Иқтисодиёт | 13:26 / 18.02.2025
2275
1 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистондаги хорижий компаниялар сони бўйича етакчига айланди

Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган Хитой компаниялари сони йиллик нисбатда қарийб 43 фоизга кўпайиб, 3 минг 467 тага етди. Мазкур даврда Россия (-76 та), Туркия (-32 та), Қозоғистон (-24 та), Жанубий Корея (-76 та) ва АҚШ (-11 та) капитали иштирокида ишлайдиган корхона ва ташкилотлар сони сезиларли даражада камайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2025 йилнинг 1 феврал ҳолатига, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 15 163 тани ташкил этмоқда. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 964 тага кўп.

Йил давомида Россия компаниялари сони 76 тага камайган, Хитой компаниялари сони эса 1035 тага кўпайган, натижада Хитой Ўзбекистондаги компаниялари сони бўйича Россияни ортда қолдириб, 1-ўринга кўтарилган.

Шунингдек, ўтган йилнинг 1 феврал ҳолатига нисбатан, Туркия капитали иштирокидаги компаниялар сони 32 тага, Қозоғистон капитали иштирокидаги компаниялар сони 24 тага, Жанубий Корея капитали иштирокидаги ташкилотлар сони 76 тага, АҚШ капитали иштирокидаги хорижий компаниялар сони эса 11 тага қисқарган.

2025 йилнинг 1 феврал ҳолатига, хорижий капитал иштирокидаги компанияларнинг энг юқори улушга эга бўлган давлатлар кесимидаги сони қуйидагича:

  • Хитой – 3 467 та;
  • Россия – 2 973 та;
  • Туркия – 1 869 та;
  • Қозоғистон – 1 060 та;
  • Жанубий Корея – 660 та;
  • АҚШ - 303 та.

 

Мавзуга оид