Жаҳон | 15:20 / 07.02.2025
3229
2 дақиқада ўқилади

Киев Курск области учун гуманитар коридор яратишга тайёр

Украина президенти идораси мамлакат Курск областидан Россияга гуманитар йўлак очишга тайёрлигини билдирди. Бироқ, бундай сўров ҳали қабул қилинмаган, дея қўшимча қилинди Киевда.

Фото: AFP

Киев Украина Қуролли кучлари назорати остидаги Курск области ҳудудидан Россияга гуманитар йўлакни Москва «расмий равишда сўраса» яратишга тайёр. Бу ҳақда 6 феврал, пайшанба куни Украина президенти девонига таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

Шу билан бирга, Зеленский маъмурияти Россия томонидан ҳозирча тегишли сўров келиб тушмаганини таъкидлади. Украина Москвани ўз фуқаролари тақдирига бефарқликда айблади.

Песков: Курск яқинида гуманитар йўлак яратиш ҳарбийларга боғлиқ

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Курск областида гуманитар коридор ташкил этилиши ҳарбийлар алоқаларга боғлиқлигини айтганди. Унинг фикрича, буни ошкора эълон қилиб бўлмайди.

2024 йил декабр ойида Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова Украинадан минтақада гуманитар коридор яратишни сўради. Омбудсман Украина армияси назорати остидаги ҳудудларда қолган тинч аҳоли мақсадли инсонпарварлик ёрдами етказиб берилмасдан ёки иситиш тизими бўлмаган ертўлаларда яшаётганини айтди.

Мавзуга оид