Ўзбекистон | 22:07 / 12.03.2025
2181
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

Елисей саройида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон музокара ўтказди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келди.

Давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини юзма-юз ва делегациялар иштирокида атрофлича муҳокама қилди.

Икки мамлакат етакчиларининг 2023 йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашуви давомида эришилган келишувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошди, қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор аҳамият қаратилди.

«Бу галги саммитга янги Инновация ва саноат шериклиги дастури тайёрланган. Муҳим минерал хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 6,5 миллиард евролик қўшма лойиҳаларни илгари суриш кўзда тутилган. Умуман, қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев узоқ муддатли кооперация алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йил июн ойида Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказишни таклиф этди.

Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказишга келишиб олинди.

Етакчилар гуманитар йўналишдаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Париж шаҳрида Савицкий музейи тўпламидаги авангард асарлар кўргазмасини ташкил этиш, маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик учун Ўзбекистонда Франция мероси институти ваколатхонасини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида Франциядан тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон-Франция университети очилиши таълим соҳасидаги асосий келишув бўлгани таъкидланди. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик давом эттирилади.

Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқадилар.

«Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Кўп томонлама ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари бошчилигида иқтисодий идораларни жалб қилган ҳолда Стратегик режалаштириш гуруҳини тузишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Мавзуга оид