Жаҳон | 23:06 / 19.02.2025
12827
5 дақиқада ўқилади

Трампдан Путинга навбатдаги «совға»: АҚШ президенти Зеленский сайловда енгилишига ишора қилди

Бугун 19 феврал. Ўртоқлар, ишонинг, биз тарихда қоладиган, мактаб дарсликларида бир нечта параграф ажратиладиган даврда яшаяпмиз. Йиллар ўтиб набираларингиз Европадаги икки энг йирик давлат ўртасидаги уруш ҳақида тарихий кино кўраётганда, болам, бу кунлар кечагидай эсимда, деб мақтаниб айта оласиз.

Дунё сиёсатида бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатинг, керак бўлса, кундалик тутиб, ёзиб боринг. Энг яхшиси эса Kun.uz YouTube-каналидаги видеоларни ўтказиб юборманг. Биз воқеаларни ихчам, сизга қулай форматда етказиб борамиз. Илтимос, видеога like босиш эсингиздан чиқмасин.

«Совға»

АҚШ президенти Доналд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путинни хурсанд қиладиган гапларни айтишда давом этмоқда. Навбатдаги чиқишида Трамп уруш бошланишида Украинани айблади ва Зеленский президентлик сайловларида ғалаба қозона олмаслигига ишора қилди. Бу Трампнинг сўзлари эканини айтмасак, уни Думанинг навбатдаги мажлисида Вячеслав Володин айтди деб ўйлашингиз ҳеч гап эмас. Журналистларни навбатдаги марта Мар-а-Лагодаги «дача»сига йиғган Трамп унча-мунча «Единая Россия» депутатининг нутқини доғда қолдирадиган тарихий нутқ сўзлади.

АҚШ президентига кўра, Киевда уч йил давомида Россия билан музокара ўтказиш имкони бўлган ва шу сабаб Украина Саудиядаги музокараларга чақирилмаган. Энг қизиғи, Вашингтон вакиллари Ар Риёздаги Россия ва АҚШ учрашувини уруш муҳокамаси эмас, деганди. Трамп ва мулозимларининг гапи навбатдаги марта бир-бирига тўғри келмаяпти.

Республикачи бунгача ҳам Зеленский уруш бошланишининг айбдори деган, лекин унда Зеленскийни Путин билан бирга айблаганди. Кечаги чиқишида Трамп илк марта уруш бошланишида тўғридан тўғри Украинани айблади, бу давлатга бостириб кирган қўшниси Россияни эмас. «Урушни бошламаслигингиз керак эди, келишса бўларди», деди сиёсатчи.

Трампнинг яна бир можароли гапи Украинадаги сайлов билан боғлиқ бўлди. Биласиз, Путин охирги бир неча ой давомида Украина президенти Зеленский нолегитим экани ҳақида гапириб келади. Ахир чиндан Украинада 2024 йил сайлов ўтказилиши белгиланган, бироқ уруш сабаб Киев сайловни бекор қилганди. Энди Трамп ҳам Москвага хуш ёқадиган бу риторикани такрорлашга киришди. «Украинада анчадан бери сайлов бўлгани йўқ, Зеленскийнинг рейтинги 4 фоизгача қулаган», деди Трамп. Бироқ бу рақамларни қаердан олганини айтмади.

Володимир Зеленский тезда Трампнинг бу гапига жавоб қайтариб, ҳозир уни алмаштиришга уриниш ўхшамаслигини айтди. «Бугун тонгда Киев халқаро ижтимоий институтининг натижалари эълон қилинди. Унда менга ишонч рейтинги 57 фоиз этиб белгиланган. Шундай экан кимдир ҳозир мени алмаштирмоқчи бўлса, бунга эриша олмайди», деди Зеленский.

Украина президенти Трампга унинг рейтинги 4 фоизгача қулагани ҳақида дезинформация Россия томонидан тақдим этилганини айтди. Шунингдек, Россияга ўз ерларини топшириш эвазига келишув имзолашни Украина аҳолисининг 1 фоизигина қўллашини қўшимча қилди. Зеленскийга кўра, у Трампнинг Украина бўйича вакили Келлог билан фронтга бориб ҳарбийлар билан гаплашади, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугаганини кўрсатади.

«Пуллар қани?»

Доналд Трампнинг яна бир гапи муҳокамаларга сабаб бўлди. У АҚШ Украинага 350 миллиард доллар берганини айтиб, бу пулларнинг ҳисобини сўради. Украиналик журналистлар бу борада Зеленскийдан изоҳ сўрашди.

«Уруш Украинага 320 миллиард долларга тушди. Шундан 120 миллиардини Украина халқи берди. Украина ва Европа Иттифоқи гарданига умумий ҳисобда 200 миллиард доллар тушди. АҚШ эса бизга 67 миллиард долларлик қурол-яроғ, шунингдек, бюджет учун 31,5 миллиард доллар ёрдам берди», деди Зеленский.

Путин билан учрашув яқин

Флоридадаги қароргоҳида ўтган брифингда Трамп Путин билан тез орада учрашишини айтди. «Балки феврал охиригача у билан кўришарман. Бу катта эҳтимол Саудия Арабистонида бўлади», деди Трамп.

Сўзи охирида Трамп АҚШ Путинга ёрдам бермаётгани, уни босимдан халос қилиш учун ҳеч нима қилмаганини айтди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид