Наманганда беш кишига ажратилган 40 сотих ерни сотишга уринган шахс ушланди
У гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент
Наманган ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний равишда ер майдонларини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департмент.
Қайд этилишича, департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Ф.А. исмли шахс (муқаддам судланган) Қўқимбой массивидаги беш нафар фуқарога ажратилган жами 40 сотих ер майдонини ушбу фуқароларнинг хабардорлигисиз гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали чорвачилик йўналиши учун ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига фуқаро М.Б.дан 61 миллион сўм ва 3 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир ҳолат, департаментнинг Қўшработ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ж.Ш. исмли шахс фуқаро Ҳ.Т.нинг ишончига кириб, Тинчлик МФЙ ҳудудидаги давлат захирасидаги 25 сотих ер майдони гўёки ўзиники эканини ва 125 миллион сўмга сотишини айтиб, келишилган пуллардан 100 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижон ва Навоий вилоятларида ноқонуний тарзда ер сотмоқчи бўлган шахслар ушлангани, Тошкентда давлат захирасида бўлган 7 сотих ерни 175 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Нукусда қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштирилган 3,6 сотих ерни 170 млн сўмга сотишга уринган фуқаро ашёвий далиллар билан қўлга тушган эди.
Мавзуга оид

16:24 / 07.03.2025
“Ваҳимага тушманг” — Кадастр агентлиги ерлар хитойликларга сотилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди

11:41 / 07.03.2025
Ерни ижарага олиш учун аукционда бошланғич нархни белгилаш тартиби ўзгарди

10:18 / 07.03.2025
ДХХ ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади

17:59 / 06.03.2025