Ўзбекистон | 20:03 / 11.02.2025
5574
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди

Делегация раҳбари Максим Орешкин Ўзбекистон президентига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Шавкат Мирзиёев 11 феврал куни Россия Федерацияси президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, учрашув аввалида Максим Орешкин Ўзбекистон президентига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Қайд этилишича, учрашув давомида ўтган йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифи ва бошқа олий даражадаги мулоқотлар давомида эришилган келишувларни тасдиқланган «йўл харитаси»га мувофиқ амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

«Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатини сақлаб қолиш, саноат кооперацияси ва электрон тижорат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, сув хўжалиги, олий таълим ва муҳандис кадрлар тайёрлаш, сунъий интеллект, маданий алмашинув ва спорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид