18 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Узун туманида рўй берган даҳшатли қотиллик, жазони ижро этиш масканларида вафот этган маҳбуслар, 2025 йил учун ажратилган Ҳаж квоталари ва битирувчиларни ишга жойлаштириш учун янги дастур — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Узундаги даҳшатли қотиллик
Сурхондарё вилояти Узун туманида даҳшатли қотиллик жинояти содир этилди. 15 феврал куни тунги соат 3 ларда Номаълум шахслар бир оила аъзоларини шафқатсизлик билан қатл қилиб, жасадларни ёқиб юборган.
Воқеа устидан чиққан қўшнилар аввал ёнғиндан хабар топиб, оловни ўчиришга ҳаракат қилишган, сўнгра уй ичида жасадларга дуч келишган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, марҳумлар — маҳаллий мактаб ўқитувчиси бўлган аёл ва унинг вояга етмаган ўғли экани аниқланган. Яна икки нафар вояга етмаган қиз фарзандлари тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига жўнатилган.
Тахминларга кўра, қотиллик ўткир буюм, эҳтимол, отвертка ёрдамида содир этилган. Оила бошлиғи чет элда бўлган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, вилоят ички ишлар бошқармаси терговни ёпиқ ҳолда олиб бормоқда.
Қамоқхоналарда икки маҳкум вафот этди
Олмалиқдаги 14-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган Муҳаммадқодир Пўлатов 15 феврал куни вафот этган.
Марҳумнинг онаси Нигора Қамбарова ўғлида соғлиқ муаммолари бўлмаганини, у спортчи эканини таъкидлади. Безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғил шу йил августида манзил колонияга чиқиши керак бўлган.
Колония маъмурияти маҳкум миокард инфаркти ва панкреатит оқибатида вафот этганини билдирди. Унинг онаси фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини айтмоқда.
Бош прокуратура ҳолат юзасидан маносабат билдирди: Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилиб, мутасадди ходимлар ва шифокорлардан ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган ва ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги 7-сонли колония маҳкуми Мустафо Турсунбоев ҳам ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, у бинодаги деворларни бузиш вақтида девор устига қулаган. 11 февралда жароҳат олган маҳкум 16 феврал куни шифохонада вафот этган. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси — меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳаж зиёрати учун 15 мингта квота
Саудия Арабистони Ўзбекистонга 2025 йилги Ҳаж зиёрати учун 15 мингта квота ажратганини маълум қилди. Бу ҳақда 18 феврал куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинди. Таққослаш учун: ўтган йили ҳам Ўзбекистонга шунча квота ажратилган эди.
Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа маълум қилишича, Умра зиёрати учун чеклов йўқ, яъни исталганча зиёратчи ташриф буюриши мумкин. Унга кўра, ўтган йили 500 мингга яқин ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширган.
Бироқ 37,5 млн аҳолига эга Ўзбекистон учун 15 минг квота камлиги борасида саволлар пайдо бўлди. 7,5 млн аҳолига эга қўшни Қирғизистон учун 6060 та квота ажратилган. Бир неча йил аввал Саудия расмийлари Ўзбекистон учун 24 мингта квота ажратилганини маълум қилган эди.
Саудия расмийларига кўра, Ҳаж квотаси Ўзбекистон ҳукуматининг мутасадди идоралари билан келишувга кўра белгиланган. Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистондан Ҳаж ва Умра зиёратига борувчилар сони 100 бараварга ошган.
Битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича янги дастур
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари битирувчилари учун ишга жойлашиш имкониятларини оширишга қаратилган «Келажакка қадам» дастури жорий этилмоқда.
Президент қарорига кўра, дастур доирасида талабаларга ўз бизнес ғояларини амалга оширишда тўлиқ қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, молиявий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, битирувчилар ва қуйи курс талабалари учун соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказилади, ғолиблар эса иш билан таъминланади. Шунингдек, йирик корхоналар ва салоҳиятли иш берувчиларнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ҳам йўлга қўйилади.
Ғолибларга индивидуал касбий таълим дастурлари асосида молиялаштирилган тайёргарлик курслари ташкил этилади. Бу дастур орқали ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим муассасаларида қисқа муддатли курсларда иштирок этиш имконияти яратилади.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси
Ўзбекистонда Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. У Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида иш олиб боради ва 100 млн долларлик фондга эга бўлади.
Жамғарманинг асосий вазифаси 50 мингдан ортиқ ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Шунингдек, дарё ва соҳил бўйларида бизнес лойиҳалар учун ер участкалари онлайн аукцион орқали ажратилади.
Жамғарма ҳузурида 10 млн долларлик венчур фонд ташкил этилади, бу ёшлар стартапларини молиялаштириш учун йўналтирилади. Энди ёш тадбиркорларга 2,5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар, стартап лойиҳалар учун эса 2 млрд сўмгача инвестиция ажратилиши режалаштирилган.
Охирги 8 йилда ёш тадбиркорлар сони уч карра ошган ва бугунги кунда бизнес соҳасининг 40 фоизини ёшлар ташкил этади. Ишсизлик кескин камайиб, мамлакатда 1 889 та ишсизликдан холи маҳалла пайдо бўлди.
Мавзуга оид

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025
6 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:22 / 05.03.2025
5 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:10 / 04.03.2025