Ўзбекистон | 20:02 / 21.02.2025
3318
5 дақиқада ўқилади

21 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўта оғир жиноятда айбланаётгани рад этилган Мубашшир Аҳмад, хусусийлаштирилиши тақиқланаётган парклар ва хиёбонлар, армияда очилаётган дронлар ва сунъий интеллект бўлинмалари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мубашшир Аҳмад ўта оғир жиноятда айбланаётгани рад этилди

Адвокатлар таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) ўта оғир жиноятда айбланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ички ишлар вазирлиги аввалроқ у Жиноят кодексининг 244–2-моддаси — экстремистик ташкилотларда иштирок этиш билан айбланаётганини тасдиқлаган эди. Бироқ ҳимоячиларга кўра, унга нисбатан аслида 244–3-модда (диний материалларни тарқатиш тартибини бузиш, шу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланганидан сўнг моддаси) бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, бу ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланади.

Шунингдек, суд 2023 йил ноябрда Турсуновни қамоққа олиш ҳақидаги илтимосни рад этган. Ҳозирда унинг бир хатти-ҳаракати учун икки марта жавобгарликка тортилиши юзасидан шикоят аризалари киритилган.

Алламжоновнинг ёрдамчиларига нисбатан маъмурий иш бекор қилинди

Олий суд Комил Алламжоновга суиқасддан сўнг қамоққа олинган ёрдамчиларига нисбатан маъмурий ишни ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли тугатди.

Илгари 7 нафар шахс майда безорилик ва ички ишлар ходимига бўйсунмасликда айбланиб, 15 суткага қамалган эди. Суд далиллар етарли эмаслигини инобатга олиб, уларга нисбатан чиқарилган қарорларни бекор қилди.

Шунингдек, иш юзасидан далилларни тўпламаган ИИБ ходими ва бунга эътибор бермаган судяларга нисбатан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Судялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқарилди.

Истироҳат боғлари ва хиёбонлар хусусийлаштирилмайди

Сенат истироҳат боғлари, хиёбонлар ва ботаника боғларини хусусийлаштиришни тақиқловчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат мазкур ҳудудларда бино ва иншоотлар қурилишини ман этиш ҳамда бу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.

Қонунга мувофиқ, маданий ҳордиқ масканлари, сайилгоҳлар ва улардаги дарахтлар муҳофаза қилинади, ер участкаларидан фойдаланишнинг рухсат этилган турлари аниқ белгиланади. Шунингдек, ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилади.

Қонун Ер кодексига алоҳида боб қўшиш орқали ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш тизимини жорий этади. Бу чоралар ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва шаҳарсозлик қоидаларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Армияда дронлар ва сунъий интеллект бўлинмалари

Президент Шавкат Мирзиёев 21 феврал куни мудофаа ва ҳарбий хавфсизлик бўйича йиғилиш ўтказиб, Ўзбекистон армиясини модернизация қилишга оид янги вазифаларни белгилади.

Йиғилишда миллий армиянинг жанговар шайлиги ошгани, янги технологиялар жорий этилаётгани таъкидланди. Президент армияни сунъий интеллект, дронлар ва кибертузилмалардан самарали фойдаланишга тайёрлаш зарурлигини қайд этди. Шу мақсадда, дронлар ва уларга қарши курашиш бўлинмалари, сунъий интеллектга асосланган автоматлаштирилган қўшин бошқарув тизими ташкил этилади.

Бундан ташқари, ҳарбий таълимни такомиллаштириш, мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон ЖСТ аъзолигига яқинлашмоқда

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишига узоғи билан бир йил қолгани маълум қилинди. Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновга кўра, мамлакат 2026 йил март ойи охиригача расман ташкилотга қўшилади.

Женевадаги ЖСТ бош кенгаши йиғилишида 16 давлат, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Британия Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Лондонда бўлиб ўтган музокараларда Британия расмийлари мамлакатнинг аъзолик жараёнига кўмаклашишини тасдиқлади.

ЖСТ саммити 2026 йил март ойида Камерунда бўлиб ўтади ва унгача Ўзбекистоннинг аъзолиги расмийлашиши кутилмоқда.

8 март муносабати билан дам олиш кунлари

Ўзбекистонда 8 март — Хотин-қизлар куни шанбага тўғри келгани сабабли дам олиш куни 10 март, душанба кунига кўчирилади. Шу боис ҳафтасига 5 кун ишловчи фуқаролар 8, 9 ва 10 март кунлари кетма-кет уч кун дам олади.

Ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун эса фақат шанба (8 март) ва якшанба (9 март) дам олиш куни бўлади, 10 март душанба куни эса улар учун иш куни ҳисобланади.

Меҳнат кодексига кўра, ишланмайдиган байрам куни дам олиш кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Бу йилги иш вақти тақвими ҳам шу тартибда тасдиқланган.

Мавзуга оид