Ўзбекистон | 19:36 / 22.02.2025
6602
5 дақиқада ўқилади

“Бюджетни депутатлар ёзиши керак” — парламентлар ҳақида иқтисодчи билан суҳбат

Парламентнинг фундаментал вазифаси – кимдан қанча миқдорда солиқ ундириш ва йиғилган пулларни қаерга сарфлашни ҳал қилишдан иборат, дейди Ню Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда эркин сайловлар орқали шаклланган парламентлар қандай ишлаши ҳақида сўзлаб берди.

Дунё сўнгги асрларда бемисл тараққиётга эришганининг сабабларидан бири – минг йиллар давомида амал қилиб келган анъанавий давлат бошқарувининг ўзгаришларга юз тутиши бўлди. Ҳукуматлар ва судлар қадим замонлардан бери бор, ҳокимиятнинг учинчи бўғини – парламентлар эса ҳозирги шаклда асосан 17-асрдан бошлаб шакллана бошлади.

Kun.uz мухбири қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг иқтисодий ривожланишдаги ўрни атрофидаги саволлар билан Ню Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий нуқтайи назардан парламентнинг асосий функцияларидан бири – жамият ресурсларини қаерга ва қандай тақсимлаш масалаларини ҳал қилишдир.

“Жамиятлар тарихан бир хулосага келишган: солиқлардан йиғилган бюджетни ҳаммамиз келишиб сарфлашимиз керак. Оддий қилиб айтганда, айтайлик, бир мамлакат бор. У мамлакатнинг ўзига яраша харажатлари бор. Масалан, хавфсизликни таъминлаш, боғлар ва ўрмонларни муҳофаза қилиш ва ҳакозо. Бу харажатларнинг қизиқ томони шундаки, уларни қилсак, барчамиз манфаатдормиз. Қилинмаса, барчамиз зарар кўрамиз. Лекин шу нарсани бир ташкилот таъминласа, у ташкилотнинг хизматидан мен ёки бошқа инсон истеъмол қилса ҳам, ўша нарса камайиб қолмайди. Буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. “Ижтимоий товар” ёки “жамоат товарлари” деган иқтисодий термин бор. Ижтимоий товарларнинг асосий хусусияти шундайки, уларни кимдир истеъмол қилса, камайиб қолмаслиги керак. Масалан, тоза ҳаводан бир инсон фойда олса, иккинчи инсоннинг ҳавосини ифлослантириб қўймайди. Худди шундай, ҳаво мудофааси масаласида, агар сизнинг устингиздан қандайдир қирувчи самолётлар учмаса, бошқанинг устидан ҳам учишини камайтириб қўймайди. Аксинча, нон ёки озуқ-овқат каби товарларни бир киши истеъмол қилса, иккинчига камроқ қолиши мумкин назарий жиҳатдан. Аммо жамоат товарлари кўпинча бундай эмас.

Энди, шу нарсаларни – жамоат товарларини кимдир етказиб бериши керак. Жамиятда ҳаммага бундан манфаат бор, лекин ҳеч ким бунга пул сарфлагиси келмайди. Шунинг учун ҳам, жамиятлар “ўртага пул ташлайлик-да, ўртага ташлаган пулимизни бюджет, уни тақсимлаш билан шуғулланадиган ташкилотни парламент деб атайлик” деган.

Буни кичик даражада гаплашсак, масалан, бир подезд бор ва унда нечтадир хонадон жойлашган. У хонадонлар пул йиғиб, подездни тозалашга кимнидир ёллаши мумкин. Тоза бўлгандан кейин, барча хонадон аъзолари манфаат кўришади, ҳеч ким зарар кўрмайди. Лекин масалан, подездни тозалашга пул тўламаган инсон ҳам фойда олаверади. Сиз уни бундан чеклай олмайсиз. Шундай товар ва хизматлари жамоат неъматлари ёки товарлари деб атаймиз. Уларни молиялаштириш учун яратилган институт – бу парламент”, – дейди Ҳошимов.

Замонавий шаклдаги парламентларнинг бошланиш нуқтаси – 1689 йилда Англияда “Ҳуқуқлар тўғрисидаги билл”нинг қабул қилиниши бўлган. Бу ҳужжат қирол ҳокимиятини чеклагани билан аҳамиятли.

“Ўрта асрларда Британия қироли фуқароларига хоҳлаганда солиқ солар, хоҳлаганда уруш бошлаб, ҳарбий харажатлар учун пули бор инсонларни солиққа тортар эди. Шундай вақт келиб, лордлар ва бир гуруҳ одамлар келишиб, қиролнинг имкониятларини чеклаш учун бир муассаса ташкил қилишган ва унинг номи парламент дейилади. Парламентнинг асосий функцияси, биринчидан, кимни ва қанча миқдорда солиққа тортиш ҳақида маслаҳатлашган ҳолда қарор қабул қилиш бўлган. Яъни қирол солиқларни парламент билан келишиши керак”, – дея ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

Шу тариқа, солиқ масалалари – парламентнинг энг бирламчи функцияси ҳисобланади. Ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш, барча жабҳалардаги қонунларни қабул қилиш каби ваколатлар кейинчалик вужудга келган.

“Ҳозир парламентларнинг ваколатлари ва иш кўлами жуда кенг. Лекин барча демократик мамлакатларнинг конституциясида солиқ масалалари фақатгина парламент ваколатидаги масала сифатида белгиланган. Бошқа бўғинлар, масалан, ижро ҳокимияти ёки судлар солиқ солиш ёки бюджет тақсимлаш ваколатига эга эмас”, – дейди Беҳзод Ҳошимов.

Интервюни тўлиқ шаклда видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид