Шавкат Мирзиёев атом энергетикаси соҳасида қилинаётган ишлар билан танишди
Президент бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш учун мамлакатда энергетиканинг барча манбалари ишга солинмоқда. Анъанавий генерациядан ташқари, сўнгги йилларда қарийб 4 гигаваттли муқобил қувватлар ишга туширилган ва «яшил» энергия улуши 16 фоизга етган.
«Келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилади. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат «яшил» энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, юртимизда жами генерацияда «яшил энергия» улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган», — дейилади хабарда.
Айни пайтда рақамли технологиялар, электромобиллар, электр жиҳозлар, сунъий интеллект, майнинг каби тармоқларнинг ривожланиши энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда. Таъкидланишича, шу боис кўплаб давлатлар янги турдаги энергия қувватларига ўтиш йўлларини излаяпти. Ер қаъридан қазиб олинадиган ёқилғилар ўз ўрнини қайта тикланувчи манбаларга бўшатиб беряпти. Бугунга келиб, дунёдаги жами генерациянинг 42 фоизи муқобил энергиядир.
«Узоқ йиллик қувватларни барпо этишда атом энергетикаси мақбул ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда 375 гигаваттли 417 та атом реакторлари ишлатилмоқда. Яна янги станциялар қуриляпти, кўп давлатлар атом энергетикасини ўзининг ривожланиш стратегиясига киритяпти», — дея қайд этилади хабарда.
Мамлакатда уран захираси борлигидан фойдаланиб, узоқ муддатга мўлжалланган қувват ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик қувватли реакторлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. 2024 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилган эди.
Шунингдек, йиғилишда мутасаддилар томонидан атом энергетикасини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича ахборот берилган.
Давлат раҳбари бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берган. Бундай технологиялар иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, узоқ муддатли ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратиши таъкидланган.
Мавзуга оид

20:14 / 10.03.2025
Шавкат Мирзиёев 11 март куни давлат ташрифи билан Францияга боради

21:18 / 07.03.2025
Шавкат Мирзиёев Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди

20:41 / 07.03.2025
Ҳар йили камида 200 нафар қиз дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади

20:29 / 07.03.2025