Ўзбекистон | 17:06 / 17.02.2025
11372
3 дақиқада ўқилади

Бухорода 1800 дан ортиқ йирик дарахтларни кўчириш бошланди – аҳоли бундан норози

Вилоят Экология бошқармаси "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау" автомобил йўлининг 20 километри таъмирга тушгани, шу сабаб ҳудуддаги 1824 дарахтни кўчириш бошлангани ҳақида маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Когон-Бухоро йўлида бир нечта йирик дарахтнинг ағдарилиб ётгани акс этган видео тарқалди. Видеодан кўринишича, аҳоли дарахтлар кўчирилаётганидан норози. Ҳолат бўйича шаҳар аҳолисидан Kun.uz’га ҳам норозилик мурожаати келган. Унда йўл бўйидаги дарахтларни жойида қолдириш сўралган. “Кесилган дарахтлар ёнидан ўтаётганимизда ёнимизда сайёҳлар ҳам бор эди. Улар бу ҳолдан шокка тушишди. Бухорода ўзи дарахт деярли йўқ. Борини ҳам йўқ қилишяпти. Бу ерда яшовчиларнинг айтишича, йўл қатнов қисмини кенгайтириш мақсадида дарахтлар олиб ташланаётган экан. Илтимос, дарахтларни йўқ қилишмасин”, – дейилади мурожаатда.

Ҳолат бўйича Экология бошқармаси расмий муносабат билдирган. Унга кўра, А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау" автомобил йўлининг 218-228 км (20 км) қисми таъмирга тушган. “Ҳудуддаги 1824 туп мевали ҳамда манзарали дарахтлар қонунчилик талаблари асосида холи ҳудудларга кўчириб ўтқазилмоқда. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарори 5-боб 33-бандига мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қиламиз”, – дейилган муносабатда.

Маълум бўлишича, 1824 туп дарахтнинг 151 тупи Боқий Бухоро мажмуаси ва Янги Ўзбекистон боғига кўчириб ўтқазилган ва қолган дарахтлар ҳам холи ҳудудларга кўчирилади.

Ҳолат бўйича Kun.uz мухбири вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати Маржона Шукурова билан боғланди. Унга кўра, видеода кўринган дарахтлар 15-17 йиллик. Шукурова кўчириш давом этаётганини айтди. Бироқ қолган дарахтлар қаерга кўчирилади, уларни кўчираётган компания дарахт кўчириб ўтқазиш бўйича қанча тажрибага эга, дарахтларнинг кейинги тақдири қандай бўлади каби саволларни очиқ қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг май ойида Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасидаги 30-70 ёшли дарахтлар Қибрай туманига рухсатсиз кўчирилгани ҳақида Kun.uz материал эълон қилган эди. Воқеадан 9 кун ўтиб прокуратура 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб кетилганини ниҳоят тасдиқлаб, жиноят иши очганди. 

Мавзуга оид