Ўзбекистон | 15:38 / 10.02.2025
7259
8 дақиқада ўқилади

“Энергетикадаги муаммолар экологик муаммоларни кўпайтиряпти” – мутахассислар билан суҳбат

Ҳар йили куз-қиш мавсумида ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари кўмир ва мазутдан чиқаётган заҳарли ташланмалар бўлиб қолмоқда. Салкам 2 йил аввал энергетика секторида бошланган газ билан боғлиқ сиёсат сабаб экология бой берилмоқда. Расмийлар бунга комплекс ечимлар керак деганига ҳам йил тўлди. Бирор иш қилинадими? Kun.uz тобора жиддийлашиб бораётган мавзуда мустақил эксперт ҳамда расмийлар билан суҳбатлашди.

Тошкент ҳавосининг сифати кризис нуқтага етиб келди ҳисоб. 20 йилга етиб бормаслиги прогноз қилинадиган пойтахтда атмосфера ҳавоси энди яхшиланадими? Kun.uz ушбу муаммо, унинг сабаблари ва ечими ҳақида экспертлар билан суҳбатлашди.

Суҳбатда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов, Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раиси Абдураҳим Абдувалиев, Экология вазирлигининг тегишли департаменти бошлиғи Фаррух Сатторов ҳамда “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ директори Бегзод Буронбоев иштирок этди.

– Эркин ака, дастлаб сизга юзлансак. Мутахассис сифатида Тошкент ҳавосига оид ўз изланишларингизни олиб боргансиз, бу ҳақда кўп гаплашдик. Суҳбатнинг кириш қисми учун шу ўрганишларингизни қисқача тушунтириб бероласизми, пойтахт ҳавоси нима сабаб кўп заҳарланмоқда?   

Эркин Абдулаҳатов: Албатта, шу масалада бир кейс билан бошламоқчиман. Англиядаги туманли албион, яъни АПЛ(Англия премиер лигаси)ни туманли албион ҳам дейишади. Бу – ўша ХХ асрдаги даврга хос бўлган жумла. Қиш ойларида ҳам қандайдир туманнинг ичида футбол бўлаётгани эсимни танибманки жуда камдан кам ҳолатда бўлади. Лекин ХХ аср бошларида бу жуда ҳам кўп бўлган. Бунинг сабаби ўша пайтда Лондон каби Англиянинг кўплаб шаҳарларида кўмир ёқилиши, умуман углеводородлар чиқиши натижасида туман ҳодисалари рўй берган. Яъни кўмирдан ажралган майда заррачалар сув буғининг марказдаги конденсация заррачасига айланиб қолади. Ва бу ўз-ўзидан туманни чақиради. Бу туманнинг фонида яна бир табиатнинг физик ҳодисасида муаммо юзага келади, яъни бу шамол. Мана шундай жараёнда шамол тезлиги пасайиб кетади, шунинг ортидан ўтган асрнинг 50 йили давомида Англияда жуда катта кураш бошланади, нима учун, кўмир ёқилиши натижасида [юзага келяпти деб]. Бу нафақат ақлий салоҳиятни пасайтиради, ўша фуқароларда саломатлик, туғилиш билан боғлиқ муаммо юзага келганидан кейин булар чора кўришади. Ўша манбаларда газ ресурси асосида ёқиш ва иситиш мавсумига ўтишга бел боғлашади.

Тушунарлики, кўмир ва мазут ёқилиши натижасида ҳавода сув буғи, яъни хиралик кўпаяди, бунинг фонида ифлосланиш ҳам ортиб кетади. Ҳозирги охирги вақтда Тошкент атрофида яшайдиган аҳолининг ўзи, масалан, Назарбек, Ҳасанбойдагилар билан гаплашсангиз ҳам ўтмишга нисбатан туман кўпайганини таъкидлашади. Нима учун? Чунки ўша Тошкент атрофида нафақат иссиқхоналар, балки Қозоғистоннинг ҳам таъсири бор, уларда ҳам иссиқхоналар етарли, 2 мингга яқинни улар ҳам кўмир билан иситяпти. Газсиз ёндираётгани йўқ. Уларга ҳам чора кўришимиз керак, ҳозир умумий ифлосланиш ҳақида гапирадиган бўлсак, экология бу жуда кенг тармоқли. Экологик вазиятни барқарорлаштиришимиз учун бир эколог олим айтганки, экология бу табиат ва жамият ўртасидаги кўп босқичли тармоқларнинг тузилиши, ишлаши билан боғлиқ фанлараро билимлар мажмуаси ҳисобланади.

Яъни биз умумий вазиятни кўришимиз учун катта тадқиқотларимизни ўтказишимиз керак. Ва бунинг бошида кузатувлар, ўзи нимадан ифлосланяпти ва ҳар бир ҳудуддаги манбани аниқлаш учун биз жуда катта тадқиқотлар, кузатувларга қадам босишимиз керак. Бу бўйича Ўзгидрометнинг 25 та шаҳрида йирик саноатлашган, вилоят ва шаҳарда 1970-йиллардан бери кузатувлар олиб борилади. Ва бу кузатувларда классик усулда Тошкент шаҳри 2020 йилгача 4-5-ўринда юрган. Биринчи ўринда Навоий, Олмалиқ, Ангрен ва Фарғонадан кейингиларда бўлган. Лекин охирги йилларда бизда Тошкент шаҳрида кузатув пунктларининг кенгайиши ва турли хил моддаларни ўлчаш ишлари амалга оширилаётгани сабабли биринчи ўринга чиқдик.

