Жаҳон | 19:08 / 19.02.2025
23690
6 дақиқада ўқилади

«Давлатни сотолмайман» — Зеленский катта матбуот анжумани ўтказди

Украина президенти Володимир Зеленский 19 феврал кунги брифингда, АҚШ ва Россия вакилларининг Саудия Арабистонидаги музокараларига муносабат билдирди, нима учун АҚШнинг фойдали қазилмалар бўйича таклифини рад этганини айтди. Шунингдек, Украинада сайлов ўтказишга чақирган Трампга жавоб қайтарди.

Фото: Tetiana Dzhafarova / Reuters / Scanpix / LETA

Украина президенти америкалик ҳамкасби Доналд Трампнинг даъволари ва Россиянинг босимига жавоб берди. Қуйида Володимир Зеленский нутқининг асосий тезислари келтирилган.

Трампнинг ўз рейтинги 4 фоизга тушиб қолгани ҳақидаги даъвосини дезинформация деб атади.

«Агар кимдир мени ҳозироқ алмаштирмоқчи бўлса, бу ҳозир иложсиз. Биз менинг рейтингим 4 фоиз эканлиги ҳақидаги дезинформацияни кўрдик. Биз унинг Россия томонидан тарқатилаётганини ҳам тушунамиз. Бизнинг қўлимизда бу рақамлар Америка ва Россия ўртасида муҳокама қилинганига доир далиллар бор. Ачинарлиси, президент Трамп… бу дезинформация муҳитида яшаяпти», — деди президент.

Украина фуқароларининг турли давлат етакчиларига бўлган ишончи ҳақида социологик маълумотларни эълон қилишни ваъда қилди.

Зеленский «яқин ҳафта-икки ҳафта ичида» украиналикларнинг унга, АҚШ президенти Доналд Трампга, Полша бош вазири Доналд Тускка, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ва бошқа иттифоқчи давлатлар етакчиларига бўлган ишончи даражасини очиқ эълон қилишини маълум қилди.

АҚШ Путинни кўп йиллик изоляциядан чиқаришга ёрдам бермоқда, деди Зеленский.

«АҚШ ва Россия Саудия Арабистонида ўз икки томонлама масалаларини муҳокама қилаётгани – уларнинг ҳаққи. Менимча, АҚШ Путинга кўп йиллик изоляциядан чиқишга ёрдам берди – кеча руслар билан уларни жабрланувчи сифатида кўриб гаплашишди. Трамп маъмурияти Россияга бўлган муносабатни юмшатди, урушни эса энди «можаро» деб атаяпти.

Мен Трамп жамоасида кўпроқ ҳақиқат бўлишини хоҳлардим. Чунки бу ишлар Украинага мутлақо ижобий таъсир қилмаяпти. Улар Путинни изоляциядан олиб чиқаётгани эса аниқ. Фикримча, Путин ҳам, россияликлар ҳам бу вазиятдан жуда хурсанд. Кеча аллақачон Россия жабрланувчи деган ишоралар пайдо бўлди. Бу — қандайдир янги нарса», — деди Зеленский.

Украина АҚШдан 67 млрд долларлик қурол-яроғ ва бюджетга 31,5 млрд долларлик ёрдам олган.

Володимир Зеленский Украина Россияга қарши урушда 320 млрд доллар сарфлагани, шундан 200 млрд доллар халқаро ҳарбий ёрдам бўлгани, АҚШ эса кенг кўламли босқин бошланганидан бери Украинага 67 млрд долларлик ҳарбий ёрдам тақдим этганини маълум қилди.

Президент АҚШ Украинани урушдаги умумий ёрдамнинг 90 фоиз билан таъминлагани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ишора қилди.

«Ёрдамнинг 90 фоизи АҚШдан келган деган гаплар бўлаяпти. Биз билан ҳақиқат бироз бошқача эканлигини тушунамиз. Биз, албатта, ёрдам учун миннатдормиз, аммо 500 млрд доллар ҳисоблаб, эвазига шунча қийматдаги фойдали қазилмаларни талаб қилиш жиддий эмас. Уруш Украинага 320 млрд долларга тушди, шундан 120 млрдини украиналиклар ўзлари тўлади, яна 200 млрдини эса АҚШ ва Европа», деди Зеленский.

«Украина Россиядан ҳеч қандай хавфсизлик кафолати истамайди».

Президент хавфсизлик кафолатлари фақат НАТО иттифоқчиларига боғлиқ эканини таъкидлади. «Бизга рус контингенти керак эмас. Руслардан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам керак эмас. Биз айнан улардан ҳимоя қилишни сўраяпмиз, шунинг учун ҳам фақат иттифоқчиларимизга мурожаат қилаяпмиз», — деб тушунтирди Зеленский.

Украина 2025 йилда урушни тугатиш учун жорий йилда хавфсизлик кафолатларини олишни хоҳлайди, деди Зеленский.

Украина армияси учун керакли қурол-аслаҳанинг 30 фоизини аллақачон ўз ишлаб чиқариш ҳажми ҳисобига таъминламоқда ва бу кўрсаткични оширишни режалаштирмоқда.

«Биз бугун ўз эҳтиёжимизнинг 30 фоизини ишлаб чиқаряпмиз. Бу ҳали етарли эмас, лекин жуда катта миқдор. Ва бу, айни пайтда, Европа давлатларининг ҳар бирида ишлаб чиқарилаётган миқдорга қараганда кўпроқ», — деди Украина президенти.

Украина мудофаа-саноат комплекси асосий эътиборни дронлар, радиоэлектрон кураш воситалари ва артиллерия ишлаб чиқаришга қаратмоқда.

Зеленский Мудофаа кучлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталарга муҳтож экани ва Украина Patriot тизими учун ўз ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича лицензия олмоқчи эканини билдирди.

Украина ноёб металлар бўйича жиддий ҳужжатларга тайёр.

Зеленский АҚШ билан ресурсларга кириш бўйича битим тузишга тайёрлиги, лекин бунинг эвазига Киев хавфсизлик кафолатлари талаб қилаётгани, АҚШ таклиф қилган ҳужжатда эса бу ҳақда ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади.

«АҚШ нодир металлар бўйича ноаниқ таклиф берди. Ҳеч қандай хавфсизлик кафолати кўрсатилмаган. Биргина аниқ нарса — улар барча металларнинг ярмига эга бўлишни хоҳлайди. Мен «Келинглар, фоизларни ёзамиз. Мен Украинани ҳимоя қиляпман, давлатни сотолмайман», дедим. Ҳаммасини шу. Ижобий томондан қараш учун мен: «Сиз қандайдир кафолатлар ёзасиз, биз эса қандайдир фоизлар ёзамиз», дедим. Менга «фақат 50 фоиз», дейишди. Мен эса: «Okay, no» дедим. Энди бу масалани юристлар муҳокама қилади. Аслида, биз бундан қўрқмаймиз ва бу ҳужжатни жамоатчиликка тақдим қилишга тайёрман», — деди Зеленский.

Зеленский Кит Келлогнинг Киевга ташрифи ҳақида изоҳ бериб: «Мен учун у Киев бўйлаб юришининг ўзи жуда муҳим» деди.

«Келлог аллақачон Киевнинг 20-30 фоизи йўқлигини айтди. Ҳаммаси вайрон бўлган. Мен у буларни ўз кўзи билан кўришини хоҳлайман», — деди Зеленский журналистларга. У шунингдек, АҚШ махсус вакили билан бирга фронтга боришга тайёрлигини билдирди ва Бош резведка бошқармаси ҳамда Украина хавфсизлик хизмати раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилишини маълум қилди.

Мавзуга оид