Ўзбекистон | 14:26 / 13.02.2025
2577
4 дақиқада ўқилади

Президент олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди

Президент Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ушбу бўлимларга вилоят ҳокимлари раҳбарлик қилиши белгиланди. Шунингдек, спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 млрд сўм ажратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 феврал куни олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётган спорт турларига алоҳида тўхталди. 

Масалан, бадминтонда бирорта лицензия қўлга киритилмаган. Камондан отиш спорт тури бўйича бор-йўғи 3 та лицензия олинган.

Олимпия ўйинларида енгил атлетика турлари бўйича 48 та дастур бор. Лекин енгил атлетика федерацияси сўнгги олимпиадада 5 та лицензия қўлга киритди, холос. 

Ядро, диск, найза улоқтириш, сакраш спорт турларида бирорта лицензия олинмади. Ёки, 49 та сув спорти дастуридан бор-йўғи 4 таси бўйича лицензия қўлга киритилган.

Ўқ отиш спортини ривожлантириш учун мудофаа тизими ва «Ватанпарвар» ташкилотида барча шароит яратилган. Лекин ўзбекистонлик бирорта спортчи Олимпиадага бормади.

Мамлакатда яккакураш спорт турлари, миллий кураш ривожланган бўлса-да, юнон-рум кураши бўйича атиги 3 та лицензия олинган. 

Ўтган йили байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати илк бор юртимизда ўтказилди. Лекин унда юртимиз бирорта ҳам медаль қўлга киритмади.

Ҳокимларнинг ҳам бу борадаги масъулияти умуман сезилмаётгани қайд этилди. Улар спорт федерацияларининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини танимаслиги, спортчи ва тренерларни қабул қилмаслиги, спортчилар халқаро мусобақада натижа қилганидан кейингина бундан хабар топиши кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ўтган йили олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида спортчиларимиз 58 та медаль қўлга киритди. Лекин Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё спортчилари бу чемпионатларда бирорта ҳам медаль олмаган.

Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган лицензиялар Навоий  ва Қорақалпоғистонда энг кам.

Шу боис ёндашувларни ҳозирдан ўзгартириб, ёшларни спортга, айниқса, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни селекция қилиш, иқтидорли спортчи ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Спортда адолат ўрнатиш, спортчи ва мураббийларга манфаат олиб келиш ва соҳани рақамлаштириш мутасаддилар, спорт федерациялари раҳбарлари ва ҳокимлар фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиши белгилаб олинди.

Мажлисда давлат раҳбари олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини такомиллаштириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурган.

Лос-Анжелесдаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Таъкидланишича, Миллий Олимпия қўмитасига президент раҳбар бўлганидек, ҳудудий бўлимларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади.

Ҳокимлар ҳар бир федерация билан ишлаб, олимпия цикли учун махсус стратегиясини ишлаб чиқади ва Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида ҳимоя қилади.

Барча спорт федерациялари раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари амалга ошираётган ишлари ва эришган натижалари ҳақида ҳар ойда Олимпия қўмитасида ҳисобот беради.

Спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Бу йилнинг ўзида камида 10 нафардан спортчи ва мураббийларни энг нуфузли хорижий спорт академияларида ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид