Фан-техника | 12:49 / 06.02.2025
3011
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонлик мактаб ўқувчилари SpaceX ёрдамида ўз сунъий йўлдошини орбитага учиради

Бу митти сунъий йўлдошнинг ўлчамлари атиги 5х5х5 сантиметр, оғирлиги тахминан 250 граммни ташкил қилади.

Фото: satelliteevolution.com

2025 йилда Озарбойжон 7-9-синф ўқувчилари томонидан яратилган PocketQube пикосунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа Azercosmos миллий сунъий йўлдош хизматлари оператори кўмагида COSMIC Академияси томонидан ташкил этилган “Озарбойжон сунъий йўлдош инновациялари миллий танлови” натижаси бўлди. Парвоз SpaceX ташувчи ракетаси ёрдамида амалга оширилади ва бу мамлакат космик саноатини ривожлантиришда муҳим босқич бўлади.

PocketQube — атиги 5х5х5 см ўлчамли ва оғирлиги тахминан 250 грамм бўлган митти сунъий йўлдош. Жуда кичик ўлчамларига қарамасдан, у мустаҳкам алюминий қотишмалари ва углерод композитларидан тайёрланган, бу эса юқори чидамлилик ва самарали иссиқлик бошқарувини таъминлайди.

PocketQube ғояси янги эмас: бундай сунъий йўлдошлар 2013 йил ноябр ойида Австрияга қарашли UniSat-5 платформасидан орбитага чиқарилганди. Ўша пайтда Германия, АҚШ ва Италиянинг кичик сунъий йўлдошлари ҳам коинотга жўнатилган. Аммо Озарбойжон учун мактаб ўқувчилари томонидан ишлаб чиқилган қурилмани учириш илк тажриба бўлади.

Лойиҳа Озарбойжонда фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) таълимини ривожлантириш бўйича кенг ташаббуснинг бир қисмидир. Танловнинг мақсади ёш авлодни космик технологиялар ва муҳандисликни ўрганишга илҳомлантириш, шунингдек, келажакда ушбу соҳада етакчи бўлиши мумкин бўлган иқтидорли мактаб ўқувчиларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Azercosmos сунъий йўлдош хизматлари миллий оператори ёшлар ўртасида космик фанни оммалаштиришга қаратилган таълим лойиҳаларига фаол сармоя киритмоқда.

“Ушбу лойиҳа ёш тадқиқотчиларни коинотни ўрганишга руҳлантиради ва Озарбойжон глобал космик саноатнинг фаол иштирокчисига айланишга тайёр эканлигини намойиш этади”, — деб таъкидлади танлов ташкилотчилари.

PocketQube’ни ишга тушириш — фақат бошланиши. Azercosmos ва COSMIC академияси мамлакатда космик технологияларни ривожлантиришга қаратилган таълим ташаббусларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид