Жаҳон | 11:41 / 14.02.2025
6511
3 дақиқада ўқилади

«Бу Украина, Россия ва бошқа томонлар». Трамп — урушни якунлаш бўйича музокаралар иштирокчилари ҳақида

У хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида ҳам Россия ва Украина вакиллари учрашишини маълум қилган.

Фото: CBS News

АҚШ президенти Доналд Трамп 13 феврал куни Оқ уйда журналистларга Украина «шубҳасиз» Россия-Украина урушини якунлаш бўйича музокараларнинг бир қисми бўлиши ҳақида гапирди. Трампнинг бу ҳақдаги сўзларини CNN телеканали келтирган.

CNN мухбири Кейтлан Коллинзнинг Украина томони ҳам музокаралар столида бўладими, дея берилган саволига жавобан Трамп шундай деган: «Албатта, бўлади, демоқчиманки, улар бунинг бир қисми. Бу Украина, Россия, бошқа томонлар бўлиши керак... Бу ўйинда айрилишлар кўп, мен шундай деган бўлардим. Бу жуда қизиқ ҳолат, лекин Украинадаги уруш тугаши керак».

У шунингдек 14 феврал куни Германияда бошланадиган хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида америкалик расмийлар Россия ва Украина вакиллари билан учрашишини маълум қилган.

«Улар эртага Мюнхенда [Россия билан] учрашув ўтказади. Россия у ерда бизнинг одамлар билан бирга бўлади. Дарвоқе, Украина ҳам таклиф қилинган. У ерда айнан қайси давлатлардан кимлар бўлишини билмайман. Аммо Россия, Украина ва АҚШдан келган юқори даражадаги расмийлар бўлади», дея Трампнинг 13 феврал кунги сўзларини келтирган ТАСС.

Faridaily манбаси қайд этишича, «агар Трамп ҳеч нарсани чалкаштириб юбормаган бўлса, бу Россия ва Украина расмийларининг 2022 йилдан буён илк бор ошкора учрашиши бўлади».

Мюнхен конференцияси расмий дастурида эса Трамп айтган учрашувлар ўрин олмаган.

  • Доналд Трамп 12 феврал куни аввал Россия президенти Владимир Путин, кейин эса — Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Трамп урушни якунлаш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олинганини маълум қилди. Кремлдагилар музокараларда «асосий томон — АҚШ» экани, шу билан бирга «иккитомонлама Россия-Америка треки»га параллел равишда Украина ҳам жалб этилган музокаралар ўтказилишини билдирди.
  • Украина президенти Володимир Зеленский 13 феврал куни Киев АҚШ ва Россия ўртасида Украина иштирокисиз кечадиган келишувни қабул қилмаслигини айтди. У шунингдек музокараларда Европа вакиллари ҳам бўлишига умид билдирган.
  • Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси 14–16 феврал кунлари Мюнхенда бўлиб ўтади. Унда Украина президенти Володимир Зеленский ҳамда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс учрашиши кутилмоқда. Россиялик мулозимлар Мюнхен конференциясига 2022 йилдан буён ташриф буюрмаган.

Мавзуга оид