Жаҳон | 22:49 / 11.02.2025
2490
2 дақиқада ўқилади

Руминия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланди

Клаус Йоханнис истеъфога чиққани муносабати билан Сенат раиси Илие Боложан Руминия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Фото: Getty Images

Руминия Конституциявий суди Сенат раҳбари Илие Боложанни мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

«Клаус Вернер Йоханнис истеъфога чиқиши муносабати билан Руминия президенти лавозими 12 февралдан бошлаб вакант», — дейилади суд хабарида.

Қайд этилишича, Конституцияга мувофиқ Руминия президенти вазифасини вақтинча Сенат раиси Илие Гаврил Боложан бажариб туради.

Куни кеча Руминия президенти Клаус Йоханнис 12 феврал куни истеъфога чиқишини эълон қилганди. Йоханнис 2014 йилдан бери республика раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

24 ноябр куни Руминияда президентлик сайловларининг биринчи тури ўтказилди. Биринчи ўринни мустақил номзод Келин Жоржеску эгаллади (22,95 фоиз), иккинчи ўрин эса ўнг марказчи партия «Руминияни қутқариш иттифоқи» раҳбари Елеана Ласконига насиб этди (19,18 фоиз). Сайловларнинг иккинчи тури 8 декабр санасига режалаштирилган эди.

Йоханниснинг мандати 21 декабрда тугаган, аммо у янги президент сайлангунга қадар вазифасини бажариб келмоқда. Бунинг фонида «руминияликларни бирлаштириш учун иттифоқ», «Руминияни қутқаринг S.O.S» ва «Ёшлар партияси» унинг истеъфоси бўйича овоз тўплашга киришди. Ушбу масала парламентнинг 11 февралдаги йиғилишида кўриб чиқилиши керак эди.

Мавзуга оид