Ўзбекистон | 20:39 / 03.02.2025
9920
6 дақиқада ўқилади

“Бошқарувдан чиққан самолётни назоратга олиш ўта қийин иш” – учувчи билан суҳбат

Kun.uz қарийб 20 йилдан бери учувчи бўлиб ишлаётган Улуғбек Мавлонов билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, авиация инсонлар узоғини яқин қилди, транспортлар ичида энг хавфсизи ҳам – самолёт. Охирги пайтда дунё осмонида авиаҳалокатлар кескин кўпайди деган фикрга эса учувчи қўшилмайди. Суҳбатда Озарбойжон самолётининг Ақтаудаги ҳалокати, учувчи бўлишнинг хавфли томонлари ва қийинчиликлари, ҳаво кемасининг қандай ҳаракатланиши-ю, фавқулодда ҳолатлардаги ечимлар ҳақида сўз боради.

Улуғбек Мавлонов 2006 йилдан бери “Uzbekistan Аirways” АЖда учувчи бўлиб ишлар экан, ҳозиргача 8 минг соатдан кўпроқ учган. У асосан Ню Йорк, Сеул, Мосвка, Пекин, Дубай, Жакарта каби шаҳарларга парвоз қилади. Мавлоновнинг сўзларига кўра, у бу касб эгаси бўлишни боғча ёшидан истаган, учувчиликдан бошқа касб эгаси бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган. “Санкт-Петербургда ўқишни тамомлагач, 2006 йилдан бошлаб одам таший бошладим. Ўша пайтда кичкина «АН-24» русумли самолёт бўларди, хавфсиз, лекин шовқини баланд ва эскирган эди”, дейди учувчи.

Дунё осмони нега нотинч?

2024 йилнинг охири, 2025 йилнинг биринчи ойи авиаҳалокатларга бой бўлди. Кетма-кет айнан йўловчи ташиш самолётлари аянчли аварияларга учради, юзлаб инсонлар ҳалок бўлди. Масалан, Ақтауга қулаган Озарбойжон самолёти ёки тўсиққа урилиб ёниб кетган Кореядаги самолёт – кўпчиликнинг таъбини хира қилди. Бундан ташқари, Европа, АҚШда ҳам қатор авиаҳалокатлар юз бердики, натижада авиация хизматларидан қўрқадиганлар сони кўпайди. Хўш, аслида аввал ҳам шундай кўплаб ҳалокатли воқеалар юз берганмиди ёки бу медиа юзини кўрмаганми? Улуғбек Мавлонов авиаҳалокатлар бирдан кўпайган, деган фикрга қўшилмайди.

“Ҳозир медиа ривожланди, улар тез ишлаяпти. Авваллари ҳам бундай воқеалар юз берган, статистика транспорт воситалари ичида энг хавфсизи самолёт эканини исботлайди. Лекин ОАВда хабарлар жуда тез тарқалмоқда, тўғрилигини текширмасдан ҳам бериб юборишади. Аслида ҳаммаси ўша-ўша”, - дейди учувчи.

Охирги 20 йилда авиация қандай ўзгарди?

Улуғбек Мавлоновга кўра, охирги 20 йилда авиация соҳаси такомиллашди, самолётлар анча қулай, замонавий ва хавфсиз бўлди. Чунки олдинлари ҳалокатларда инсон иштироки кўп эди, яъни аксарият ҳолларда экипаж аъзолари ёки учувчи айбдор бўларди. Лекин ҳозир ҳаво транспорти автоматлаштирилди, замонавийлашди. Аввалгиларига қараганда ҳозирги самолётларни бошқариш ҳам анча осонлашган, дейди учувчи.

Ҳар гал учишдан аввал икки учувчи қисқа брифинг ўтказиб, парвоз ҳақидаги тўлиқ маълумотлар, харита, об-ҳаво маълумотлари билан танишади. Техник кўрикдан ўтган ҳаво кемасини муҳандислардан қабул қилиб олган учувчи самолётни парвозга тайёрлайди. Энг узоқ учган рейсим Москвадан Мексикага бўлган. 2018 йилда Россиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳаваскорларини чартер рейс билан ўз уйига олиб бориб қўйганмиз. Камида 14 соат учгандик, бу энг узоқ рейсим бўлган, дейди Мавлонов.

Учувчи нохуш ҳодисаларга ҳам тайёр туриши керак

Юзлаб инсонларнинг ҳаётига жавобгарлик маълум маънода учувчининг елкасида бўлади. Суҳбатдошимизнинг ҳам фаолиятида турли нохуш воқеа-ҳодисалар юз берган. Жакартадан келаётганида харитада ҳам кўринмаган турбулентликка тушиб қолган.

“Гаплашиб ўтирганимизда бирдан турбулентликка тушиб қолганмиз, самолётни 50-100 метргача силкитиб юборган. Диспетчерга уланишга ҳаракат қилганмиз, лекин у бизни эшитмаган. Кейин эса хавфсизлигимиз учун ўзимиз пастга тушишга мажбур бўлганмиз, шундагина вазият ўнгланган. Бу нотўғри эди, лекин вазиятдан чиқиш учун шу қарорга келганмиз”, - дейди учувчи.

Яна бир марта эса ҳаво кемаси Москвадан келаётганда ёши каттароқ йўловчининг тоби қочган. Учувчи фавқулодда қўниш учун диспетчердан рухсат сўраган, аммо орадан озгина вақт ўтгач, йўловчининг жони узилган.

Мавлонов Ню Йоркка учганини ёдга оларкан, қалин ёғган қор қўнишни кечиктирганини гапирди. Учишимиздан аввал бу шаҳарда об-ҳаво яхши ва осмон очиқ эди, қўнишимизга яқин эса кучли қор ёғди ва аэропорт ёпилди. Бизда ёнилғи билан боғлиқ муаммо бор эди, шунинг учун диспетчердан тезроқ қўнишни сўрадик. Камида 1 соат кутишимиз керак эди, лекин диспетчер бизни тўғри тушуниб, навбатларсиз қабул қилди, дейди у.

Суҳбат давомида учувчи касбининг қийин томонлари сифатида график ва кун тартибидаги номувофиқликни кўрсатди. Бундан ташқари, инсонлар ҳаётига жавобгарлик масъулияти ҳам бор. Шундай бўлса-да, у ўзини бошқа касбда тасаввур қилолмаслигини айтади.

Озарбойжоннинг Ақтауга қулаган самолёти хусусида ўзбек учувчиси қандай фикрда?

25 декабр куни Озарбойжоннинг Ақтауга қулаган самолёти воқеасини комиссия ўрганишда давом этмоқда. Россия осмонида содир бўлган ҳужум оқибатида самолёт зарар кўргани эҳтимоли юқори, айнан нега нисбатан узоқ ҳудуд Ақтауга йўналтирилгани эса жуда баҳсли. “Uzbekistan Аirways” АЖ учувчиси фикрича, комиссия ўз ишини тўлиқ якунлаб, асосий хулосасини бермагунча бир нима дейиш қийин.

“Лекин бу самолёт учувчисига жуда қийин бўлган, бошқарувдан чиққан ҳаво кемасини назоратга олиш оғир вазифа, уни қилиб бўлмайди. Учувчи сувга қуламасдан, ерга қўндиришга ҳаракат қилди. Натижада эса 28 кишининг ҳаётини сақлаб қололди”, - дейди Улуғбек Мавлонов.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид