Жаҳон | 22:07 / 14.02.2025
14020
2 дақиқада ўқилади

Дамашққа миллиардлаб Сурия фунти ортилган самолёт учиб келди

Банкноталар Башар Асад даврида Россия корхонаси — Гознакда чоп этилган. Сурияда валюта дефицити кузатилмоқда. Мамлакат Марказий банки захиралари 200 миллион доллар атрофида.

Фото: Reuters

Сурия Марказий банки бортида Россиянинг Гознак корхонасида чоп этилган пуллар мавжуд юк самолёти Дамашқ аэропортига қўнганини маълум қилди. Регулятор аниқ суммани очиқламаган, аммо Reuters манбасига кўра, гап «юзлаб миллиардлар» ҳақида кетмоқда. «Ал-Хадас» канали манбалари самолётда олиб келинган маблағлар 300 миллиард Сурия фунтини (23 миллион долларга яқин) ташкил этишини билдирган.

Қайд этилишича, ушбу пуллар Башар Асад бошқаруви даврида чоп этилган, бироқ ағдарилишидан олдин уларни Сурияга етказишга улгурилмаган. Reutersʼнинг ёзишича, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи Россия корхонасига банкноталар чоп этишни тақиқлаб қўйган. Шу билан бирга, Сурия санкциялар туфайли ғарбдан банкнота чоп этишга буюртма бера олмайди.

Сурияда валюта дефицити кузатилмоқда. Мамлакат Марказий банки захиралари 200 миллион доллар атрофида. Фуқаролик уруши бошланишидан бир йил олдин — 2010 йилда Сурия захиралари Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, 18,5 миллиард долларни ташкил этган. Financial Times билан суҳбатлашган бизнесменлардан бирининг айтишича, одамлар пулларини банкка қўйишдан қўрқмоқда, чунки уларни қайтариб олишларига ишонмаяпти.

Мамлакатда энг кўп фойдаланиладиган ва ҳозирча муомаладан чиқарилмаган 2000 Сурия фунти банкнотасида Башар Асад тасвирланган — ўтган йилнинг декабр ойида у оиласи билан Россияга қочиб кетганди. Январ охирларида Сурия ҳукумати Москвадан Асадни топширишни талаб қилгани тўғрисида хабар берилган эди.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин биринчи марта Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа билан телефон орқали мулоқот қилгани тўғрисида хабар берилганди. Мулоқот давомида Россия етакчиси Суриянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, жумладан, инсонпарварлик ёрдами орқали ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Мавзуга оид