Жаҳон | 18:38 / 12.02.2025
2709
2 дақиқада ўқилади

Украинага 40 минг кишилик тинчликпарвар кучларни юбориш ҳам ЕИ учун қийинчилик туғдиради — NYT

Европа давлатлари тинчликпарварлик миссияси доирасида Украинага 200 минг ҳарбий хизматчини юбора олмайди. Бу ҳақда The New York Times билан суҳбатда европалик юқори мартабали амалдор маълум қилди.

Фото: The New York Times

Унинг сўзларига кўра, ҳатто 40 минг ҳарбийни юбориш ҳам Европа учун қийин масала ҳисобланади. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, бунча ҳарбий хизматчи Россияни ҳақиқатда тутиб қолишни таъминлаш учун етарли эмас.

Лондон Қироллик коллежи ҳарбий тадқиқотлар профессори Лоуренс Фридманнинг ҳисоблашича, мунтазам ротациялар ва фавқулодда вазиятларда самарали ишлаш учун 100 мингдан ортиқ тинчликпарвар кучлар талаб этилади.

Украина президенти Володимир Зеленский 2025 йил январ ойида Давоста ўтказилган иқтисодий форумда чиқиш қилиб, Россия—Украина урушини ҳал қилиш учун Европа камида 200 минг кишилик тинчликпарвар кучларни юбориши кераклигини айтганди.

Кейинроқ The Guardian’га берган интервюсида Зеленский Франция президенти Эммануэл Макрoннинг тинчлик сулҳи имзоланганидан кейин Украинага жойлаштирилиши мумкин бўлган Европа тинчликпарвар кучларини яратиш таклифига изоҳ берди. Украина етакчисининг фикрича, бундай миссия у фақат катта кўламда ташкил этилсагина ўзини оқлайди. «Агар у ерда 100-150 минг европалик ҳарбийлар бўлса, унда ҳа. Аммо шунда ҳам биздаги ҳарбий хизматчилар сони Россия армиясиникидан кам бўлади», — деган эди Зеленский.

Шунингдек, Bloomberg учун интервюда Зеленский 200 минг рақами кўпроқ мажозий экани ва контингентнинг ҳақиқий сони Россия талаб қиладиган украин армияси миқдорига боғлиқ бўлиши кераклигини айтган. «Агар биз уни [украин армиясини] 200 мингга, 300 ёки 500 мингга қисқартирсак, қисқартирганимиз ўрнига бошқа қўшинлар кераклигини англатади», — деган Украина президенти.

Мавзуга оид