Эрон эмас, Саудия: Суриянинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиси ўзгармоқда
Суриянинг муваққат президенти илк хорижий сафар билан Саудия Арабистонига борди. Дамашқ минтақадаги иттифоқчисини Эрондан Саудияга ўзгартираётганидек кўринмоқда. Қиролликни амалда бошқараётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон аш-Шарани табриклаган, Сурия халқи орзуларини рўёбга чиқаришини тилаган.
Суриянинг муваққат президенти якшанба, 2 феврал куни ўзининг биринчи хорижий сафарини амалга оширди. Аҳмад аш-Шара Саудия Арабистонига сафар қилди. Таҳлилчилар фикрича, бу билан Сурия Яқин Шарқда асосий иттифоқчисини ўзгартираётган кўринади, яъни Эрондан Саудия Арабистонига. Бу Дамашқнинг Теҳрондан узоқлашишидир, деб ёзади Associated Press ахборот агентлиги. Бир пайтлар “Ал-Қоида” террористик гуруҳи билан алоқаларга эга Аҳмад ўз муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Асад ал-Шайбоний билан Саудияга борди. Аэропортда Саудия байроғи ёнида Суриянинг янги уч юлдузли байроғи ҳам ҳилпираб турибди, дея ёзади агентлик ўз хабарида.
Аҳмад аш-Шара давлатни амалда бошқараётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан Ар-Риёддаги “Ал-Ямама” саройида кўришди. Саудия матбуоти сафар ҳақида ёзаркан, Шаранинг ташрифи қардош Суриянинг хавфсизлиги ва барқарорлигини қўллаб-қувватлаш йўлидаги қадам эканини таъкидламоқда. Бундан ташқари, Саудия Арабистони матбуот агентлиги хабарида келишича, шаҳзода аш-Шарани президентлик лавозимини эгаллагани билан табриклаган. Сурия халқининг орзу-умидларини рўёбга чиқаришини тилаган. Шара эса қироллик оиласига уни қўллагани учун миннатдорлик билдирган.
“Бугун биз кенг кўламли учрашув ўтказдик, Сурия келажагини қуришда қўллаб-қувватлаш истагини, шунингдек, Сурия халқи иродасини, унинг ҳудудий бирлиги ва яхлитлигини қўллаш ҳақида сўз борди”, деган муваққат президент. Аш-Шара муҳокамаларда сурияликларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳақида ҳам гаплашганини айтади.
Саудия 2011 йилда Суриядаги Араб баҳори намойишларини куч билан бостирган Башар Асадни тахтдан олиш ишларига уринган исёнчи гуруҳларга пул тиккан давлатлар қаторида эди. Бироқ Эрон ва Россия ёрдамини маҳкам ушлаган Асад урушни боши берк кўчага олиб кирди. Аш-Шаранинг халқаро кучлар кўмагида ҳокимиятни эгаллаши 14 йиллик сиёсий атмосферани ўзгартирмоқда.
Январ ойида Саудия ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Дамашққа бориб, Ар-Риёд Сурияга қарши санкцияларни олиб ташлаш учун фаол мулоқотга киришганини маълум қилганди. Аш-Шара эса Сурияга қўйилган санкцияларни олдирмоқчи, давлатлардан бирин-кетин шуни сўрамоқда. Бу сафаридан аввал у Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ол Сонийни қабул қилганди. Қатар амири Сурияга келган биринчи давлат раҳбари бўлди, албатта, ҳозирги муваққат ҳукумат даврида. Айни пайтда Сурия Исломий давлат гуруҳлари ва бошқа жангарилардан ҳалиям азият чекмоқда. Масалан, Суриянинг Алеппо вилоятидаги Манбиж шаҳрида бомба ўрнатилган автомобил портлаб, тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган, яраланганлар ҳам 10 га яқин.
Ўтган ой аш-Шара “Al-arabiya” телеканалига берган интервюсида Саудия Арабистони, албатта, Сурия келажагида катта ролга эга бўлишини гапирган. Саудия Ташқи ишлар вазири Сурияга санкцияларни бекор қилиш учун хоҳ Евроиттифоқ бўлсин, хоҳ Америка барча билан гаплашаётганини айтади.
The Guardian нашри аш-Шаранинг Саудияга борганини ёзар экан, минтақавий иттифоқларда кучли ўзгариш рўй бераётганини айтган. Лекин Саудия Асад бошқаруви давридаги Сурияни 2023 йилда қайта Араб Лигасига қабул қилганди. Шу томони билан ар-Риёд Аш-Шаранинг Туркия ва Қатар каби иттифоқчиларидан бироз фарқ қилади.
Мавзуга оид

17:50 / 10.03.2025
Сурияда алавийлар қирғини: аш-Шаръа айбдорларни жазолашга ваъда бермоқда

16:37 / 10.03.2025
CNN: АҚШ Саудия Арабистонида нафақат Украина, балки Россия билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказади

16:19 / 09.03.2025
Сурияда икки кунлик тўқнашувлар оқибатида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди

15:02 / 09.03.2025