Дронлар хариди, дори импортига бож ва 150 мингта уйга қуёш панели — ҳафта дайжести
Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон суверенитетга бўлган таҳдидларга биргаликда қарши туришини эълон қилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун яна бир соҳада импортга бож киритиляпти. Қуёш панеллари бўйича “тажриба тўплаган” прокуратура органлари бу йил юз минглаб уйларга панел ўрнатишга бош-қош бўлади. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – одатдагидек Kun.uz дайжестида.
Озарбойжон ва Туркия билан алоқалар қалинлашмоқда
Ўзбекистон яна бир иттифоқчиси – Озарбойжон билан ҳам ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини муҳокама қиляпти. Куни кеча икки давлат расмийлари бу борада онлайн учрашув ташкил этди. Агар музокаралар муваффақиятли якун топса, ватандошлар хорижга чиқиш паспортини олмасдан, агар паспорти бўлса ҳам, ундан фойдаланмасдан, ID-карта орқали ўзаро борди-келди қилиши мумкин бўлади.
Бундай тартиб 2023 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида амал қилиб келяпти. Ўтган йили Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай келишувга эришиш режалаштирилгани эълон қилинган. Келгусида бу масала Туркия билан ҳам кун тартибига чиқиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин: турк қардошлар аллақачон Озарбойжон, Гуржистон ва Украина билан ID-карта режимига ўтишган.
Чоршанба куни Анқарада Ўзбекистон–Озарбойжон–Туркия уч томонлама мулоқот форматининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда учта туркий давлатнинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари иштирок этиб, ўзаро савдо-сотиқни соддалаштириш, Европа ва Хитой ўртасидаги Ўрта коридор салоҳиятини рўёбга чиқариш каби масалаларни муҳокама қилди. Йиғилиш якунида қабул қилинган Анқара декларациясида ёзилишича, томонлар кўплаб масалалар, хусусан бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларнинг бузилмаслигини қатъий қўллаб-қувватлайди, суверенитетга бўлган ҳар қандай таҳдидларга нисбатан биргаликда чора кўради.
Бу анжуман фонида, Ўзбекистон Туркиядан яна ҳарбий дронлар сотиб олиши ҳақида хабарлар тарқалди. Турк манбаларининг ёзишича, Turkish Aerospace компанияси тез орада Ўзбекистонга ANKA дронларини етказиб беришни бошлаши кутиляпти. Нечта учувчисиз аппарат ҳақида гап кетаётгани маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистон Қуролли Кучларида Туркиянинг Bayraktar TB2 дронлари борлиги маълум бўлганди. Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг 2024 йил декабридаги баёнотига кўра, армия машғулотларида асосий эътибор учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш ва уларга қарши курашишга қаратилмоқда.
Импорт дори-дармонларга бож солинмоқда
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш важи билан, яна бир тоифа маҳсулотлар импортига бож киритиляпти. Шу ҳафта эълон қилинган фармонга кўра, 1 апрелдан эътиборан кўплаб турдаги дори-дармонларни Ўзбекистонга олиб киришда 2 фоизлик импорт божи жорий этилади. Божга тортиладиган фармацевтика маҳсулотлари қаторига антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши, вирусга қарши, қандли диабетга қарши дори воситалари, кардиологик, гормонал ва антигистамин препаратлар, ўсмага қарши дорилар ҳамда дори воситаси мақомига эга витамин ва биологик фаол қўшимчалар киритилган.
Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизовнинг айтишича, дори импортига бож киритишдан мақсад – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмак бериш. У бундай бож бошқа давлатларда ҳам борлиги, Ўзбекистон “бор-йўғи 2 фоиз”лик ставка ўрнатаётгани учун нарх-наво ўзгармаслигини айтди.
Бу фармон билан, шунингдек, 1 апрелдан бошлаб рецептсиз сотиладиган дориларга нисбатан нарх чеклови бекор қилинади. Азизовнинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакатда рўйхатга олинган дори воситаларининг 14 фоизи рецептсиз бериладиган препаратлар тоифасига киради. Чеклов бекор қилингач, уларнинг нархи ошиши мумкин, лекин рақобат туфайли 4-5 ойда яна нархлар тушади, дея ишонтирди Фармагентлик раҳбари.
Шифокор рецепти асосида сотиладиган дорилар нархи устидан назоратни осонлаштириш учун эса янги мобил илова ишлаб чиқилмоқда. Абдулла Азизовга кўра, илова тахминан 15 февралгача эълон қилинади ва у орқали дорихонага кирганда дори қутисидаги QR кодни сканерлаб, унинг максимал рухсат этилган нархини кўриш мумкин бўлади.
“Ҳозирги кунда референт нархлар бўйича олиб бораётган фаолиятимиз тўғридан тўғри нархларнинг тушишига олиб келади. Ижтимоий назоратнинг кескинлашиши ҳам нарх тушишига олиб келади. Бу фармон билан биз тўғри механизмни йўлга қўйиш орқали, кутишимиз керак бўлган нарса – нархлар тушиши”, – деди Фармацевтика агентлиги директори.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 апрелдан ҚҚС имтиёзи бекор қилингач, дори-дармонлар нархи расмий статистика бўйича 26 фоизга қимматлашган эди. Абдулла Азизов дори воситалари учун ҚҚС қайта кўриб чиқилишига ваъда берди.
Қуёш панеллари бўйича катта топшириқ – прокуратура назоратида
