Жаҳон | 00:31 / 14.02.2025
6672
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг атом авиаташувчиси савдо кемаси билан тўқнашиб кетди

Американинг USS Harry S Truman авиаташувчиси Ўрта Ер денгизида Besiktas-M савдо кемаси билан тўқнашиб кетди. Ҳолат бўйича тергов бошланган.

Фото: Global Look Press

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Олтинчи флоти баёнотига кўра, тўқнашув 12 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 23:46 да, Ўрта Ер денгизида — Порт-Саид шаҳри яқинида (Миср) юз берган.

Авиаташувчи, жумладан, унинг двигател қисмига шикаст етмаган. Ҳолат бўйича тергов бошланган.

MarineTraffic сервиси маълумотларига кўра, Besiktas-M савдо кемаси Панама байроғи остида сузган. Кема Порт-Саиддан чиққан ва Руминиянинг Констанца портига кетаётган бўлган.

«Ҳарри Трумэн» авиаташувчиси охирги бир йил ичида Яқин Шарқдаги операцияларда фаол иштирок этди. 2024 йил декабрда у Яман ҳусийларининг савдо кемаларига ҳужумлари фонида минтақага сузиб келганди.

Ой охирларида эса америкалик ҳарбийлар Қизил денгиз устида ўз қирувчисини уриб туширгани маълум бўлган эди. «USS Harry S Truman авиаташувчи зарбдор гуруҳи таркибидаги USS Gettysburg ракета крейсер тасодифан зарба бериб, USS Harry S Truman авиаташувчисидан ҳавога кўтарилган F/A-18 Hornet самолётини уриб туширди», — дейилганди хабарда.

Мавзуга оид