Кўчатлар нима сабабдан қурийди, уларни қандай экиш керак ўзи? – мутахассис бунга жавоб берди
Ўзбекистонда феврал охири ва март ойи бошидан томорқа ҳамда боғларга янги ниҳоллар экиш бошланади. Бу даврда ёмғирлар кўп ёғиши ва қуёш чарақлаб туришига қарамай айрим кўчатлар нобуд бўлади. Хўш, улар нима сабабдан қуриб қолади? Экиш жараёнида қайси омиллар ҳисобга олиниши керак? Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш учун академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директори Алижон Эсонқулов билан суҳбатлашди.

Фото: Getty images
Қайси омиллар кўчатнинг ўсишдан тўхташига сабаб бўлади?
Кўчатларнинг қуриш сабаблари биологик, агротехник, экологик ва патоген факторлар билан узвий боғлиқ. Ташиш ва сотиш жараёнларида кўчатлар илдиз қисми совуқ ҳаво, қуёш нури ҳамда шамолдан зарарланиб, экилганидан сўнг кўкармаслиги мумкин.
Янги ниҳоллар фотосинтез жараёни учун кўпроқ қуёш нурини талаб қилади. Ёруғликнинг камлиги фотосинтезни сустлаштиради ва ўсишни секинлаштиради. Мева кўчатлари яхши ўсиши учун унга кунига камида 6-8 соат тўғридан-тўғри қуёш нури тушиши керак. Масалан, олма, гилос ва шафтоли дарахтлари қуёшли жойда яхши ўсади ва ёруғлик етарли бўлиши мева бериш учун зарур қувватни тўплашга кўмаклашади.
Бироқ ортиқча қуёш нури ниҳол ҳужайраларида сув йўқотиш жараёнини тезлаштиради. Калифорния қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурслар университети томонидан ўтказилган тадқиқотларда сувсизланиш ниҳолларнинг қуришига асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, суғоришнинг ортиқча бўлиши ҳам илдизларда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради ва чириш жараёнини тезлаштиради. Тупроқ тахминан 5-10 см чуқурликда нам бўлса, бу етарли суғорилганликни кўрсатади, қуруқроқ бўлса, кўчатга қўшимча сув қуйиш керак. Суғоришдан кейин тупроқнинг сувни қанчалик тез ютишини кузатиш зарур, агар сув тез сингиб кетса ва ер яна қуруқроқ кўринадиган бўлса, кўпроқ суғориш талаб этилади. Кўчатнинг барглари сўлиб ёки тушиб қолса, бу илдизга етарли миқдорда сув етиб бормаётганининг белгиси бўлиши мумкин. Тупроқ намлигини ўлчаш учун махсус асбоблар ҳам мавжуд. Ушбу қурилмалар тупроқнинг намлик даражасини аниқ кўрсатиб, қанча суғориш кераклиги ҳақида маълумот беради.
Ернинг физик-кимёвий хусусиятлари ниҳоллар ўсишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хусусан, янги кўчатлар ҳаводор ва яхши дренажланган тупроқда қулай ўрнашади. Тупроқнинг енгил ва қумли тузилиши илдизларнинг ер остида чуқурроқ ва кенгроқ жойлашишига имкон яратади. Сув ўтказмайдиган ёки саз тузилишдаги(ёпишқоқ) тупроқлар илдизлар зарарланишини тезлаштиради.
Ниҳоллар экилгандан кейин биринчи ҳафтадаги ҳарорат баланси уларнинг ўсишида муҳим саналади. Ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ ҳаво ҳам кўчатларнинг қуришига сабаб бўлади. Масалан, 10°C дан паст ва 35°C дан юқори ҳарорат ниҳолларда стресс ҳолатини келтириб чиқаради. Бу кўчатларнинг физиологик ва биологик жараёнида бузилишлар юзага келиши бўлиб, унинг натижасида ниҳоллар ўсиши секинлашиши, ҳужайра структураси ўзгариши ва қуриб қолиши мумкин.
