Ўзбекистон | 22:20 / 11.02.2025
5087
4 дақиқада ўқилади

“Озиқовқатсаноат” уюшмаси фаолияти тикланиши мумкин

Савдо-саноат палатаси “Озиқовқатсаноат” уюшмасини тузиш ташаббуси билан чиқди. Уюшма аъзоларига божхона божидан имтиёзлар бериш кўзда тутилган. Худди шу номдаги уюшма Ўзбекистонда 2003 йилгача мавжуд бўлган, кейинроқ бир неча марта номи ўзгариб, 2020 йилда тугатилган эди.

Фото: agronet.uz

Ўзбекистонда “Озиқовқатсаноат” уюшмаси тузилиши мумкин. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.

Лойиҳага кўра, янги уюшма “Ўзёғмойсаноат” негизида, унинг ҳуқуқий вориси сифатида ташкил этилади. Уюшманинг таркиби унга ихтиёрий аъзо бўлган ёғ-мой, ун-ёрма, нон-макарон, гўшт-сут ва консерва саноати, қандолат маҳсулотлари, салқинлатувчи ва алкоголсиз ичимликлар ҳамда бошқа озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ва кўмакдош-таъминотчи корхоналардан ташкил топади.

Лойиҳада божхона божидан имтиёзларни 2027 йил 1 январга қадар “Озиқовқатсаноат”га аъзо корхоналарга татбиқ этиш назарда тутилган.

Шунингдек, уюшмага талаб ва нархлар конюнктурасидан келиб чиққан ҳолда айрим турдаги ёғ-мой маҳсулотлари экспортига вақтинчалик муддатли чекловлар жорий қилиш, корхоналарнинг ишлаб чиқаришга мос ускуна ва жиҳозлар билан таъминлангани юзасидан мавсумий технологик аудит ўтказиб бориш ваколати берилиши ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан сут лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиши, лабораторияларнинг ваколатлари белгиланиши, ёғ-мой маҳсулотлари учун ҳам мажбурий рақамли маркировка тизимини жорий қилиниши таклиф этилмоқда.

“Халақит берманглар”

Иқтисодчи Отабек Бакиров агар юқоридаги уюшма ташкил этиладиган бўлса, ваколатлар ва маъмурий ресурсларга эга “вазирлик”ка айланиб қолишидан хавотир билдирди.

Янги Ўзбекистонда энг тез ривожланган ва ривожланаётган соҳалар бу – умумий овқатланиш, чакана савдо ва озиқ-овқат саноати.

Чунки бу соҳаларда вазирлик йўқ, давлатнинг аралашуви йўқ, зараркунанда чиновник йўқ, паразит имтиёзлар йўқ. Лекин эркин бозор бор, кучли рақобат бор, тенг имкониятлар бор, технологик янгиланиш бор, кўламнинг ўсиши бор, ошаётган иш ўрни ва солиқ тушумлари бор. Ҳа, қийинчиликлар ҳам бор.

Шундай экан, халақит берманглар. Бозорбузуқилик қилманглар. Ёрдамингиз шу бўлади”, дея ёзди иқтисодчи.

“Ресторан вазирлиги тузилса, ресторанларнинг сифати тушиб кетади”

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам аввалроқ иқтисодиёт тармоқларида давлат аралашувининг ортиши фойдадан кўра кўпроқ зарарга ишлаши ҳақида фикр билдирганди.

Тошкентда ресторанлар зўрлиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин Ресторан вазирлиги йўқ. Мен ўйлайманки, агар шундай вазирлик бўлиб қолса, ресторанларнинг сифати тушиб кетади. СССР пайтида савдо ва ресторан трести бўлган. Шунинг учун одамлар на нарса сотиб олган, на нормал овқатланган. Ҳозир Кийим вазирлиги бўлса, кийимсиз қолиб кетамиз”, деганди у.

Муқобил уюшма беш йил олдин тугатилган эди

Ўзбекистонда 2003 йилгача худди шу номдаги ташкилот – “Озиқовқатсаноат” уюшмаси мавжуд бўлган. Ўша йили ташкилот “Ёғмойтамакисаноат” уюшмаси билан бирлаштирилиб, Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси ташкил этилган. Кейинчалик бу икки соҳа яна бир-биридан ажратилиб, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган.

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси 2016 йил февралида тугатилиб, “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” компанияси ташкил этилган. 2020 йил сентябр ойига келиб, “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” тугатилган эди. Президент қарорида бунга сабаб сифатида ташкилот такрорланувчи функцияларни бажариши, хўжалик юритувчи субъектлар билан тизимли иш олиб борилмаслиги келтирилган. Ҳолдингнинг вазифалари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармасига юклатилган.

  • Маълумот учун, 2020 йил сентябрида, “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” компанияси тугатилганидан бир ой ўтиб, октябр ойида Озиқ-овқат саноати уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Уюшма сайтида аъзолари сони 144 та экани кўрсатилган. Таъсисчилар – Class-Food-Servis, Murot Chokolate, Obid Fayz-BM ва Sladus Produce ҳисобланади (ҳар бири 25 фоиздан).

Мавзуга оид