Спорт | 16:10 / 07.02.2025
12011
17 дақиқада ўқилади

«Сити»да қайта қуриш ва Саудия эртаги давом этиши. Қишнинг асосий трансферлари

Гвардиола жамоасига тўрт нафар янги футболчи олди, ЕЧЛда қатнашаётган «Астон Вилла»га уч нафар янги футболчи келиб қўшилди.

Қишки трансферлар одатдагига қараганда қизғин ўтди: бу биринчи навбатда «Манчестер Сити» хўжайинлари Гвардиола учун навбатдаги карт-бланш тақдим этгани билан боғлиқ. Қуйида январ ойи давомида ва февралнинг илк кунларида жаҳон футболида рўй берган кутилган ва кутилмаган трансферлар ҳақида.

Абдуқодир Ҳусанов

Амплуа: ҳимоячи
Ёши: 20
Қаердан: «Ланс»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 40 миллион евро
Шартнома муддати: 2029 йил ёзигача

20 ёшли ўзбекистонликнинг карьераси бошни айлантирадиган даражада тез ўсди. 2023 йилда ҳам у Беларус чемпионатида «Энергетик-БГУ» клуби сафида эди, 2025 йил январида эса жаҳоннинг энг яхши клубларидан бири сафига йўл олди. Ҳусановнинг Франциядаги «Ланс» клубида кўрсатган ёрқин ўйинлари «Манчестер Сити»дагилар эътиборини ўзига қаратди. Инглизлар бошқа кўплаб клублар билан рақобатда устун келди ва 40 млн евро тўлаб, истиқболли ҳимоячини ўзиники қилди. Барчаси жуда тез рўй берди. Абдуқодир АПЛ тарихидаги илк ўзбекистонликка айланди. Ҳимоячи «Челси»га қарши дебют ўйинда (3:1) ҳаяжонланиб, голга сабабчи бўлди, сариқ карточкаси туфайли иккинчи бўлимда алмаштирилди. Аммо «Манчестер Сити» мураббийлар штабининг ундан умидлари катта. Ҳусанов Англия Кубоги тўртинчи босқичи доирасида 8 феврал куни «Лейтон Ориент»га қарши ўйинда ўзини кўрсатиши кутилмоқда.

Омар Мармуш

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 25
Қаердан: «Айнтрахт»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 75 миллион евро
Шартнома муддати: 2029 йил ёзигача

Дино Топпмеллер «Айнтрахт»да форвардларнинг кучли тандемига эришганди — Уго Экитике чизиқлар орасидаги боғламларга жавоб берар, Мармуш эса ҳимоячилар ортида ҳаракатланарди. Якунда Салоҳнинг 25 ёшли вориси ажойиб кўрсаткичлар қайд этди: барча турнирлар доирасида «гол+пас» бўйича 20+14 очко. Ушбу форвардни нега айнан «Манчестер Сити» олиб кетгани унчалик тушунарли эмас — бу Мармушга услуб жиҳатдан у қадар мос келадиган жамоа эмас. Бу ўринда икки вариант бор —ёки Пеп Гвардиола ёрқин футболчининг келажагини барбод қилади, ёки Мармуш янги ролда кашф этилади (Ҳоландни асосий таркибдан чиқариб ташлай олмаслиги аниқ).

Нико Гонсалес

Амплуа: яримҳимоячи
Ёши: 23
Қаердан: «Порту»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 60 миллион евро
Шартнома муддати: 2029 йил ёзигача

Бу мавсумда инқирозни бошдан кечираётган «шаҳарликлар» инқироздан радикал йўл билан — улкан харажатлар орқали чиқишга қарор қилди. «Сити» январ давомида Ҳусановдан ташқари мисрлик ҳужумчи Умар Мармуш (75 миллион евро) ва бразилиялик марказий ҳимоячи Витор Рейс (37 миллион евро)ни ҳам сотиб олганди. Феврал бошида эса мавсум бошидан буён ўйнамаётган Родрининг ўрнини босиш учун «Порту»дан 23 ёшли яримҳимоячи Нико Гонсалес трансфер қилинди. Португалияликлар 40 миллион евролик дастлабки таклифни рад этишди ва 60 миллион евро тўлашга тўғри келди.

Ушбу футболчи Евро-2000 турнирида Гвардиола билан бирга Испания миллий жамоасида ўйнаган, «Депортиво» афсонаси Франнинг ўғли саналади. Нико – «Барса» тарбияланувчиси бўлиб, каталонияликлар 2023 йил уни 8,5 миллион евро эвазига «Порту»га пуллаганди. Энди эса клуб бу трансфердан 13 миллион евро миқдорида улуш олади. Ушбу испаниялик ўтган мавсумда лиссабонликлар билан икки соврин ютганди, энди эса АПЛда янги жамоасига кучли тўртликка кириш учун ёрдам бериши керак.

