Ўзбекистон | 13:55 / 10.02.2025
17494
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда

Кундузги ҳарорат 0…+5 даража бўлади. 12 февралдан ҳарорат аста-секин кўтарила бошлайди, 14 февралга бориб ҳаво +8…+11 даражагача илийди.

Фото: Kun.uz

Жорий ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси таъсирида бўлади, дея хабар берди «Ўзгидромет». Республика бўйича вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

13 февралда марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда, шунингдек, Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

14 февралда республиканинг кўпчилик вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди, фақат энг чекка жанубда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Ҳаво ҳарорати 10–11 феврал кунлари кундузи 0…+5 даража, кечаси 0…–5 даража, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда –6…–8 даражагача бўлади.

12 февралдан ҳарорат аста-секин кўтарила бошлайди ва 13–14 феврал кунларига бориб ҳаво кундузи +8…+11, жанубда +12…+14 даражагача илийди.

Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 15–20 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Тошкентда душанба куни кечқурун бироз қор ёғиши мумкин. 11–12 феврал кунлари вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик, 13 февралда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. 14 феврал куни ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳаво ҳарорати кечаси –3…+2, кундузи 10–11 феврал кунларида 0…+5, 12–14 феврал кунларида +8…+10 даражагача аста-секин кўтарилади.

Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 3–8 метр/секунд тезликда эсади.

Мавзуга оид