Спорт | 13:42 / 01.02.2025
15690
14 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» «Арсенал» меҳмони, Миланда дерби. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Абдуқодир Ҳусановга Пеп Гвардиола навбатдаги имкониятни берадими? Шомуродовнинг Европа Лигасидаги голи «Наполи»га қарши ўйинда ҳам майдонга тушишига асос бўла оладими? Кучли бешлик анонсларида ҳамюртларимизнинг ҳам номи ёзилиши нақадар хурсанд қилади одамни, шундай эмасми? Бу ҳафта ҳам Европада бир қатор қизиқарли учрашувлар бизни кутмоқда. «Ливерпул» жиддий синов учун Борнмутга ташриф буюрса, шунингдек, бизни мавсумдаги учинчи Милан дербиси кутиб турибди.

БОРНМУТ – ЛИВЕРПУЛ (1 феврал, 20:00)

Агар Англияда айни дамда «Ливерпул»га чиндан ҳам муаммо туғдириши мумкин бўлган жамоа мавжуд бўлса, у ҳам «Борнмут»дир. Ираола шогирдлари сўнгги ойларда жуда зўр спорт формасига кириб олди – 12 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия, охирги 5 ўйинда урилган 17 гол ва яна бир қатор статистик кўрсаткичларда жамоа жуда яхши кўрсаткичлар қайд этган. «Борнмут»нинг бу юксалиши аслида сўнгги пайтлардаги серия билангина боғлиқ ҳам эмас, зеро мавсум бошидан буён жамоа кўрсатилган ўйиннинг статистик асоси бўлмиш xG бўйича АПЛда 3-ўринда бораётганди. Сўнгги турларда шунчаки, «Борнмут»ни омадсизлик бироз тарк этди холос. Бундан ташқари, ғалабали серияларни тақвим билан боғлаш ҳам қийин. Масалан,шу даврда «Борнмут» «Манчестер Юнайтед», «Нюкасл», «Челси» каби жамоаларга қарши сафарда тўп сурганини таъкидлаш мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳат, қаторасига икки ўйиндан бери «Борнмут» футболчилари ҳет-трик қайд этишмоқда. Нюкаслда Жастин Клюверт бундай натижага эришган бўлса, «Ноттингҳем»га қарши Куаттара уч гол муаллифи бўлди. Умуман бу жуфтликнинг сўнгги ўйинлардаги статистикаси ажойиб: Куаттара охирги 6 ўйинда 6 гол ва 1 ассист, Клюверт эса сўнгги 4 ўйинда 5 гол ва 3 ассист қайд этишга муваффақ бўлди.

«Ливерпул» эса табиийки, еврокубокларнинг яқинлашиб келаётган бўҳрони олдидан очко йўқотмасликка, имкон қадар чемпионатдаги фарқни катталаштиришга уринадики, баҳорда хато қилиш имконияти бўлсин. Айниқса, «Арсенал» «Манчестер Сити»га қарши ўйнайдиган турда таъқибчиларнинг очко йўқотиши эҳтимоли айни муддао. Жамоа Чемпионлар Лигаси сўнгги турида ҳам деярли иккинчи таркиб билан тўп сурди, бор имконият ушбу қийин сафарга қаратилгани шубҳасиз.

Одатда ўзаро ўйинларда «Ливерпул» очкосини осонлик билан қўлга киритишга ўрганиб қолган. Ўтган мавсум ҳар икки ўйин ҳам марсисайдликларнинг йирик ғалабаси билан тугаганди. Аммо ундан аввалги мавсумда мезбонларнинг ғалабаси ҳам кўпчиликнинг, айниқса, Салоҳнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда мисрлик футболчи пеналтини голга айлантира олмаганди. Салоҳ деганда, эсга тушадиган яна бир қизиқ воқеа – 2022/23 йилги мавсумда «Ливерпул» «Борнмут» устидан 9:0 ҳисобида ғалаба қозонган, аммо бутун учрашув ҳаракат қилган Салоҳ бирорта ҳам гол ура олмаган, ассист ҳам амалга оширмаганди.

