Спорт | 17:50 / 17.02.2025
11174
2 дақиқада ўқилади

Ботир Раҳимов теннис федерациясига раис бўлди

Ушбу тадбиркор узоқ йиллар «Пахтакор» футбол клуби раҳбари бўлган, шунингдек, «Ўзбекистон» меҳмонхонасига эгалик қилганди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Тадбиркор, узоқ йиллар «Пахтакор» футбол клуби президенти сифатида фаолият юритган Ботир Раҳимов Ўзбекистон теннис федерациясига раис бўлди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

17 феврал куни Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ва Спорт вазирлиги иштирокида учта спорт федерациясининг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўрилган.

Жумладан, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси конференциясида Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов федерация раиси, Отабек Чориев, Андрей Абдувалиев ва Камолиддин Усмонов раис ўринбосарлари, Камолиддин Рўзмуҳаммедов эса бош котиб лавозимига сайланди.

Акмалхўжа Мавлонов

Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси тадбирида «Ўзмиллийбанк» АЖ бошқарув раиси Алишер Мирсоатов ассоциация раҳбари этиб сайланди. У бунгача  Ўзбекистон теннис федерацияси раиси эди.

Алишер Мирсоатов (ўнгдан иккинчи).

Алишер Мирсоатов ўрнига Ботир Раҳимов Ўзбекистон теннис федерациясининг янги раисига айланди.

Маълумот учун, Ботир Раҳимов 2001 йилда «Капиталбанк» хусусий банкини очган, узоқ йиллар «Пахтакор» футбол клубига раҳбарлик қилиб келган (2017 йилгача), «Ўзбекистон» меҳмонхонаси собиқ эгаси. Шунингдек, молия, суғурта, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш, қурилиш бизнеси, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган кўплаб компанияларга асос солган.

2016 йилда у миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни бўлган Бобур Усмоновнинг беваси Диёра Усмоновага уйланган.

Мавзуга оид