Шунингдек, экиш жараёнида илдиз тизимига етказилган шикастланишлар ниҳолнинг сув ва озуқавий моддаларни сингдириш қобилиятини сусайтиради. Азот (N), фосфор (P) ва калий (K) каби асосий элементлар етишмовчилиги ўсишнинг тўхташи ва қуришга олиб келади. Масалан, азот етишмовчилиги баргларнинг сариқлашиши ва қуришини ҳосил қилади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, суғориш ва тупроқ танловини тўғри амалга ошириш, иқлим шароитини ҳисобга олиш, етарли ёруғлик ва озуқавий моддалар билан таъминлаш ниҳоллар қуришини камайтиради.
Илдиз тизими билан боғлиқ қандай муаммолар кўчатни ўсишдан тўхтатади?
Ниҳолларнинг илдиз тизими билан боғлиқ ҳолат ўсимликнинг ривожланиши ва ундан олинадиган ҳосилга катта таъсир кўрсатади. Илдизлар заиф, майда ёки зарарланган бўлса, сув ва озиқа моддаларини етарли даражада қабул қила олмайди, бу эса ўсишга тўсиқ бўлади. Оқибатда ўсимлик заифлашади ва ҳосил камаяди.
Тупроқ остида сув кўп тўпланиши кислота ва кислота моддаларининг концентрацияси ошишига сабаб бўлади. Бу, ўз навбатида, илдизларнинг кислотага чидамсизлиги ва заифлашувини келтириб чиқаради. Тупроқ бўлаклари керагидан ортиқ катта ёки майда бўлиши ҳам илдизлар учун муаммо туғдиради. Тупроқ катта бўлакларга бўлинган бўлса, ўсаётган илдизларнинг ер остида жой топиши мураккаблашади. Майда тупроқларда эса сувни яхши сақлаб туриш қийин бўлади ва илдизлар ортиқча сув ёки кислотага чидамсизлашиб, зарарланади. Бундан ташқари, кўчатлар зич экилиб, илдизлар тўқнашса, бир-бирининг ўсишига тўсқинлик қилади.
Ниҳолларни экиш учун тупроқ қандай тайёрланиши лозим? (таркибига гўнг ёки минерал ўғитлар қўшиш шартми?)
Кузда кўчат экиш учун танлаб олинган майдон плантаж плуги билан 50-60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак. Ер ағдарилмаган бўлса, баҳорда 35-40 см чуқурликда ишлов берилиб, текисланади ва кўчат экиш учун режа тортилади. Кўчатларни экиш учун режа тортишда қуйидаги схемалардан фойдаланиш тавсия этилади:
• Пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари учун 3,5×2,5 м, ўрта ўсувчи олма учун 3,5×3 м, ММ-106 пайвандтагга уланган олма кўчатлари учун 6×4 м ва 6×5 м;
• Нок учун 3,5×2 м, ўрта ўсувчи нок учун 3,5×2,5 м;
• Шафтоли кўчатлари учун 3×3 м ёки 4×4 м;
• Гилос кўчатлари учун 3×2,5 м ёки 4×3 м;
• Ўрик кўчатлари учун 4×3 м;
• Анор кўчатлари учун 3,5×3 м ёки 4×4 м;
• Бодом учун 4×3 м ёки 4×4 м;.
• Ёнғоқ кўчатлари учун 5×4 м масофалик схемада экиш лозим.
Кўчатнинг тури ва унинг ўсиш хусусиятларига қараб орасидаги масофа ва қатор узунлиги белгиланади. Масалан, баъзи кўчатлар кенг ўсади, бошқалари эса узун ва баланд бўлади.
Тупроқни бойитиш учун гўнг ва минерал ўғитлардан фойдаланиш талаб қилинади. Органик гўнг тупроқни водород ионлари, азот ва фосфор моддалари билан таъминлайди. Таркибни бойитишда гўнг тўғри миқдорда қўшилиши лозим. Ортиқча гўнг илдизларнинг зарарланиши ёки кўчатларнинг яхши ўсмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Тупроқни минерал моддалар билан бойитиш зарурути туғилса, азотли, фосфорли ва калийли ўғитлардан тўғри миқдорда фойдаланиш тавсия этилади.
Тупроқда кислота даражаси юқори бўлса, уни пастлатиш учун доломитли ўғитлар (CaMg(CO₃)₂) қўшиш мумкин.
Кўчатни экишдан олдин уларни махсус эритмаларда сақлаш ёки илдизларини кучайтириш усуллари борми?
Экишдан олдин илдизларни мустаҳкамлаш учун кўчатлар шатмоққа ботирилади. Шатмоқ тайёрлашда янги мол гўнги ва тупроқни 1:1 нисбатда аралаштириб, қаймоқсимон ҳолга келтирилади. Бу комбинация кўчатнинг илдиз тизими тўғри ривожланишига ёрдам беради. Гўнгнинг органик моддаларга бойлиги илдизларнинг тез ва соғлом ўсишини таъминлайди.
Кўчатларни экишдан олдин илдиз тизимини мустаҳкамлаш ва янги муҳитга мослашишини осонлаштириш учун махсус эритмалардан фойдаланиш самарали усулдир. Бунинг учун гиббереллик кислотаси ёки Индол-3-сирка кислотаси каби стимуляторларни ишлатиш мумкин. Гиббереллик кислотаси (GA₃) ўсимликларнинг ўсишини тезлаштириш, илдиз тизими ва юқори қисмларининг ривожланишини кучайтириш учун ишлатилади. Индол-3-сирка кислотаси (Indole-3-acetic acid, IAA) табиий илдиз гормони бўлиб, ундан ўсимликлар илдизининг ўсиши учун стимулятор сифатида фойдаланиш мумкин. Кўчатларни 1-2 соат давомида эритмага ботириб, кейин тўғри танланган майдонга ўтказиш лозим.
Ниҳолларни қандай чуқурликда экиш керак?
Кўчат экиш учун чуқурлик ва кенглик 60×60 см бўлиши керак. Чуқур қазишда тупроқнинг устки 20-25 см қисми бир томонга, чуқурнинг қолган қисми эса иккинчи томонга олиб қўйилади. Бу кўчат илдизларининг тўғри жойлашиши ва яхши ўсиши учун муҳим.
Кўчат экишдан олдин чуқурга 350-400 г фосфорли ўғит, 30-40 г калий ўғити ва 8-10 кг чириган гўнг солиб, тупроқ билан аралаштирилади. Бу озиқ моддалар илдизларнинг тез ва соғлом ривожланишига ёрдам беради. Кўчат экилганидан сўнг ҳар бир чуқурга тўлдириб сув қуйилади. Бу усул тупроқни зичлаштириб, илдизлар атрофидаги ҳаво бўшлиқларини йўқотади ва кўчатнинг сувни яхши ўзлаштиришини таъминлайди. Суғориш намликни барқарорлаштириши натижасида кўчат тез ривожланади. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига қўшимча тупроқ солиниб, тўлдирилади. Бу илдизларни ҳимоя қилади, ҳаво ҳамда сув билан таъминлайди. Тупроқ тўғри тўлдирилганда, кўчат соғлом ва мустаҳкам ўсади. Тупроқ намлигини сақлаш учун унинг юзасини мулч (чўп, коғоз ёки пўстлоқ) билан ёпиш тавсия этилади. Бу усул сув тез буғланишининг олдини олади ва илдиз тизимининг яхши ривожланишига ёрдам беради.
Кўчат экишда муҳим қоидалар:
- Кўчатни чуқурга тўғри жойлаштириш: Илдизлар эркин ёйилишини таъминлаш учун аввал олинган тупроқнинг бир қисми чуқур тагига солинади.
- Пайванд қилинган жой: Кўчат пайванд қилинган қисми тупроқ сатҳидан 4-5 см юқорида бўлиши керак. Бу илдиз тизимининг кучли ривожланишига ёрдам беради.
- Баландлик даражаси: Пакана ва ярим пакана пайвандтагларга экилган кўчатлар ер сатҳидан 2-3 см юқорида жойлашиши лозим. Агар чуқур экилса, илдиз нав пайдо бўлиши кечикади ва кўчат ривожланиши секинлашади.
Ниҳоллар экилгандан кейин дастлабки ҳафталарда суғориш қандай бўлиши лозим?
Янги экилган кўчатларнинг илк даврда сув билан таъминланишига катта эътибор бериш зарур. Томчилатиб суғориш тизими ишга тушмаган бўлса, кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун унинг атрофидан айлана шаклда ариқ ёки йўлакча очиб, агат тўлгунча сув қуйиш керак. Агар ариқ орқали суғориш амалга оширилса, сувни айлантириб ўтказиб, кўчат атрофини тўлдириш лозим.
Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб, ёш боғларга йил давомида 12-20 маротабагача сув берилиши мумкин. Суғоришдан сўнг кўчат атрофи қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун 10-12 см чуқурликда тупроқни юмшатиб туриш керак.
Томчилатиб суғориш мевали кўчатларнинг тўлиқ кўкаришига ёрдам беради ва бу жараёнда сув сарфи 45-50% га тежалади.
Мевали боғларни суғоришда энг яхши вақт – тонг ва кечки пайтлар. Бу вақтда суғориш ўсимликларни стресс ҳолатлардан асрайди ва юқори ҳосил олиш имконини беради.
Боғларни турли замбуруғли касалликлардан ҳимоя қилиш учун дарахтларга тўғри шакл бериш, меъёрида ўғитлаш ва суғориш, шунингдек, танасини оқлаш каби агротехник ишлар амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларда экиш усуллари қандай фарқланади?
Мевали кўчатларнинг ерда илдиз отиб, кўкаришида уларнинг иқлим ва тупроқ шароитларига мос келиши муҳимдир.
Чўл ва ярим чўл минтақалар: Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Бухоро вилоятларида ёнғоқ, бодом ва анор каби қуруқ ва иссиқ шароитларга чидамли дарахтлар яхши ўсади. Бу каби ҳудудларда томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиш, ҳар бир дарахт тагига ҳафтасига 10-20 литр сув қуйиш тавсия этилади, сув миқдори ўсимликнинг ёши ва ҳолатига қараб ўзгариши мумкин. Тупроқни фосфор ва калийга бой ўғитлар билан бойитиш ўсимликларнинг қурғоқчил шароитларига мослашишига ёрдам беради.
Тоғли ҳудудлар: Самарқанд, Тошкент ва Жиззах вилоятларида олма, гилос ва ўрик каби совуққа чидамли ва юқори намликка мослашган дарахтлар яхши кўкаради. Мазкур вилоятларнинг жанубий ёнбағирларида кўчатларни экиш, ниҳол қадалган тупроқни компост, гумус каби органик моддалар билан бойитиш, шунингдек, азотли ўғитлардан фойдаланиш ўсимликларнинг ўсиш ва мева бериш самарадорлигини оширади. Ушбу минтақаларда сув кўпроқ бўлгани учун дарахтларни ҳафтасига 20-30 литр атрофида суғорса бўлади.
Водий ва дарё бўйи ҳудудлари: Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида шафтоли, анор, тут каби кўчатларни экиш маслаҳат берилади. Дарахтлар унумдор бўлиши учун тупроқни дренажлаш, калий ва фосфорга бой ўғитлар билан озиқлантириш, мунтазам равишда тупроқни органик моддалар билан бойитиб туриш зарур. Бу ҳудудлардаги тупроқлар намликни яхши сақлайди, шу сабаб дарахтларни ҳафтасига 15-25 литр сув билан суғориш мақсадга мувофиқ. Ёз ойларида сув миқдорини бироз ошириш мумкин.
Дашт ва ўрмон-дашт минтақалари: Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида олма, ёнғоқ, гилос каби ўртача намлик ва ҳароратга мос келадиган дарахтларни экиш мумкин. Бу турдаги ерларда ниҳолларни суғориш ва озиқланиш тизимини самарали ташкил қилишга кучлироқ эътибор қаратиш тавсия қилинади. Мазкур минтақада намлик ўртача бўлгани учун дарахтларни ҳафтасига 20-30 литр сув билан суғориш яхши натижа беради. Тупроққа барча муҳим минералларни ўз ичига олган мураккаб ўғитлар қўшиш фойдали бўлади.
Мевали дарахтларни экишда хар бир ниҳол ўсиб ривожланганидан сўнг бир-бирига соя-салқин бермаслигига эътибор қаратиш керак. Анор ва анжир меваларини республика иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда 450 бурчак остида экиш лозим, бу куз мавсумида (ноябр ойларида) кўчатларни кўмишга қулайлик яратади.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид

09:43 / 21.02.2025
2 туп дарахт кесган фуқаро 223 та кўчат экиб берди

10:39 / 30.01.2025
Кибержиноятчилик билан курашиш бўйича мутахассислар тайёрланади

13:39 / 10.01.2025
Ўрта таълим муассасаларига 500 нафар хорижий мутахассис жалб этилади

23:07 / 07.08.2024