200 миллион туп дарахт, Оролда юз минг гектар «яшил майдон» ва саломатлик йўлаклари – 2025 йил учун «яшил режалар»
Ўзбекистоннинг экологик қиёфасини яхшилашда асосий урғу яшил майдон ва ўрмонзорларни кўпайтириш, соғломлаштириш йўлаклари қуришга қаратилади. Шунингдек, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланади. Ижро учун бош масъуллар бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Kun.uz
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида режалар белгиланди.
Хусусан:
- аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилиши, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилиши;
- ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимини жорий этиш натижасида яшиллик даражаси оширилиши;
- «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ва «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилиши, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланилиши;
- Орол денгизи тубида 100 минг гектар «яшил майдон» барпо этилиши ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилиши;
- ўрмон билан қопланган майдонлар 4,1 миллион гектарга етказилиши ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар 14,5 фоизгача кенгайтирилиши ҳамда уларнинг экотуризм, кўчатчилик ва дориворчилик йўналишларидаги фойдаланилмаётган захиралари аниқланиб, уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилиши ва аҳолининг даромадлари оширилиши;
- Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг танланган ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар (галофит) боғлари ташкил этилиши;
- Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат «ин-витро» лабораториялари ташкил этилиши, шунингдек, хусусий «ин-витро» лабораторияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларига кредитларни ажратиш учун халқаро молия институтларидан камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб этилиши;
- жамоатчилик, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш акселерация тизими жорий этилиши таъминланиши назарда тутилган.
Президент фармонида белгиланган ушбу режаларни сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъул этиб бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва ҳудудлар ҳокимлари белгиланди.
Мавзуга оид

09:43 / 21.02.2025
2 туп дарахт кесган фуқаро 223 та кўчат экиб берди

21:37 / 20.02.2025
“Чўллаштириш авжида” — Бухорода 1800 дан ортиқ дарахт кўчирилаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда

21:30 / 20.02.2025
Қурилиш майдонида чангни бартараф этмаган мансабдор шахс жазоланади

10:05 / 19.02.2025