Қуёш панеллари ўрнатишни кескин кўпайтириш – энергетика соҳасида бу йил ҳам устувор йўналишлардан бири бўлади. Бу ҳақда президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинди. Қуёш панеллари ўрнатишни аввалги йиллардаги каби яна прокуратура органлари назорат қилади. Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминовнинг айтишича, 2025 йилда аҳоли, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа объектлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясининг камида 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига қопланиши керак.
“Ушбу вазифалар ижроси сўзсиз таъминланади. Чунки Бош прокуратура ва ҳудудий прокуратураларда бу каби топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ўтган йили тажриба яратилган”, – деди Аминов.
Бош прокуратура ахборотига кўра, президент ҳузуридаги йиғилишда 250 мингта объект, хусусан 150 мингта хонадонда жами 600 MW қувватли қуёш панелларини ўрнатиш бўйича топшириқ берилган. Бунинг учун 2 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, электромобил эгаларига ва электрлаштириладиган хонадонларга имтиёзли тарифлар қилиб бериш бўйича ҳам топшириқ берилган. Мирзамаҳмудов аввалроқ 1 январдан бошлаб газсиз яшаётган аҳоли учун электр энергиясига 50 фоиз чегирма берилишини айтгани, лекин бу амалга ошмаганига изоҳ бермаган. Мана, феврал кириб келди ва айтиш мумкинки, газ етиб бормаган жойлардаги аҳоли ҳам қишни ҳамма қатори 200 киловаттлик лимит билан тугатиши аниқ бўлиб улгурди.
Автомобил билан боғлиқ фирибгарликлар серияси
Автомобил сотуви билан шуғулланган навбатдаги фирибгарларга суд ҳукми ўқилди. Green-Waatt, Quwwatt Motors, ZTY Car Energy, Ev Sky номли компаниялар мансабдорлари – жами 6 киши 4 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Улар одамларга 100 доллардан 500 долларгача миқдорларда пул бериб, розилигини олган ҳолда уларнинг номига кредит чиқартирган, кейин эса кредитни тўламаган. Алданганлар сони 203 нафар, уларга етказилган зарар қиймати эса 62 млрд сўмни ташкил этган.
Шу кунларда яна бир автосалончилар иши судда кўрилмоқда. Kun.uz суриштирувидан кейин устидан жиноят иши қўзғатилган “Allianse Motors” МЧЖ мансабдорлари ҳам фирибгарликда айбланяпти. Айбловга кўра, улар машина олиб келиб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, камида 128 кишидан 46 млрд сўм олган, кейин бу пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Иш бўйича 9 киши судланяпти. Улардан бири Мирзо Улуғбек туманидан 477 минг долларга уй сотиб олгани айтиляпти.
Аввалроқ фуқароларга осон шартларда автомобил олиб беришни ваъда қилиб, гўёки “автолизинг” билан шуғулланган “Umid avto” раҳбари қўлга олинган эди. Бу ишда жабрланувчилар сони 200 кишидан ошади. Бундан ташқари, ўтган ҳафта “Bilol’s Electric Motors” номли автосалон эгаси ҳам қамоққа олинди – у ҳам жуда кўп миқдордаги фирибгарликда айбланяпти. Бу ҳолатда алданиб қолганлар сони 50 нафарга яқин.
Шу тариқа, юқорида санаб ўтилган тўртта жиноят ишида автомобил олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликдан жабрланганлар сони жами 600 нафарга яқинни ташкил этмоқда.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” эълон қилган чегирма муҳокамаларга сабаб бўлди. Компания ўзининг 33 йиллиги муносабати билан 28 январ куни сотиладиган чипталарга 30 фоиз чегирма эълон қилганди, лекин шу куни тармоқда UzAirways одамларни алдагани айтилган хабарлар тарқалди. Kun.uz суҳбатлашган бир қатор мижозлар ҳам нархда ўзгариш сезмаганини айтди. Компания ҳолатни арзон чипталар тугагани билан изоҳлади. Сайтда кечқурун 1000 сўм деб кўрсатилган нарх эрталаб масалан 2500 сўмга айланиб қолиши ҳам шундан, бу халқаро тажриба, деди UzAirways матбуот котиби.
Ўзбекистон 2025 йилга 37,5 млн аҳоли билан кириб келди. 1 январ ҳолатига, мамлакатимизнинг доимий аҳолиси 37 млн 543 минг кишини ташкил этган. Расмий рақамлар туғилиш пасайганини кўрсатмоқда: ўтган йили Ўзбекистонда 926 мингта чақалоқ туғилган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 3,7 фоизга, 2022 йилга нисбатан 0,6 фоизга кам. Тўйлар ҳам камайишда давом этяпти: 2024 йилдаги никоҳланишлар сони охирги 10 йиллик минимумга тушган. Ўртача ҳисобда олганда, қизлар 22 ёшда турмушга чиқяпти, йигитлар эса 27 ёшда уйланишяпти.
2024 йилга оид яна бир статистика. Бош прокуратура маълумотига кўра, ўтган йили мансабдор шахсларнинг жиноят содир этиши ҳолатлари кескин кўпайган. 2023 йилда 3,5 мингдан ортиқ мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 37 фоизга ошиб, салкам 5 мингтага етган. Порахўрларнинг ушланиши эса бир йилда 66 фоизга кўпайиб, 353 кишига етган. Ўтган йили жинояти фош этилганларнинг 71 нафари – республика даражасидаги амалдорлар бўлган.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид

11:01 / 10.03.2025
Туркия Курдистон ишчилар партияси тарафдорларини қуролларини ташлашга чақирди

22:31 / 08.03.2025
Сектор бошқарувининг тугаши, метаннинг очилиши ва Бобожонов истеъфоси — ҳафта дайжести

14:11 / 08.03.2025
Венгрияда ишлаётган туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширади

20:52 / 05.03.2025