Мисрда 100 йил ичида илк бор фиръавн қабри топилди. Унда Тутмос II дафн этилган
Тутмос II ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Олимлар ҳатто унинг ҳукмронлик даври ҳақида ҳам баҳслашади.
18 феврал куни Буюк Британия ва Миср археологлари Фива қабристонида милоддан аввалги 1500 йиллар атрофида Қадимги Мисрда ҳукмронлик қилган фиръавн Тутмос II қабрини топди. Бу ҳақда Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълум қилди.
Топилма 1922 йилда Тутанхамон қабри кашф этилганидан кейинги илк фиръавн қабри бўлди, дейди вазирлик раҳбари Шариф Фатҳи.

Мақбаранинг асосий йўлагига кириш жойи 2022 йил октябр ойида Луксор (қадимги Фива) атрофидан топилган. Дастлаб олимлар бу мақбара Тутмослар сулоласига мансуб қироллик оиласи аъзоларидан бирига тегишли бўлиши мумкин, деб тахмин қилган. Чунки унга яқин жойда Тутмос II нинг рафиқаси — унинг вафотидан сўнг тахтга чиққан малика Хатшепсут мақбараси, шунингдек, Тутмос II нинг ўғли фиръавн Тутмос III нинг хотинлари мақбараси жойлашган эди.
Янги қазишмалар натижасида бу қабр фиръавн Тутмос II нинг ўзига тегишли экани аниқланди. Бунга топилган ашёлар, айниқса, марҳум Тутмос II ва малика Хатшепсутнинг номлари битилган алебастр кўзалар бўлаклари далил бўлмоқда.

Бундан ташқари, археологлар фиръавннинг дафн жиҳозлари қолдиқларини топди. Топилган парчалар орасида кўк рангли ёзувлар туширилган сувоқ қолдиқлари, шунингдек, Қадимги Миср фиръавнларининг мақбараларида учрайдиган “Ам-Дуат китоби” тасвирлари мавжуд.
Фиръавн Тутмос II дафн этилганидан кўп ўтмай, сув тошқини содир бўлиб, қабрнинг ички қисмига жиддий зарар етган. Тадқиқотчилар сув тошқинидан кейин қабр ичидаги нарсалар бошқа жойга кўчирилганини аниқлади.
Тутмос II нинг мумиёси 1881 йилда Фива некрополидаги Дайр ал-Баҳри яширин қабрида топилган. N+1 нашрининг ёзишича, бу яширин жойда ўнлаб мумиёланган инсон қолдиқлари, жумладан, фиръавнлар Тутмос III, Сети I, Рамзес II ва Рамзес III нинг мумиёлари сақланиб келган. Тутмос II нинг дастлабки дафн этилган жойи эса шу пайтгача номаълум бўлиб келаётганди.
Тутмос II ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Олимлар ҳатто унинг ҳукмронлик даври ҳақида ҳам баҳслашади: баъзилар у тахминан уч-тўрт йил, бошқалари 14 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган, деб ҳисоблайди. Янги топилма ҳам Тутмос II ҳаёти ҳақида деярли ҳеч нарса айтмайди.
Мавзуга оид

16:59 / 06.03.2025
Шавкат Мирзиёев 6 та давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

14:29 / 05.03.2025
Хитойда Буюк Хитой деворидан ҳам қадимийроқ девор топилди

10:14 / 05.03.2025
Араб саммити Мисрнинг Ғазо сектори бўйича режасини қўллаб-қувватлади

22:23 / 19.02.2025