2023 йилда Тошкент шаҳри Атмосфера ифлосланиш индексида биринчи ўринга чиқди. Бунда нафақат ПМ2,5 билан боғлиқ вазият, балки фенол, азон, азот диоксиди, яъни меъёрдан 5 йилликда 75 баробар кўпайиб кетган. Тушунарлики, биз иқтисодиётни ривожлантириш учун [экологияни қурбон қилдик]. Бу иқтисодиёт совет даврида ҳам ривожланиши учун жуда ҳам катта саноат фабрикаларини қурдик, қурилишларни қилдик, лекин ўша вақтда экологик сиёсат кучли бўлган. Экологик стандартлар асосида шаҳарни барпо этиш, шу асосда завод, корхоналар фаолиятини юргизганмиз. Сўнгги йилларда палапартишликлар фонида шаҳарда шу ҳолатга келиб қолдик.

ПМ2,5 бўйича биринчи ўринда 36 фоиз билан йил давомида чанг, 28 фоиз иссиқлик марказлари ва 16 фоиз транспорт ва шу билан 13 фоиз саноат корхоналари ва қурилиш чанглари ҳисобига ифлосланиш юзага келяпти. Яна қайтараман, вазиятни жуда ҳам кўплаб тармоқлар комплекс ўрганиши керак. Ва шу ўрганиш асосида биз чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз мумкин.

– Фаррух ака, юқорида маълумотлар берилди. Ўтган йили октябр ойида Жаҳон банкининг ҳисоботлари чиққанди. Ўшанда ҳам ифлосланишнинг 3 та асосий манбаси: иситиш сектори, транспорт, саноат келтирилган.

Яқинда чиндан ҳам Тошкентни туман қоплаб олди. «Бу туманмиди ёки тутун?» номли мақолалар ҳам чиқди. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Фаррух Сатторов: Жаҳон банкининг ҳисоботига ўтишдан олдин бир тушунтириш бериб ўтмоқчи эдим. Умуман олганда атмосфера ҳавосининг ифлосланишига комплекс қараш керак. Биринчи ўринда, Эркин ака айтиб ўтган физик ҳодисалар. Яъни шамол тезлигининг камайиши, иқлим ўзгариши масалалари, ҳароратнинг ошиши, бунинг оқибатида сувнинг камайиши – физик ҳодисалар дейилаётган бўлса, кичик рақамлар ҳам бериб ўтаман.

Мисол учун, пойтахтда Ўзгидромет томонидан доимий кузатувлар олиб борилган. 1980-йилларга нисбатан шамол тезлиги 0,4 м/с га пасайган. Яъни 80-йилларда 1,7 м/с бўлган бўлса, ҳозир 1,3 м/с бўлган. Бу йиллик ўртача рақам. Бу дегани иқлим ўзгариши натижасида шамол тезлиги камайиб бормоқда. Энди манбаларга келадиган бўлсак, ҳозир ҳамма рақамларни Эркин ака айтиб ўтдилар, эътибор қаратадиган бир тарафи бор. 36 фоиз табиий чанг йил бўйи бизга келиб турадиган чанг, 28 фоиз иссиқлик манбалари, электр энергия ишлаб чиқиши – умуман углеводородлар ёқилиши натижасида бошқа энергияни олиш масаласи турган бўлса, йиллик ўртачада 28 фоиз турибди. Лекин таҳлилларимизга қараганда, ноябр ва феврал ойигача 50 фоизи углеводородларни ёқиш билан бўлган жараёнлардан келиб чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳисобланади.

Туман масаласига келадиган бўлсак, бу унинг ҳосил бўлиши ўша углеводородларда ёниш натижасида олтингугурт диоксиди, азот оксиди ва азот диоксиди бўлади. Бу бирикмалар ҳавога чиққанида ҳаводаги намликни ўзига тортади-да, учувчан органик бирикмага айланади. Оғир бўлади, шу оғирлиги туфайли ерга босади. Шунинг учун туманга ўхшаган ҳодисалар бўлиб турибди. Тоза ифлосланиш деёлмайман, у ерда сув ҳам бор, умуман ҳаводаги бор бирикмалар, ҳавонинг ҳам ўзига яраша қаватларида физик-кимёвий жараёнлар бўлиб ўтади. Ва шулар натижасида туман келиб чиқади. Шамолга ҳам бир нарсага тўхталиб ўтмоқчи эдик. Шамолнинг ерга яқин қисмида ҳозирги кунда шамол тезлиги камайиб кетган, бу шамол гулининг бузилиши, палапартиш қурилишлар оқибатида юзага келган.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид