14 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ёшлар билан учрашган президент, ёпиқ қолаётган метан қуйиш шохобчалари, Сирдарёда ўқитувчига тарсаки туширган она ва автоматик тайинланадиган пенсиялар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Сирдарёда мактабда ўқитувчига тарсаки туширилди
Сирдарё туманидаги 1-сонли мактабда ўқувчилар кўз ўнгида бир аёл ўқитувчига тарсаки туширгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Маълумотларга кўра, у ўқувчилардан бирининг онаси бўлиб, ўқитувчининг бўйнидан ушлаб, уни мактабда ишлашга нолойиқ ҳисоблаб, синфдан чиқиб кетишга мажбур қилган.
Тармоқ фойдаланувчиларининг даъво қилишича, ўқитувчи ўқувчилардан бирини уришган, шундан сўнг унинг онаси мактабга келиб, жанжаллашиб, ўқитувчига тарсаки урган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу ҳолат вазирлик назоратига олинганини маълум қилди. Ҳозирда ҳодиса юзасидан махсус ишчи гуруҳ текширув ўтказмоқда.
Бу воқеадан бир кун аввал Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева президент фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани маълум қилинган эди.
Метан яна тақчиллашади
Ўзэнергоинспекция 9-12 феврал кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида метан шохобчаларга газ етказиб бериш вақтинча қисқартирилганини маълум қилди. Ўзэнергоинспекция қисқаришга “ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши”ни сабаб қилиб кўрсатган.
Пойтахт Тошкент шаҳрида сўнгги 4 кундан буён, водий вилоятларида 2025 йилнинг дастлабки ҳафтасидан буён шохобчаларда метан гази сотилмаяпти. Оқибатда бензин шохобчаларида узундан узоқ навбатлар ҳосил бўлган, кўчаларда йўлкира нархи кўтарилган.
Аввалроқ, 10 феврал куни Бухоро вилоятидан ўтган магистрал газ қувурида авария рўй берган эди. Энергетика вазирлиги шу куни ёнғин тўлиқ ўчирилганини маълум қилган эди. Бироқ «Ўзтрансгаз» авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилгани ҳақида ҳозиргача аниқ хабар берганича йўқ.
Ўзэнергоинспекция ахборотида “ҳаво кескин совиб кетган даврларда” табиий газ биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказилади, газ қувурлари ва қурилмаларидаги босим меъёр даражасига кўтарилганидан сўнггина босқичма-босқич шохобчаларга ҳам тўлиқ етказиб берилиши белгилангани» айтилмоқда.
Ўзбекистонда пенсия автоматик тарзда тайинланади
Депутатлар пенсияни проактив тарзда тайинлаш тизимига ўтиш бўйича қонунни биринчи ўқишда қабул қилди.
Унга кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролар пенсия ёшига етганда ариза топшириши шарт бўлмайди, жараён автоматлаштирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, бу ҳар йили 250 мингга яқин кишининг Пенсия жамғармаси ва давлат хизматлари марказларига бориш заруратини бартараф этади. Шунингдек, фуқароларга пенсия тайинланиши ёки ҳужжатлар тақдим этиш зарурлиги ҳақида SMS-хабарнома юбориш тартиби ҳам жорий этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотида меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётгани, 2030 йилга бориб бу рақам 1 миллион нафарга етиши кутилаётгани таъкидланди.
Шу боис, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 3 та муҳим қарор қабул қилинди.
Биринчидан, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар ажратилди. Иккинчидан, олийгоҳ битирувчиларининг бандлигини таъминлаш учун Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс ажратилди. Учинчи қарорга кўра, Алоқабанк 200 миллион доллар маблағ билан ёшлар бизнесини қўллаб-қувватловчи «ёшлар банки»га айлантирилади.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва кичик бизнес эгаларига 5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар, ўзини ўзи банд қилган ёшларга 100 млн сўмгача микроқарзлар ажратилади. Хотин-қизлар тадбиркорлиги учун банк кредитларининг камида 30 фоизи йўналтирилади.
Ўзбекистон ва Тожикистон расман иттифоқчи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилиши ҳақидаги келишув 2024 йил апрел ойида Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифи давомида эълон қилинган эди.
Президент Имомали Раҳмон билан учрашувда бу келишув икки давлат алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланган.
Мавзуга оид

21:01
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025
6 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:22 / 05.03.2025