Кайл Уокер

Амплуа: ҳимоячи
Ёши: 34
Қаердан: «Манчестер Сити»
Қаерга: «Милан»
Келишув тури: ижара
Қиймати:
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

«Манчестер Сити» январда фақат сотиб олиш билан шуғуллангани йўқ. Клуб сўнгги 10 йилликдаги асосий футболчиларидан бири билан хайрлашди. Кайл Уокер Пеп Гвардиоладан ўзини қўйиб юборишни сўраган. Жорий мавсумни ушбу ҳимоячи ўта муваффақиятсиз ўтказаётганди: англиялик футболчи клубнинг мағлубиятларида ўзини айблаган бўлиши ҳам мумкин. Аммо унинг кетиши барибир кутилмаганда рўй берди. Уокер кейинги манзил сифатида «Милан»ни танлади. Ҳолбуки миланликлар ҳам бу мавсумда муаммоларга учраган. Футболчи учун вазият Манчестердагидан яхшироқ бўлмайди. Кайл А серия гранди сафига мавсум охирига қадар ижара асосида ўтган. Келишувда 34 ёшли ҳимоячини ёзда 5 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи ҳам кўзда тутилган.

Алваро Мората

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 32
Қаердан: «Милан»
Қаерга: «Галатасарой»
Келишув тури: ижара
Қиймати: 6 миллион евро
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Алваро Мората Европа клублари бўйлаб саёҳатини давом эттиради. Турли йилларда «Реал» (2 марта), «Ювентус» (2), «Челси» ва «Атлетико» клубларида ўйнаган ҳужумчи 2024 йил ёзида Евро ғолиби сифатида «Милан» таркибига келиб қўшилганди. Аммо Алваронинг Италияга учинчи сафари ўхшамади: форвард кам гол урди (25 ўйинда олтита), жамоанинг янги бош мураббийи Сержиу Консейсау билан чиқишиб кетолмади, қолаверса, рафиқаси билан муносабатларда муаммолар юзага келди. Мантиқий ечим – ижара: Алварони «Галатасарой» ўз сафига қўшиб олди. Мората яна бир йилга узайтириш ва сотиб олиш ҳуқуқи билан 2026 йил январига қадар ижарага олинган. 32 ёшли форвард энди «Милан»га қайтиши даргумон. Энди у Истанбулда Виктор Осимҳен билан тандем ҳосил қилади.

Сантияго Хименес

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 23
Қаердан: «Фейеноорд»
Қаерга: «Милан»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 32 миллион евро
Шартнома муддати: 2029 йил ёзигача

«Фейеноорд» ҳужумчиси барибир ўзи учун кучлироқ клуб топа олди — янгиланган ЕЧЛда бешта гол урган 23 ёшли мексикалик «Милан»да. Миш-мишларга кўра, Сантягони бунга шахсан Златан Ибраҳимович кўндирган. Бу эса кўп нарсани англатади. У янги жамоасида Мората ўрнини эгаллади. Ундан умид катта: Нидерландия чемпионатининг икки ярим мавсумида мексикалик 73 ўйинда 45 гол урган.

Жоау Феликс

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 25
Қаердан: «Челси»
Қаерга: «Милан»
Келишув тури: ижара
Қиймати: 5,5 миллион евро
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Мавсумнинг иккинчи қисмини Жоау Феликс ҳам «Милан»да ўтказади. 25 ёшли португалиялик Англиядаги мураккаб кечган даврдан кейин фаолиятида бурилиш ясаш учун янги имконга эга бўлди. Бу мавсумда «Атлетико»дан 52 миллион еврога сотиб олинган футболчи «Челси» сафида фақат иккинчи даражали турнирларда — Конференциялар лигаси, Англия Кубоги ва Лига кубогида ёрқин ўйин кўрсатди. АПЛда эса Жоау асосий таркиб футболчиси эмасди — Миландаги қайта қуриш унинг фойдасига хизмат қилиши мумкин. У аллақачон янги жамоаси сафида голлар ҳисобини очди.

