Жаҳон | 13:05 / 13.02.2025
2916
3 дақиқада ўқилади

Британиялик эркак 58 ёшида савод чиқариб, 40 йил аввал сотиб олган журналини ўқиди

Тед болалигида дислексиядан азият чеккан ва мактабни ташлаган. Аммо ўқишни билмаслиги унинг муваффақиятли карера қуришига тўсқинлик қилмаган.

Фото: BBC

Британиянинг Дерби шаҳрида яшовчи Тед Мижли 15 ёшида мактабни тарк этган. У болалигидан дислексиядан (ўқиш ва ёзиш кўникмаларини эгаллаш қобилиятининг бузилиши) азият чекиб келарди, аммо эркак 58 ёшида ўқишни ўрганишга муваффақ бўлди.

BBC билан интервьюда Мижли ўзининг “нуқсони”ни ҳеч қачон одамлардан яширмаганини ва бутун умри давомида танишлари ҳамда дўстларининг ёрдамига таяниб келганини айтди. Яқинда у ўқиш дарсларини олишга қарор қилди ва ниҳоят 1985 йилда харид қилган Speedway Star журналини ўқишга муваффақ бўлди.

“Бу журнал менда анча вақт чанг босиб ётди, чунки уни ўқий олмасдим. Ниҳоят буни уддалаганимдан мамнунман”, — деди у.

Мактабдаги ўқитувчилари Мижлининг ўқишда қийналишини “дангасалик” деб аташган. Фақатгина йиллар ўтиб, Тед ўрта мактабда таълим олаётган пайтида, ўқитувчилар унинг ота-онасига болада дислексия бўлиши мумкинлигини айтган.

Шундан сўнг Мижлини махсус таълим муассасасига юбориш таклиф қилинди, бироқ мактабнинг ўзи Тед учун “ёқимсиз жой” эди. У 15 ёшида ўқишни ташлаб, тўқимачилик фабрикасига ишга жойлашди.

Мижли умрининг аксарият қисмида ҳатто оддий хабарни ҳам ўқий олмаган. Бироқ бу унинг муваффақиятли карера қуришига тўсқинлик қилмади. Мижли мотоспортнинг ноёб тури — спидвейда механик сифатида таълим олди. Бу спорт турида пойгачилар тупроқли овал трассаларда тормозларсиз бир тезликли мотоциклларда мусобақалашади. Тед пойгаларда иштирок этиб, дунё бўйлаб кўп саёҳат қилди. Ҳозирда у Дербидаги Joe Hughes International компаниясида ишлайди, бу компания спидвей учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Бир куни Мижли австралиялик ёш пойгачи Брейден Эллиот билан танишиб қолади ва унинг менежери бўлиш истаги туғилади. Бунинг учун у электрон хатларни ўқишни ўрганиши керак эди — шунда Тед дарс олишга аҳд қилади.

Мижли репетитор— Дункан Ливсини ёллади. Улар ҳафтада икки марта 30 дақиқадан индивидуал машғулотлар ўтказди.

“У жуда позитив одам бўлгани учун уни ўқитиш осон бўлди. Ҳар сафар у билан мулоқот қилганимда мамнунлик ҳис қиламан”, — деди Ливси.

Унинг сўзларига кўра, ўқишни билмайдиган катталар сони одатдагидан анча кўп. Бироқ уларнинг кўпчилиги Теддан фарқли ўлароқ, ёрдам сўрашга журъат эта олмайди.

Мавзуга оид