Трампнинг махсус вакили Москвада Путин билан махфий учрашув ўтказгани айтилмоқда

Фото: Getty Images
АҚШ президенти вакили Стивен Уиткофф Россияда гиёҳванд моддалар контрабандаси учун судланган америкалик Марк Фогелни ватанига олиб кетиш учун 11 феврал куни Москвага келганида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган бўлиши мумкин.
Бу учрашув факти ҳақида Fox News бошловчиси Шон Ҳаннити айтиб ўтган. Ундаги маълумотга кўра, учрашув уч ярим соат давом этган. Ҳаннити ҳеч қандай тафсилот келтирмаган.
Оқ уйдагилар The Washington Post газетасининг бу борадаги сўровига жавоб қайтармаган, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам ҳар кунги брифинг чоғида бу ҳақда ҳеч нарса демаган.
Уиткофф ҳозирда расман АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили лавозимини эгаллаб турибди. У кўчмас мулкдан бойлик орттирган миллиардер ҳисобланади. Уиткоффни Трампнинг энг яқин сафдошларидан бири деб аташади, улар 1980-йиллардан бери дўст.
The New York Times манбалари таъкидлашича, Уиткоффнинг Москвага сафаридан мақсади фақатгина Марк Фогелни озод қилиш бўлмаган. Уларнинг маълумотларига кўра, бир неча ҳафта олдин Трамп Уиткоффга яширинча Яқин Шарқ бўйича келишувдан ташқари қўшимча ваколатлар берган ва унга Россия раҳбарияти билан музокаралар каналини очишни топширган.
NYT суҳбатдошлари, шунингдек, Уиткофф Москвага ташрифидан олдин Путиннинг «яқин иттифоқчилари» билан тўғридан тўғри музокаралар олиб боргани ва музокараларда ўзини эҳтимолий воситачи сифатида кўрсатаётган Саудия Арабистони ва Қатар вакиллари билан Россия-Украина можаросини муҳокама қилганини айтди. Уиткофф Путин билан учрашгани ёки учрашмагани ҳақида NYT мақоласида ҳеч нарса дейилмаган.
Расмий равишда Доналд Трамп маъмурияти Уиткофф Москвадан қайтганидан сўнг Марк Фогелнинг озод этилишини жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича бошланаётган мулоқот билан бевосита боғлади. «[Бу] Россия томонидан ижобий кайфиятни кўрсатади ва биз Украинадаги урушни тугатиш учун тўғри йўналишда кетаётганимиз белгисидир», — дейилади Оқ уй расмий хабарида.