Жон Дуран

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 20
Қаердан: «Астон Вилла»
Қаерга: «Ан-Наср»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 77 миллион евро
Шартнома муддати: 2030 йил ёзигача

«Астон Вилла»нинг истиқболли форварди 21 ёшидаёқ Саудия Арабистонига йўл олди. 2023 йилда «Реал» футболчиси Тони Кроос 21 ёшли испаниялик Габриэл Вейга Саудиянинг «Ал-Аҳли»га трансфер қилингани ҳақидаги хабар остига «уят» деб ёзганди. Фаолиятини якунлаган немис футболчиси Дураннинг қарорига ҳам шундай муносабатда бўлгани тайин. «Астон Вилла» эса у кетганидан хафа бўлмагани аниқ: клуб захирадан тушиб кетма-кет голлар урганидан кейин Олли Уоткинс ўрнига бошланғич таркибдаги ўринни талаб қила бошлаган, хулқи оғир футболчидан қутулиш билан бирга 77 млн евро ишлаб олди (яна 13 млн евро бонуслар кўзда тутилган). Дураннинг ўзи эса йилига 20 млн евродан ортиқ маош билан таъминланади. Унда Европа топ-лигаларига қайтиш учун ҳали имкон бўлади. Ҳозир эса колумбиялик ҳужумчи келажагини таъминлаш билан шуғулланади.

Маркус Рэшфорд

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 27
Қаердан: «Манчестер Юнайтед»
Қаерга: «Астон Вилла»
Келишув: ижара
Қиймати:
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Кузда Рэшфордни Англиянинг бошқа жамоасида тасаввур қилиш қийин эди. Аммо у «Манчестер Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Рубен Аморим билан зиддиятга борди, шундан кейин форвард таркибдан чиқарилди. ОАВда у «Барселона» га ижарага берилиши ҳақида хабарлар чиқди, футболчининг ўзи ҳам Испанияга кўчиб ўтишга қарши эмасди. Аммо каталонияликларда трансферни амалга ошириш учун ресурслар топилмади. Шунингдек, «Милан» версияси ҳам янгради. Якунда эса бозорда Дуран сотувидан тушган пуллар билан «Астон Вилла» пайдо бўлди. Қишки трансферлар даричаси ёпилиши арафасида жамоалар ижара бўйича келишувга эришди. Бирмингҳэмликлар футболчига ҳафтасига 225 минг фунтлик маош тўлайдиган бўлди, у жамоанинг энг кўп маош оладиган футболчиси бўлади. Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, келишувда уни мавсум охирида 48 млн еврога трансфер қилиш ҳуқуқи ҳам киритилган.

Марко Асенсио

Амплуа: яримҳимоячи
Ёши: 29
Қаердан: «ПСЖ»
Қаерга: «Астон Вилла»
Келишув тури: ижара
Қиймати:
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Дедлайндаги яна бир шов-шувли трансфер ҳам «Астон Вилла»да бўлди. Бирмингҳемликлар клуби Чемпионлар лигаси умумий гуруҳида саккизинчи ўринни эгаллаб, тўғридан тўғри 1/8 финалга ўтди. Бир неча фронтда курашни давом эттираётган Унаи Эмерига ҳужум чизиғида ротация қилиш учун тажрибали футболчи ёрдами асқатади. 29 ёшли Марко Асенсио «Реал» билан уч марта ЕЧЛ ғолиби бўлган, турнирда 67 ўйин ўтказиб, 12 гол урган. «ПСЖ»да унинг ишлари яхши кечмади, шундай экан, бу келишув барча томон учун манфаатли бўлди. Маркус Рэшфорд ва Олли Уоткинс билан у «Вилла» ҳужум чизиғини даҳшатли кўринишга келтиради.

Аксел Дисаси

Амплуа: ҳимоячи
Ёши: 26
Қаердан: «Челси»
Қаерга: «Астон Вилла»
Келишув тури: ижара
Қиймати:
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

«Астон Вилла»да марказий ҳимоячилар тақчиллиги юзага келганди – Диего Карлос кетган, Тайрон Мингз, Кортни Хос ва Пау Торрес жароҳатда. Фақат Эзри Конса ротациясиз ўйнаб келаётганди. Дисаси эса Энцо Марескага керак бўлмай қолди – у тезлик борасида рақобатчилардан ортда, шунингдек яратувчилик борасида ҳам улар билан беллаша олмасди. «Астон Вилла»да французга бошланғич таркибдан ўрин кафолатланган – ушбу жисмонан бақувват футболчи яккакурашларда яхши ҳаракатланади.

Матис Тел

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 19
Қаердан: «Бавария»
Қаерга: «Тоттенҳэм»
Келишув тури: ижара
Қиймати:
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Қишнинг энг кўп муҳокамалар марказида турган трансферида муроса йўли танланди. 19 ёшли француз форварди Ҳарри Кейн турганида «Бавария»нинг асосий таркибига кира олишига кўзи етмади ва мюнхенликлар сафини тарк этишга қарор қилди. Инсайдер Фабрицио Романо футболчига 2025 йил бошидаёқ «Челси» қизиқиш билдирганини хабар қилди. Кейинроқ курашга «Арсенал», «МЮ» ва «Тоттенҳэм» қўшилди. Футболчи учун ҳаммадан кўп «Тоттенҳэм» ҳаракат қилди ва француз учун 60 млн евро таклиф қилди. Аммо бу клуб форвардда қизиқиш уйғотмади, у Манчестер клубига ўтишга мойил эди.

