Жаҳон | 01:03 / 14.02.2025
2109
2 дақиқада ўқилади

Париж кўчаларидан бирига Алексей Навалний номи берилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган

Франция пойтахти мэрияси бир овоздан Париж кўчаларидан бирига россиялик марҳум мухолиф сиёсатчи Алексей Навалнийнинг номи берилишини тасдиқлади. Ушбу кўчадан 400 метр узоқликда Россия элчихонаси биноси жойлашган.

Фото: RFI

Париж муниципал ҳокимият органи шаҳарнинг 16-округидаги кўчаларнинг бирини россиялик сиёсатчи Алексей Навалний номи билан аташ тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Тегишли қарор учун Париж кенгашининг 163 нафар депутатининг барчаси овоз берган.

«Париж маъмурияти Алексей Навалнийни Владимир Путин диктатурасига қарши курашдаги роли учун эътироф этди», — дейилади Франция пойтахти мэриясининг баёнотида.

Навалний номи Avenue de Pologne’нинг тоқ рақамли қисмига берилди — энди у Avenue Alexeï Navalny деб аталади. «Новая газета»нинг ёзишича, кўча Россия элчихонаси биносидан 400 метр узоқликда жойлашган.

Фото: Google Maps

Мэрия Алексей Навалний кўчасининг очилиш маросими қачон бўлиб ўтишини ҳали билмасликларини айтган. Тахминларга кўра, бу бир неча ойдан кейин ташкил этилади.

Париж 16-округи кенгаши 2024 йил майда округдаги кўчалардан бирига Навалний номини беришни маъқуллаган эди. Париж мэрияси «қарор икки сабабга асосланганини маълум қилганди: тарихий жиҳатдан ушбу округ рус диаспораси яшайдиган ҳудуд ҳисобланади ва бу ерда Россия элчихонаси жойлашган».

«1932 йилда қабул қилинган шаҳар қарорига кўра, жамоат жойига ном беришдан олдин беш йиллик кутиш муддати белгиланган бўлсада, Париж кенгаши шахснинг ютуқлари ёки қўшган ҳиссаси аҳамияти сабабли истисно қилиш ҳуқуқига эга», — дейилади хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрда Лиссабонда россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний номига атаб мемориал ўрнатилганди. Учта тилда «Таслим бўлманг» сўзлари ёзилган ёдгорлик Россиянинг Португалиядаги элчихонасидан 100 метр узоқликдан жой олган.

Мавзуга оид