Жароҳатларга келсак, «Бормунт»да жароҳатланган футболчилар жуда кўп ва анча вақтдан буён Ираола мана шу шартларда шогирдларини тайёрлаб келмоқда. Бу мураббийнинг муваффақияти қадрини янада оширади. Эванилсон, Унал, Хилл, Смит, Синестра каби футболчилар асосий таркибнинг вакиллари эдилар. Улар ичида фақат Синестра машғулотларга қайтган, аммо бу ўйинга тайёр бўлиши қийин масала. Меҳмонлардан Кертис Жонс, Жота, ҳамда Гомеслар майдонга туша олишмайди. Шунингдек, Брентфордда сўнгги дақиқаларда тушиб, жамоа ғалабасини таъминлаган Дарвин Нуньезнинг ҳам мазкур ўйинда қатнашиши сўроқ остида.

БРЕСТ – ПСЖ (1 феврал, 21:00)

Кеча Чемпионлар Лигасида қуръа маросими бўлиб ўтди ва унга кўра нимчорак финалга ўтиш учун «Брест» ва «ПСЖ» куч синашадиган бўлди. Илк учрашув 11 феврал куни Брестда бўлиб ўтади. Бугун эса бу икки жамоа Франция чемпионатида ўзаро тўқнаш келади. Қайсидир маънода бу бўлажак муҳим ўйиннинг репитицияси бўлади, деб ҳам айтиш мумкин.

Айнан Чемпионлар Лигаси тўқнашувини муҳимроқ деяётганимизнинг сабаби тушунарли, зеро Франция чемпионатида ҳаммаси маълум – «ПСЖ» 10 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда, «Брест» эса 8-ўринда жойлашган ва нари борса еврокубоклар зонасига ҳаракат қилиб кўриши мумкин холос. Аммо «Брест»нинг Чемпионлар Лигаси кашфиётларидан бири бўлиши, маълум вақт ҳатто пешқадамлар қаторида бўлгани жамоанинг алоҳида ўйинларга яхши тайёрлана олишидан ҳам далолат қилади.

Яна бир қўш интрига бор. Парижликлар чемпионатда ҳали бирорта ҳам мағлубияга учрагани йўқ ва кучли бешликда бу борада ягона жамоа бўлиб турибди. Иккинчидан, «Брест» ўз тарихида Франция юқори лигасида 14 мавсум тўп суриб, парижликлар билан 29 марта куч синашган бўлса, атиги 4 марта ғалаба қозонган. Янги тарихда эса умуман ғалаба йўқ – охирги 19 ўйинда атиги 2 дуранг ва 17 мағлубият. «Брест» мана шу нохуш анъанага ҳам барҳам беришга уриниб кўради.

Ўзаро ўйинлар статистика бу қадар яққол кўринса-да, энг сўнгги ўйинларга эътибор берсак, «Брест»га доим сал қолаётганини кўрамиз. Тўғри, биринчи даврада парижликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди, аммо ўтган мавсумда ҳар икки ўйин ҳам қаттиқ курашларда кечган. Париждаги ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, Брестда меҳмонларнинг сўнгги дақиқалардаги голи ҳисобни 3:2 га етказган. Ундан олдинги ўйинда ҳам фақат Мбаппенинг сўнгги дақиқалардаги голи меҳмонларга 2:1 ҳисобидаги ғалабани таъминлаб берганди.

Майдон эгалари сафида Локо, Амави, Айдара, Мартен каби футболчилар ўйнай олишмайди. Барчаси мана шу ойда тикланиши белгиланган бўлса-да, бугунги ўйинга тайёр эмас. Парижликлар сафида Жоао Невешнинг бир неча ҳафтага сафдан чиққани жиддий йўқотиш. Шунингдек Заир-Эмери камида ой охиригача майдонга туша олмайди.

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (2 феврал, 21:30)

Табиийки, Абдуқодир Ҳусановнинг трансферидан сўнг «Манчестер Сити»нинг ҳар қандай ўйини мухлислар эътибори марказида бўлади, аммо шунингдек, феврал ойи Пеп Гвардиола шогирдлари учун жуда оғир тақвим эканини ҳам таъкидлаш керак. «Манчестер Сити» «Арсенал»дан ташқари, «Нюкасл», «Тоттенҳэм», «Ливерпул» каби жамоаларга қарши АПЛ доирасида, шунингдек, Чемпионлар Лигасида «Реал» билан икки ўйин кутиб турибди. Жамоа амбициялари учун жуда муҳим ой, қайсидир маънода «Манчестер Сити» учун ушбу мавсум ҳал бўлади.

Абдуқодир Ҳусановга келсак, унинг бу ўйинга тушмаслик эҳтимоли ҳам катта. Айтиш мумкинки, Гвардиоланинг бундай қарорига футболчимизнинг «Челси»га қарши ўйиндаги хатолари сабаб бўлмайди. Пеп ўша ўйиндан кейин ҳам таъкидлаб ўтганидек, Ҳусанов «Челси» билан ўйинга ҳам аслида тайёр бўлмаган, шунчаки, марказий ҳимояда бошқа вариант қолмаганди. Диаш ҳали ҳам қайтмаганини эътиборга олсак, айни дамда Стоунз – Аканжи жуфтлиги «Арсенал»га қарши асосий вариант сифатида кўрилиши мумкин. Аммо бошқа тарафдан қарасак, биринчидан, ҳар икки футболчи «Брюгге»га қарши асосий таркибда ҳаракат қилгани, Ҳусанов эса дам олганини эътиборга олинса, Гвардиола ҳамюртимизга яна бир имконият бериши ҳам мумкин. Иккинчидан, ўнг қанотда аслида ҳимоячи бўлмаган Нуньес бир неча ўйиндан бери майдонга тушиб келмоқда – «Арсенал»га ҳимоявийроқ тактика танланиши мумкинлигидан келиб чиқсак, Ҳусанов ўнг қанотда ҳам ўйнай олишини яхши биламиз. Хуллас ҳали ҳаммаси номаълум, биз эса Ҳусановнинг ҳеч бўлмаса иккинчи бўлимда майдонга тушишидан умид қилиб қоламиз. Дарвоқе, Ҳусановнинг «Ланс» таркибида «Арсенал»га қарши тажрибаси ҳам бор – ўтган йили Чемпионлар Лигасида Лондонда меҳмон бўлган ва 30 дақиқа ҳаракат қилганди.

Турнир нуқтаи назаридан «Арсенал» учун бу ўйиннинг баҳоси каттароқ. «Манчестер Сити» 4-5 ўринлар учун курашяпти, деб қарасак, у ерда имконият кўп, аммо «Арсенал» агар ҳали ҳам чемпионликни ўйлаётган бўлса, ҳеч бир ўйинда очко йўқотмаслиги шарт. Ҳозирда «Ливерпул» билан йўқотилган очколар бўйича фарқ 9 тани ташкил қилмоқда ва бу фарқнинг салбий томонга ўзгариши Артета шогирдларини пойгадан деярли чиқаради. Бу эса нафақат жамоага, балким мураббийлар штабига ҳам босимни орттириши табиий. Артета беш йилдан бери жамоани бошқариб келмоқда ва охирги йиллардаги чемпионлик кураши бой берилгани нисбатан олганда тўғри тушунилиши мумкин эди, зеро «Манчестер Сити» қай даражада кучли бўлганини яхши биламиз. Аммо бу сафар ҳам лондонликлар совриндан қуруқ қолишса, сўров оғирроқ бўлади. Чунки ёзда мураббийни алмаштирган ва бирорта ҳам трансфер амалга оширмаган «Ливерпул» чемпионликни илиб кетса, албатта бу муаммо сифатида қаралади. Ахир ўтган мавсумда ҳар икки жамоа деярли бир хил даражада бўлгандилар.

Жароҳатланганларга келсак, «Манчестер Сити»да Диаш ва Акедан ташқари, Доку ҳам ҳали тикланиб улгургани йўқ. Яхши хабарлардан, мавсум бошида узоқ муддатга сафдан чиққан Оскар Бобб машғулотларга қайтди. Аммо унинг ушбу ўйин қайдномасидан ўрин олиши сўроқ остида. Мезбонлардан эса Уайт ва Сака ўйнай олмайди. Шунингдек, дарвозабон Давид Раянинг ҳам ҳолати сўроқ остида.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги тўқнашуви ҳам барчанинг ёдида бўлса керак. Троссарнинг қизил карточкаси, мезбонларнинг сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириши, Ҳоланд ва Артета ўртасидаги даҳанаки жанг, шундан сўнг норвегиялик ҳужумчида омадсиз сериянинг бошланганлиги. Хуллас, бу сафар ҳам ўша принципиал баҳснинг давомини кўришдан умид қиламиз.

