Жаҳон | 19:19 / 05.02.2025
16169
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ҳукумати AZAL самолёти ҳалокати бўйича Қозоғистон ҳисоботига изоҳ берди

Озарбойжон томони ҳисобот бандларидаги маълумотларни тасдиқлади ва унда «самолёт қушлар галаси билан тўқнашгани» ва «кислород баллони портлаши» ҳақида ҳеч қандай факт йўқлигини маълум қилди.

Фото: Reuters

Озарбойжон Транспорт вазирлиги Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг Оқтов шаҳрида ҳалокатга учрагани бўйича терговнинг Қозоғистон томонидан эълон қилинган дастлабки ҳисоботига изоҳ берди. Ҳисобот парвоз регистраторлари (қора қутилар) ёзувларига асосланган.

Изоҳлар қуйидаги асосий бандларни ўз ичига олади:

- Embraer 190 самолёти Грозний шаҳрига парвози давомида техник муаммоларга дуч келмаган ва тўлиқ соз ҳолатда бўлган;

- Самолётнинг иккала двигатели ҳам ҳодиса содир бўлган пайтгача техник носозликларсиз ишлаган;

- Самолёт Россия ҳаво ҳудудида, жумладан, Грозний аэропорти узра парвоз қилаётганда GPS сигналларини йўқотган;

- Грознийдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли самолёт қўнишни икки марта амалга оширолмаган, шундан сўнг кема капитани Бокуга қайтишга қарор қилган. Ушбу қарор қабул қилингач, 24 секунд оралиғида иккита ташқи қаттиқ товуш қайд этилган;

- Биринчи товушдан кейин 4 секунд ўтгач, 3-гидравлика тизими, 6 секунддан кейин 1-гидравлика тизими ва 21 секунддан кейин 2-гидравлика тизими ишламай қолган;

- Фюзелажда кўплаб тешиклар ва шикастланишлар аниқланган;

- Самолёт фюзеляжида аниқланган тешиклар ташқи жисмлар таъсиридан келиб чиққан. Ҳисоботда самолёт қушлар галаси билан тўқнашганини кўрсатувчи фактлар мавжудлиги тўғрисида маълумот йўқ.

- Фюзелаж ичидан топилган жисмлар самолётга тегишли эмас. Бегона жисмларни нима эканини аниқлаш мақсадида қўшимча текширувлар ўтказилади;

- Соат 05:13:32 да самолётнинг асосий бошқарув тизимлари ишдан чиққан; 05:21:42 да ўзаро алоқа диспетчери Грознийга «Ковёр» операциясининг амалга оширилиши ҳақида хабар берган;

- Ҳисоботда кислород баллони портлаши факти ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига учган AZAL Embraer 190 самолёти 2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳалокатда 38 киши қурбон бўлди, 29 киши тирик қолди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев самолёт Грозний осмонидаги «ташқи таъсир оқибатида» ҳалокатга учраганини айтди ва бунда Россияни айблади.

Россия президенти Владимир Путин Россия ҳаво ҳудудида юз берган «ҳодиса» учун Алиевдан узр сўради. Унинг таъкидлашича, Бокудан келаётган самолёт Россия аэропортига қўнмоқчи бўлган вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказ шаҳарлари Украина дронлари ҳужумига учраган ва «Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бу ҳужумларни қайтарган».

Қозоғистон расмийлари ҳалокат бўйича дастлабки ҳисоботни 4 февраль куни эълон қилди. Унда айтилишича, самолёт тизимларида топилган тешиклар ташқи таъсир туфайли юзага келган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид