва унга ҳар бирининг қуввати 500 мегаватт бўлган тўртта генератор ўрнатилади.

ГЭС эгаси State Power Dadu Hydropower Development Co., Ltd. компанияси ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,02 млрд долларга баҳоланган.

5. Диамер-Бхаса ГЭС, Покистон

Фото: renen.ru

Диамер-Бхаса ГЭС қурилиши 1998 йилда бошланган. Уни 2028 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Тўғон Ҳинд дарёсининг олди тўсилиб қурилмоқда ва унинг баландлиги 272 метр бўлади. Қурилиш ишларини Хитойга тегишли компаниялар олиб бормоқда.

Лойиҳага кўра, ГЭСнинг тўлиқ қуввати 4 800 мегаватт бўлади ва унга ҳар бирининг қуввати 375 мегаватт бўлган 12 та генератор ўрнатилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 14 млрд долларни ташкил этади. У тўлиқ битгач йилига 19 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқара олади.

Шунингдек, қўшни Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1ни қуриш режалаштирилган. Бу ГЭС қурилиши совет даврида, 1986 йилда бошланган ва тугалланмай қолган. Унинг тўғони Сирдарёнинг асосий ирмоғи бўлган Норин дарёсида жойлашган.

Қамбарота ГЭС-1 тўғонининг баландлиги 256 метр бўлади. Уни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон биргаликда қуриб битказмоқчи.

Лойиҳага кўра, ГЭСнинг қуввати 1 860 мегаватт бўлади ва унга тўртта 465 мегаваттлик генератор ўрнатилади. Қамбарота ГЭС-1 тўлиқ қувват билан ишласа, йилига 5,6 млрд киловатт электр энергия ишлаб чиқаради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид