Жаҳон | 10:31 / 29.01.2025
4463
2 дақиқада ўқилади

Германия ва Франция Трампнинг таҳдидлари фонида Данияни қўллаб-қувватламоқда

Дания бош вазири Метте Фредериксен Трампнинг Гренландияга даъволари фонида Европа Иттифоқининг учта пойтахтида Европа бирлигини муҳокама қилди.

Метте Фредериксен ва Олаф Шолц Фото: ODD ANDERSEN/AFP via Getty Images

Дания бош вазири Метте Фредериксен 28 январ, сешанба куни Берлинда Германия канцлери Олаф Шолц билан АҚШнинг янги президенти Доналд Трампнинг Дания қироллиги таркибига кирувчи Гренландия устидан назоратни ўз қўлига олиш ҳақидаги такрорий таҳдидлари фонида Европа бирлиги масаласини муҳокама қилди. Фредериксен қўшма матбуот баёнотида «Европа бирлиги ва яқин ҳамкорликни» янада долзарб қиладиган «ноаниқ ҳақиқатлар» ҳақида гапирди, деб хабар беради AFP.

Ўз навбатида, Олаф Шолц «чегараларни куч билан ўзгартирмаслик» кераклигини таъкидлаб, «ким таъқиб қилишидан қатъий назар» экспанционистик интилишларни қоралади.

Дания бош вазири Шолц билан учрашувдан сўнг Париж ва Брюсселга ташриф буюрди ва у ерда Франция президенти Эммануэл Макрон ва НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашди. «Сиз давлатлар ҳудудлари ва суверенитетини ҳурмат қилишингиз керак. Бу биз Иккинчи жаҳон урушидан бери бирга қурган халқаро ҳамжамиятнинг асосий элементидир», — деди Фредериксен Макрон билан учрашувидан кейин.

Франция Гренландияга қўшин жўнатишини истисно этмади

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Арктикадаги оролга қўшин юбориш имконини истисно этмади. «Агар Дания ёрдам сўраса, Франция у ерда бўлади», деди у Sud Radio'га берган интервюсида. Шу билан бирга, Барро АҚШ Гренландияга бостириб киришига ишонмаслигини таъкидлади. «Бундай бўлмайди, одамлар Европа Иттифоқи ҳудудига бостириб кирмаяпти», — дейди у.

Брюсселда НАТО бош котиби билан учрашув чоғида Фредериксен «Гренландия ёки Данияга ҳарбий таҳдид борлигига ишониш учун ҳеч қандай асос йўқлигини» айтди.

Мавзуга оид