Олмалиқда она уйдаги ширинликни еб қўйган боласининг қўлини куйдирди
Аёл 8 ёшли ўғлини жазолаш мақсадида унинг бармоқлари орасига пахта тиқиб ёққан. Онага нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳамда сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирув эълон қилинган.
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида она ўз боласини муттасил равишда қийнаб келгани аниқланди.
Kun.uz ўрганган суд ажримида келтирилишича, 1991 йилда туғилган Х.А. 2016 йилда туғилган ўғли Б.А.га доимий равишда азоб бериб келган. Жумладан, аёл 2024 йил 30 октябрь куни соат 21:00 ларда ўғли уйдаги ширинликларни еб қўйгани сабабли унинг бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққан. Бунинг оқибатида болага 1-2-даражали термик куйишдан иборат бўлган соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келувчи енгил тан жароҳатлари етказган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Б.А.да “чап кўкрак қафаси олд юзаси, чап қўлтиқ ости соҳасига ўтиш қисми, чап қовурға ёйи остида, бурун камари учки қисми, ўнг қўл 3-4-5-бармоқ кафт бўғими орасида ва ички юзаси, чап оёқ 1-2-3-4-бармоқлари ораси ва тирноқ фалангаси ички юзасининг 1-2 даражали термик куйиши” каби тан жароҳатлари аниқланган.
Олмалиқ шаҳар ИИБ терговчисининг 2025 йил 7 февралдаги қарорига кўра, Х.А. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда сиртдан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2025 йил 7 февралдаги ажрими билан аёлга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятга 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.
Мавзуга оид

21:24 / 19.02.2025
Тошкент вилоятидаги қамоқхоналарда сақланаётган 2 нафар маҳкум вафот этди

17:28 / 18.02.2025
Олмалиқдаги колонияда 21 ёшли маҳкум вафот этди

17:27 / 12.02.2025
Тошкент вилоятида хотинини ўлдиришда гумонланаётган эр ушланди

20:17 / 15.10.2024