Россия Ғарбда музлатилган активлари Украинани қайта тиклаш учун йўналтирилишига рухсат бериши мумкин
РФ қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин Ғарб давлатлари Россиянинг 300 млрд доллардан зиёд суверен активларини музлатиб қўйган. Reuters манбаларига кўра, Россия тинчлик сулҳи доирасида ушбу маблағлардан Украинани тиклашда фойдаланилишига рухсат бериши мумкин.

Фото: AFP/Getty Images
Россия музлатилган 300 миллиард долларлик активлари Украинани қайта тиклаш учун йўналтирилишига рози бўлиши мумкин, бироқ маблағларнинг бир қисми РФ назорат қилаётган ҳудудларга сарфланишини талаб қилади. Бу ҳақда учта манбасига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, ушбу ғоя ҳозирча дастлабки босқичда. У Россия ва АҚШнинг Саудия Арабистонидаги музокараларида муҳокама қилинган ёки қилинмагани ҳам номаълум.
Москвадаги мунозаралардан хабардор манбалардан бирининг маълум қилишича, Россия музлатилган маблағларининг учдан икки қисми тинчлик сулҳи доирасида Украинани қайта тиклашга, қолган маблағлар эса Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларни тиклаш учун йўналтирилишига рози бўлиши мумкин. Reuters суҳбатдошларининг таъкидлашича, қайта тиклаш бўйича бўлажак шартномаларни қайси компаниялар қўлга киритиши муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Кремлга яқин, аммо музокараларда бевосита иштирок этмаётган манбага кўра, Россия санкцияларнинг босқичма-босқич юмшатилиши доирасида барибир активларининг блокдан чиқарилишини талаб қилади.
2022 йилда РФ қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин Ғарб давлатлари Россиянинг 300 миллиард доллардан зиёд суверен активларини музлатиб қўйган. Маблағларнинг катта қисми Европа депозитарийларида сақланади. Украина иттифоқчилари уруш бошланганидан бери музлатилган Россия маблағларини мусодара қилиш ва уни Киевга ёрдам учун юбориш имкониятини муҳокама қилиб келади.
2024 йил июнда G7 давлатлари етакчилари Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадлар ҳисобидан Украинага 50 миллиард доллар тақдим этишга келишиб олганди. Ўз навбатида Кремл Ғарбнинг Россия активларини мусодара қилиш режасини давлат ва хусусий мулкка тажовуз, шунингдек, ноқонуний ҳаракат деб атаган.
Жаҳон банкининг баҳолашича, Украинани қайта тиклаш учун 486 миллиард доллар талаб этилади.