«Яшил оила»га электромобил, «яшил маҳалла»га 500 миллион сўм – экологик турмуш тарғиботи
2025 йилда соғлом овқатланиш, юриш ва велосипедда ҳаракатланиш, пластик ишлатиш ва исрофгарчиликни камайтириш каби экологик турмуш тарзи тарғиботлари кўпайтирилади. «Яшил оила» мақомидаги оилаларга очиқ танлов орқали 14 та электромобил берилиши режа қилинган. АКТ ва Экология вазирлиги 1 июнга қадар тегишли платформани ишга тушириши керак.

Фото: Kun.uz
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида бир қанча режалар белгиланди.
Хусусан «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бунинг асосий тамойиллари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
- аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;
- «яшил транспортда», шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;
- пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
- озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;
- сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
- чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш
Шу мақсадда 2025 йил 1 июнга қадар Экология вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги тегишли платформани ишга тушириши керак. Унда:
- экологик тамойилларни ўзининг кундалик ҳаётига жорий этишда юқори кўрсаткичларга эришганларга «Экофаол фуқаро» мақомини бериш;
- улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;
- оиланинг барча вояга етган аъзолари «Экофаол фуқаро» мақомини олганда, ушбу оилага «яшил оила» мақомини бериш;
- ушбу оилага ҳар йили очиқ танлов орқали 14 та электромобил бериш;
- аҳолисининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловларини ўтказиш;
- ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига маҳалла аҳолисининг таклифларини ўрганган ҳолда маҳалланинг ички инфратузилмасини яхшилаш тадбирларини молиялаштириш: йўлларни таъмирлаш, энерготежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, болалар майдончасини қуриш, «яшил боғ» яратиш ва ўриндиқлар ўрнатиш, чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, чиқинди қутилари ва контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартга қадар тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади. 2025 йил 1 августга қадар эса озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторинг қилиш мақсадида идоралараро яхлит Миллий ахборот платформаси ишга туширилиши лозим.
Президент фармонида келтирилган ушбу режалар ижроси учун тегишлигича спорт, экология, АКТ вазирлиги ва бошқа ташкилотлар масъул қилиб белгиланган.
Мавзуга оид

21:30 / 20.02.2025
Қурилиш майдонида чангни бартараф этмаган мансабдор шахс жазоланади

11:55 / 18.02.2025
Ҳавони ифлослантирувчи омиллар: мутахассис фикри

19:16 / 11.02.2025
Бўрижар ёнида 30 га яқин кўп йиллик дарахтлар кесиб кетилди

14:53 / 11.02.2025