Жаҳон | 13:00 / 18.02.2025
2008
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: АҚШнинг Украина ҳақидаги баёнотлари «Путин учун ёқимли»

Пентагон раҳбарининг Киев Донбасс ва Қримни қайтариб ололмаслиги ҳақидаги баёнотлари «жуда умумийдир», деди Зеленский.

Фото: Andreas Stroh / Zuma / Scapix

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ва Доналд Трамп маъмурияти бошқа вакилларининг Украинанинг Россия Федерацияси томонидан унга қарши очилган урушдаги позицияси ва Киевнинг ғалаба қозониш истиқболлари йўқлиги ҳақидаги баёнотларини танқид қилди. Бу ҳақда Украина раҳбари Германиянинг ARD медиакомпанияси журналисти Сандра Майшбергер билан Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида суҳбат чоғида айтиб ўтди. Интервью 18 феврал, сешанба куни эфирга узатилган Майшбергер ток-шоусининг сўнгги қисми бўлди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «муаммо шундаки, Қўшма Штатлар бугун Путинга жуда ёқадиган гапларни айтмоқда». Украина раҳбарининг фикрича, Вашингтон Россия президентини «маъқулламоқчи». «Биласизми, нима учун? Учрашиш ва тезда муваффақиятга эришиш учун. Лекин улар истаган нарса - шунчаки ўт очишни тўхтатиш бу - муваффақият эмас», — деди Зеленский.

Шу билан бирга, Украина президенти АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг Украинанинг мамлакат халқаро тан олган чегараларига ҳарбий йўл билан қайтиши имкони йўқлиги ҳақидаги баёнотларини «жуда умумий» деб атади. «Мудофаа вазири тафсилотларга чуқурроқ кириб бориши керак. Менимча, бунинг учун унга вақт керак», — деди Украина раҳбари.

Ўша интервюда Зеленский агар Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга қабул қилинса, ўз ихтиёри билан президентлик лавозимидан воз кечишини айтди. «Агар Россия қўшинлари кетса ва бизда хавфсизлик кафолатлари бўлса, мен кейин керак бўлмай қоламан», — деган унинг сўзларидан иқтибос келтиради AFP. «Мен ўйлайманки, ўшанда мен ҳамма нарсага эришаман. Лекин бу амалга ошмагунча, мен ўз ватанимни ҳимоя қиламан».

Хегсет Қрим ва Донбасс қайтарилиши ҳамда НАТОга аъзоликни «хаёлий мақсадлар» деди

Хегсет Мюнхен хавфсизлик конференцияси арафасида НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Украина бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида Зеленскийнинг салбий муносабатига сабаб бўлган баёнотлар билан чиқди. Пентагон раҳбари Киевнинг Қрим ва Донбассни қайтариш истагини «хаёлий мақсад сари интилиш» деб атади, бу унинг нуқтайи назари бўйича урушни узайтиради ва янги азоб-уқубатларга олиб келади, деб хабар берди DW мухбири.

АҚШ Мудофаа вазири, шунингдек, Вашингтон «Украинанинг НАТОга аъзолиги келишув музокараларининг реал натижаси эканлигига ишонмаслигини» айтди.

Американинг янги маъмуриятига кўра, Украина учун хавфсизлик кафолати тинчликпарвар кучларнинг «европалик ва европалик бўлмаган қўшинлари» бўлиши мумкин, аммо улар орасида америкалик ҳарбийлар бўлмайди. АҚШнинг яна бир шарти шундаки, бу қўшинлар НАТО номидан ва Шимолий Атлантика алянси хартиясининг коллектив мудофаа тўғрисидаги 5-моддаси асосида ҳаракат қилмасликлари керак.

Мавзуга оид