Ўзбекистон | 13:23 / 29.01.2025
1037
2 дақиқада ўқилади

Айрим хорижий мутахассисларни жалб қилганлик учун тўлов ундирилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Freepik

Қўшимчалар Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома паспортига киритилди. Тасдиқномани олиш учун аризага:

Ўзбекистон президентининг 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори билан тасдиқланган Саноат йўналишлари бўйича жалб қилинадиган хорижий мутахассисларнинг рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича хорижий мутахассислар сифатида жалб қилинган чет эл фуқаролари учун — мутахассисни жалб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;
нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислар учун — нуфузли халқаро бренд ташкилотида фаолият юритаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилиш керак. Тасдиқнома берилгани учун тўлов ундирилмайди.

Бренд шериклари ва миллий бренд эгалари томонидан мутахассислар сифатида жалб қилинган хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддати шартнома муддатига, бироқ уч йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.

Шунингдек, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчага кўра, махсус иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун юридик шахс электрон онлайн-аукцион савдолари натижаларига кўра ғолиб деб топилган тақдирда қайта давлат рўйхатидан ўтказилади.

Мавзуга оид