МИЛАН – ИНТЕР (2 феврал, 22:00)

Италия футболининг ашаддий мухлислари Лондондаги тўқнашувга чалғимай, Милан дербисига эътибор қаратишлари табиий. Турнир жадвалида бир-биридан узоқ бўлса-да, бу дерби доим ўзининг алоҳида муҳити билан барчани ўзига жалб қила олади. Ҳа, ҳозирда жамоаларни 16 очко ажратиб турибди, «Интер» чемпионлик учун курашаётган бўлса, «Милан» учун Чемпионлар Лигаси йўлланмаси ҳам катта муваффақият саналади. Аммо шу мавсумнинг ўзидаги ўйинларга қарасак ҳам «Милан»нинг қўли баланд келаётганини кўриш мумкин. Аввал чемпионатда «Милан» сўнгги дақиқалардаги гол эвазига уч очко эгасига айланган бўлса, яқинда Италия суперкубоги финалида 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Ўйин давомида «Интер» 2:0 ҳисобида олдинда бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Демак бу «Интер» учун нафақат турнир жадвали, балки ашаддий рақибидан қасос олиш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим.

Суперкубокдаги ғалаба «Милан»нинг янги мураббийи Сержио Консейсаунинг дебют ўйинлари эди, жамоага жуда яхши эмоционал туртки бўлди. Аммо кейинги ўйинларда натижалар кутилганидек барқарор эмаслигини ҳам таъкидлаш керак. Ўша финалдан кейин кутилмаганда «Кальяри» билан дуранг қайд этилди, кейин Туринда «Ювентус»га имконият бор берилди. «Парма» билан ўйин мухлисларнинг асабини синовдан ўтказди – жамоа фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалардагина икки гол уриб ғалаба қозонди. Уч кун олдин эса Чемпионлар Лигасида Загребда мағлубият содир бўлди. Бу мағлубиятнинг оғриқли томони, агар миланликлар ғалаба қозонганида, кучли саккизликка чиқишарди ва «Фейенорд»га қарши ортиқча плей-оффдан халос бўлишарди. Хуллас, Консенсау бошчилигида ҳозирча «Милан» ё мағлуб бўляпти ёки фақат иродали ва асабий ғалабаларга эришяпти. Қилинадиган ишлар кўп.

Таркибларга келсак, аввало Алваро Моратанинг Туркияга йўл олаётганини айтиб ўтиш керак. Загребдаги ўйинда 45 дақиқа ҳаракат қилган испаниялик ҳужумчи «Галатасарай» таркибида тўп сурадиган бўлди. Шунингдек, кириш трансфери ҳам бор – Кайл Уокер «Манчестер Сити»дан келди. Йўқотишларга келсак, Юсуф Фофана «Парма» билан ўйиндаги сариқ карточкаси туфайли дербига дисквалификация қилинган. Эмерсон, Лофтус-Чик, ҳамда биринчи даврадаги дербида ҳал қилувчи голни урган Маттео Габбияларда жароҳат бор. Номинал меҳмонлар сафида йўқотишлар йўқ.

Дарвоқе, «Милан» устози Сержиу Консейсау ўз вақтида «Интер» сафида тўп сурган. Жумладан, 2003 йилги Чемпионлар Лигасидаги машҳур яримфиналларда ҳам у кўк-қоралар сафида майдонга тушганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

1 феврал. БАВАРИЯ – Холштейн (19:30), Ҳайденхайм – БОРУССИЯ Д (19:30), НЮКАСЛ – Фулҳэм (20:00), АТАЛАНТА – Торино (22:00), Вулверҳэмптон – АСТОН ВИЛЛА (22:30), АТЛЕТИКО – Малйорка (22:30), Эспаньол – РЕАЛ (2 февралга ўтар кечаси, 01:00)

2 феврал. ЮВЕНТУС – Эмполи (16:30), БАРСЕЛОНА – Алавес (18:00), Брентфорд – ТОТТЕНҲЭМ (19:00), МЮ – Кристал Пэлас (19:00), БАЙЕР – Хоффенхайм (21:30), РОМА – НАПОЛИ (3 февралга ўтар кечаси, 00:45), МАРСЕЛ – ЛИОН (3 февралга ўтар кечаси, 00:45),

3 феврал. ЧЕЛСИ – Вест Ҳэм (4 февралга ўтар кечаси, 01:00).

Мавзуга оид