Жаҳон | 18:50 / 21.02.2025
1950
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг махсус вакили агар гаровга олинганлар қайтарилмаса, ҲАМАС йўқ қилинишини айтди

Адам Бёлер сўзларига кўра, ҲАМАС гаровга олинганларни қайтариши лозим, акс ҳолда жиддий таҳдидга дуч келади.

Фото: Anadolu Agency

АҚШ президенти Доналд Трампнинг гаровга олиш масалалари бўйича махсус вакили Адам Бёлер Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини Ғазо секторида сақланаётган барча одамларни қайтаришга чақирди.

«Агар ҲАМАС ўрнида бўлсам, гаровга олинганларнинг барчасини озод қилган бўлардим, акс ҳолда бу ҳаракат йўқ бўлиб кетиш хавфи остида», деди Бёлер CNN телеканалида.

Бир кун аввал ҲАМАС гаровга олинганлардан 4 нафарининг жасадини Исроилга топширди. Улар тўрт киши, жумладан, икки бола, уларнинг онаси ва кекса эркак эди. Ҳаракат баёнотига кўра, уларнинг барчаси Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Ғазога берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.

Бироқ кейинроқ Исроил болалар ҳақиқатда «террорчилар томонидан асирликда ўлдирилганини» айтди. Бундан ташқари, ДНК таҳлили шуни кўрсатдики, Фаластин даъволарига зид равишда, болаларнинг онаси Шири Бибас топширилган жасадлар орасида йўқ. ҲАМАС ўз навбатида, бу айбловларни текширишини таъкидлади ва жасадлар билан «хатолик» бўлиши мумкинлигини тан олди.

1 февраль куни ҲАМАС Бибаслар оиласининг омон қолган ягона аъзоси, болаларнинг отаси Ярденни асирликдан озод қилган эди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ 19 январдан кучга кирди. Шартнома уч босқични назарда тутади. Биринчисида, гуруҳ Исроил қамоқхоналаридаги 1500 нафар фаластинлик маҳбуслар эвазига 33 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиши керак. Шартлари ҳали аниқланмаган иккинчи ва учинчи босқичларда эса маҳбусларни алмашиш давом этади. Учинчи босқич, шунингдек, қуролли можаролар пайтида вайрон бўлган Ғазо сектори инфратузилмасини тиклашни бошлаши керак.

Мавзуга оид