Каъба атрофида расмга тушиш тақиқландими?
Ижтимоий тармоқларда Каъба атрофида суратга олиш тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Саудия Арабистони элчихонасининг Kun.uz'га маълум қилишича, Каъбани тавоф қилиш вақтида фото ва видеога олиш учун ҳеч қандай жарима ёки депортация жазоси йўқ. Шу билан бирга, нохушликларнинг олдини олиш учун зиёратчиларга тавоф вақтида Каъбани суратга олмаслик тавсия этилади.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ҳаж ва Умра зиёратига доир бир қанча маълумотлар тарқалди.
Дастлаб, турли нашрлар Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармасининг хатига таяниб, Умра зиёратига борадиганлардан эндиликда менингитга қарши эмланиши талаб этилмайди, деган мазмунда хабар тарқатди. Хатга кўра, Саудия Фуқаро авиацияси қиролликдаги барча аэропортларда фаолият юритувчи авиакомпанияларга, шу жумладан хусусий ташувчиларга менингитга қарши вакцина талабини бекор қилиш ҳақида топшириқ юборган.
Ўзбекистон Санитария ва эпидемиология қўмитасига кўра, бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. “Саудия Арабистони Умра ва Ҳаж зиёратларига борувчиларда менингит касаллигига қарши эмланганлик ҳақида ҳужжат бўлиши зарурлигини расман бекор қилмаган”, дейилади қўмита баёнотида.
Kun.uz мухбири Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди. Маълум қилинишича, Умра ва Ҳаж зиёрати учун келадиганларга менингитга қарши эмланиш – Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талаби бўлиб, у ўз кучида қолмоқда.
“Диний қўмита томонидан берилган лицензия асосида фаолият юритувчи турфирмалар зиёратчиларни Умрага олиб боришида эмланганлик ҳақида сертификат зарур. Бу – зиёратчилар учун мажбурий талаб. Шу билан бирга, қиролликка бошқа мақсадларда, сайёҳлик визалари билан киришда вакцина талаб қилинмайди”, – деди элчихона расмийси.
Бундан ташқари, шу кунларда инстаблогерлар Ҳаж ва Умрага бораётганларни “огоҳликка чақириб” бир неча чиқишлар қилди. Улардан бирида шундай дейилади: “Ҳарам ҳудудида, Каъба атрофида телефон тақиқланди. Биринчи маротаба ишлатганларга 520 доллар жарима, кейингисида 10 йилга депорт ҳам қилишар экан. Танишларимиз орасида шундай ҳолатлар ҳам бўлди”. Муаллифлар бу маълумотларни тасдиқловчи бирор расмий манба кўрсатмаган, фактлар ҳам келтирмаган.
Kun.uz'га изоҳ берган Саудия Арабистони элчихонаси ходимининг маълум қилишича, қиролликда, хусусан Ҳарам ҳудудида расман бундай тақиқлар мавжуд эмас.
“Аслида бундай расман тақиқ ва расмга олиш учун юқорида айтилган жазолар мавжуд эмас. Лекин билсангиз, тавоф вақтида Каъба атрофида одамлар жуда кўп бўлади. Кимдир расмга олиш учун тўхтаб туриши одамлар йиғилиб қолишига ва бу турли нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Бошқаларга ҳам халақит қилади. Шу мақсадда тиқилинчда телефон ишлатишга тавсиявий характерда рухсат берилмайди. Бошқа вақтларда расмга ёки видеога олиш мумкин. Бунинг учун депортация ёки жарима деган гаплар тўғри эмас”, – деди Саудия Арабистони элчихонаси ходимининг Қасам ал-Отайбий.
Тармоқларда тарқалган яна бир хабарда, 2025 йил Ҳаж мавсумида зиёратчиларга болаларни ўзлари билан олиб келишига рухсат берилмаслиги айтилади. Бу масалада Kun.uz'га изоҳ берган Саудия элчихонаси ходимига кўра, ёш болаларни ўзи билан Ҳаж зиёратига олиб бормаслик ҳақида ҳам расмий тақиқ йўқ.
Бу йил Рамазон 1 мартдан бошланиши мумкин
Умра зиёрати Ҳаж мавсумидан ташқари йил давомида амалга оширилади. Ҳаж зиёрати эса йил давомида фақат бир марта амалга оширилади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда Рамазон ойи 1 март санасидан бошланиши кутилмоқда. Шуни ҳисобга олганда, Ҳаж мавсуми июн ойининг дастлабки 10 кунлигига тўғри келмоқда. Албатта, бу саналар ойни кузатиш асосида фатво идоралари томонидан алоҳида аниқлаштирилади.
Қайд этиш лозим, Саудия Арабистони мамлакатга кираётганлар зиёратчилар оқимини бошқариш, ташкилий жараёнларни ҳисобга олиш мақсадида ҳар йили Ҳаж зиёрати вақтида Умра визаси расмийлаштиришни вақтинчалик тўхтатиб туради. 2025 йилда бу жараён май ойининг бошидан Ҳаж мавсуми тугагунига қадар давом этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда айни вақтда лицензия талаблари оғирлаштирилиши ортидан фақат 12 та турфирма расман Умра зиёратини амалга оширишга лицензияга эга. Бундан ташқари, фуқаролар сайёҳлик ёки бошқа визалар олиб, мустақил равишда Умра зиёратини амалга ошириши мумкин.
Ҳаж борасида эса Ўзбекистонда фуқароларга фақат Мусулмонлар идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита хизмат кўрсатади. Саудия Арабистони Ўзбекистон учун тақдим қилган квота 24 мингтани ташкил қилади, ҳозирда бундан фақат 15 мингтасидан фойдаланилмоқда.
Мавзуга оид

16:37 / 10.03.2025
CNN: АҚШ Саудия Арабистонида нафақат Украина, балки Россия билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказади

19:00 / 07.03.2025
Байрамлар учун ажойиб совға - бу абадий эсда қоладиган саёҳат!

21:44 / 04.03.2025
Саудия Арабистони банкларига мижозлар билан WhatsApp орқали мулоқот қилиш тақиқланди

20:07 / 03.03.2025