Аммо дедлайнда Тел фикрини ўзгартириб, лондонликлар клубига ўтишга рози бўлди. Лондонликлар бош мураббийи Постекоглу билан суҳбат барчасини ҳал қилган. «Бавария» ва «Тоттенҳэм» яхши муносабатларга эга ва ижара бўйича келишув тузиш қийин бўлмади: Фабрицио Романога кўра, лондонликлар ижара даври учун 10 млн евро тўлайди ва футболчининг маошини тўлиқ қоплайди. Шунингдек, келишувда мавсум охирида футболчини 55 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи ҳақида банд ҳам бор.

Николо Дзаниоло

Амплуа: яримҳимоячи
Ёши: 25
Қаердан: «Галатасарой»
Қаерга: «Фиорентина»
Келишув тури: ижара
Қиймати: 3,2 миллион евро
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Ўтган мавсумда ижара асосида «Астон Вилла»да ўйнаган 25 ёшли яримҳимоячи мавсумнинг биринчи қисмини «Аталанта»да ўтказиб, фақат 560 дақиқа давомида майдонда бўлди «гол+пас» бўйича камтарона 3+3 кўрсаткичини қайд этди. Энди «Галатасарой» уни яна бошқа бир клубга — ўз вақтида уни тарбиялаган «Фиорентина»га ижарага берди. Агар Николо маълум талабларга жавоб берса, италянлар клуби ушбу ҳавбекни 15,5 миллион еврога трансфер қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Хвича Кварацхелия

Амплуа: вингер
Ёши: 23
Қаердан: «Наполи»
Қаерга: «ПСЖ»
Келишув тури: трансфер
Қиймати: 70 миллион евро
Шартнома муддати: 2029 йил ёзигача

«ПСЖ» учун муҳим келишув. Французлар жамоанинг асосий юлдузига айланиши керак бўлган футболчини сотиб олди. «Наполи» Кварацхелия учун 70 млн евро ишлади, Хвича — 11 млн евро миқдоридаги йиллик маошга ҳамда ўз вақтида Мбаппега тегишли бўлган 7-рақамли футболкага эга бўлди. Ушбу гуржистонлик айнан Килианнинг вазифасини бажариб, голлари уриши, ёрқин ўйин кўрсатиши ҳамда жамоани совринлар сари етаклаши керак бўлади.

Рандал Коло Муани

Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 26
Қаердан: «ПСЖ»
Қаерга: «Ювентус»
Келишув тури: ижара
Қиймати: 3,6 миллион евро
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

«Ювентус» мўлжалига урди – «ПСЖ»да бош мураббий услубига мос келмай, захирада ўтириб қолган (14 ўйинда асосан охирги дақиқаларда туширилган ва фақат бир гол урган) Рандал Коло Муани 2024/2025 йиллар мавсуми якунига қадар ижарага олинди. Transfermarkt маълумотига кўра, туринликлар клуби парижликларга ярим мавсум учун 3,6 млн евро тўлаган. У Туринга келиши билан очилиб кетди ва дебютдаги икки ўйинида учта гол урди.

Патрик Доргу

Амплуа: ҳимоячи
Ёши: 20
Қаердан: «Лечче»
Қаерга: «Манчестер Юнайтед»
Келишув: трансфер
Қиймати: 30 миллион евро
Шартнома муддати: 2025 йил ёзигача

Сўнгги йилларда «Манчестер Юнайтед»да чап қанот муаммо бўлиб қолмоқда. Люк Шоу мунтазам равишда жароҳат олиши туфайли унинг позициясини асли ўнг қанот ҳимоячиси бўлган Диего Далот ёпиб келаётганди. «Лечче»да ёрқин мавсум ўтказган Патрик Доргу эса уни бу мажбуриятдан халос қилади. «МЮ» ушбу трансфер учун керагидан ортиқ сарфламади, ёш футболчи АПЛда ўйнаб кетолса, «Лечче» яна 5 млн евролик бонусларга эга бўлади. Патрик янги жамоаси билан беш ярим йиллик шартнома имзолади. Шу тариқа манкунианликлар бош мураббийи Рубен Аморим ўз жамоасини қуришни бошлади.

Мавзуга оид