Жамият | 11:01 / 18.02.2025
1859
2 дақиқада ўқилади

5,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида жойлашган «П.М.Г.» МЧЖга қарашли АГТКШДА назорат тадбири ўтказилган. 

Фото: Ўзэнергоинспекция

«Ўзэнергоинспекция» хабар беришича, мутахассислар томонидан АГТКШнинг газ ҳисоблагичини кўздан кечиришга борилганда, шохобчанинг газ ҳисоблагичи ўрнатилган хонадан номаълум шахс қўлида ҳар хил кабеллар билан чиқиб, қочиб кетган.

Шундан сўнг газ ҳисоблагич кўздан кечирилганда ҳисоблагичнинг алоқа тармоғи (порти) узилмагани кузатилиб, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилганига шубҳа қилиниб, ҳисоблагич конфигурацияларини текширтириш учун ечиб олиниши билдирилганда, АГТКШ раҳбарлари томонидан тўсқинлик қилинган ва ҳисоблагични ечиб олишга қаршилик кўрсатилган.

Шу вақтда Сирдарё тумани ИИБ тезкор вакили келиб, «Ўзэнергоинспекция» мутахассиси А.Н.га тегишли автомашинани кўздан кечириб, шубҳали равишда номаълум модда топиб, воқеа жойидан мутахассисни олиб кетган.

Ҳолат юзасидан ўтказилган текширувларга кўра, (АГТКШнинг видеокамераларида қайд этилган лавҳаларга кўра) бу воқеа АГТКШга тегишли шахслар томонидан қасддан уюштиргани аниқланди.

Тадбир давомида жамиятга қарашли газ ҳисоблаш ускунаси маълумотлар базасига ташқи таъсир кўрсатилгани аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларига асосан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 млрд 740 млн сўмни (2,2 млн м3) ташкил этган. Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага юборилди.

Ушбу тадбиркорлик субъектида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш такроран содир этилган. Инспекция мутахассиси томонидан 2024 йилда мазкур АГТКШ раҳбарига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган иккита АГТКШда («С.А.Л.» ва «М.Г.» МЧЖлар) табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаб, жами 28,3 млрд сўмлик зарар ҳисоб-китоб қилинган.

Мавзуга оид