6 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Шаҳватпараст эр-хотин ишига протест, хорижга чиққан пенсионернинг тўхтатиладиган пенсияси, Ўзбекистонда камбағалликнинг янги чегараси ва қурувчиларни онлайн текшириш имконияти — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
13 ёшли қизга шилқимлик иши: прокуратура протест киритди
Асака туманида 13 ёшли қўшни қизга шаҳвоний шилқимлик қилган эр-хотин иши судда қайта кўрилади. Бош прокуратура ушбу маъмурий иш бўйича чиқарилган суд қарорларига протест киритганини маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, эркак ва унинг турмуш ўртоғи 2024 йил 9 ноябр куни вояга етмаган қўшни қизни жинсий алоқага мажбурлашга уринган ва пул таклиф қилган. Қиз улардан қочиб, ёрдам сўраган. Суд бу ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик деб топиб, эркакка 5 сутка қамоқ, хотинига эса 750 минг сўм жарима жазоси тайинлаганди.
Бош прокуратура ишни ўрганиб, қарор қонунийлигига шубҳа қилган ва Олий судга протест киритган. Суд қарори тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.
Хорижга чиққанда пенсия тўхтатиладими?
Пенсия жамғармаси хорижда узоқ вақт бўлиб турган пенсионерларнинг пенсия тўловлари ҳақида тушунтириш берди.
Агар пенсионер 3 ойдан ортиқ муддат Ўзбекистонда бўлмаса, унинг пенсияси вақтинча тўхтатилади. Узоқ вақт хорижда бўлиб, Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, у 24 ойлик тўланмаган пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
Расмий маълумотларга кўра, пенсияни олиш учун фуқаро Ўзбекистонга қайтганидан сўнг Пенсия жамғармасига мурожаат қилиши талаб этилади. Мурожаат қилинганидан олдинги 24 ой учун пенсия тўлаб берилади.
Бу тартиб «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом»га асосланади.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди
Ўзбекистонда бир киши учун бир ойлик минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўм этиб белгиланди. Бу 2024 йилда амал қилган 648 минг сўмдан 3,2 фоизга, бир йил олдинги 621 минг сўмдан эса 7,7 фоизга кўп. Бироқ расмий маълумотларга кўра, 2024 йилги инфляция 9,8 фоизни ташкил этган.
Минимал истеъмол харажатлари камбағаллик чегараси сифатида қабул қилинади – даромади шу суммадан паст бўлган оилалар расман камбағал ҳисобланади. Президент қарорига кўра, Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари суммасини 20 январгача эълон қилиши керак эди, бироқ бу жараён икки ҳафтага кечикди.
Бу кўрсаткичга боғланган ижтимоий тўловлар ва нафақалар қачон оширилиши ҳали аниқ эмас.
Бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил якунида камбағаллик даражаси 11 фоиздан 8,9 фоизга тушган. 2024 йил давомида Ўзбекстонда камбағаллар сони 719 минг кишига камайиб, 3,3 млн нафарни ташкил этган.
Қурувчиларни онлайн текшириш имконияти
Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан уй-жой қурилиши бўйича электрон платформа ишга туширилади. Унда қурувчилар ўз лойиҳалари ҳақидаги барча зарур маълумотларни жойлаштириши керак бўлади.
Президент фармонига кўра, «Шаффоф қурилиш» тизими доирасида тузиладиган бу платформа орқали улушдорлар қурувчиларнинг ишончлилигини текшириш имконига эга бўлади. Қурувчилар бинонинг манзили, қаватлар сони, молиялаштирувчи банк ва қурилиш ҳолати каби маълумотларни тақдим этиши талаб қилинади.
Электрон тизимга маълумот жойлаштирмаган қурувчиларнинг шартномалари нотариал тасдиқланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Бу талабларга риоя қилмаган ҳолда фаолият юритган қурувчилар қонунчилик асосида жавобгарликка тортилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига янги ваколатлар
Олий Мажлис депутатлари аҳоли орасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ош тузини йодлаш учун фойдаланиладиган препаратлар ва санитария нормалари бўйича талабларни белгилаш, шунингдек, йодланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ташиш ва сотиш жараёнларини назорат қилиш ваколатига эга бўлиши мумкин.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун аҳолини хавфсиз ва сифатли йодланган туз билан таъминлаш, йод етишмаслиги билан боғлиқ касалликларни камайтириш ҳамда ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Январ ойи учун «Палов индекси»
Статистика агентлиги 2025 йил январ ойидаги «Палов индекси»ни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда ошнинг энг қиммат порцияси Тошкент шаҳрида қайд этилган — 35 700 сўм. Энг арзон ош эса Наманган вилоятида — 23 минг сўм.
Ўртача нархлар ҳудудлар кесимида қуйидагича шаклланган:
Тошкент ошхоналаридаги нархлар ўтган йилга нисбатан сезиларли ошиб, бошқа ҳудудлар билан солиштирганда анча юқори экани кўринмоқда.
Мавзуга оид

21:38
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025