Тижорат банклари терговчиларнинг қонуний топшириқларига амал қилмаяпти — Омбудсман
Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиб, банкларидан кредит олиш кўпайган. Омбудсманнинг маълум қилишича, бундай фирибгарлик юз берганда терговчилар айбдор шахслар топилгунига қадар қарздорлик ва фоизларни тўхтатиб туриш ҳақида банкларга қонуний топшириқлар юборган. Лекин банклар алданган фуқаролардан кредитни тўлашни талаб қилиб келмоқда.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 2024 йилда фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ.
Хусусан, фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.
“Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини Click компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган”, – дейилади Омбудсман матбуот хизмати хабарида.
Онлайн фирибгарликлар билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилганлиги, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган. Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасига кўра, терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча ташкилотлар, мансабдорлар ва фуқаролар учун мажбурий. Лекин, шунга қарамай банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда.
Маълум бўлишича, Омбудсман ушбу йўналишдаги мурожаатлар бўйича фуқаролар манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризалари киритиб, банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилишига эришган. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилди.
Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Омбудсманга кўра, мазкур соҳадаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатларнинг ўсишини асосан аҳолининг эҳтиётсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва иқтисодий билимларининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.
Kun.uz банклар билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Марказий банкига сўров юборди.
Мавзуга оид

15:24 / 09.03.2025
Фарғонада онлайн қиморга берилган шахс яширинча ҳамкасблари номига кредит олиб, уларни ҳам ютқазди

12:13 / 07.03.2025
Фуқаро ўзи номига кредит расмийлаштиришга тақиқни қандай ўрнатиши мумкин?

18:43 / 05.03.2025
Кредит олишни ўзига тақиқлаш имконини берувчи қонун қабул қилинди

11:16 / 02.03.2025