Жаҳон | 17:39 / 28.01.2025
14270
2 дақиқада ўқилади

Такер Карлсон Байден маъмурияти Путинни ўлдиришга урингани ҳақида гапирди

Америкалик журналист Такер Карлсонга кўра, АҚШнинг собиқ президенти маъмурияти Владимир Путинни ўлдиришга уринган. Кремл эса журналистнинг сўзларига жавоб қайтариб, РФ махсус кучлари президент хавфсизлиги учун «барча керакли чораларни кўриши»ни билдирди.

Фото: AFP / Getty Images

АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти РФ президенти Владимир Путинни ўлдиришга уринган. Бу ҳақда журналист Такер Карлсон Метт Тайбби билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкен «ҳақиқий уруш»ни ёқлаб чиққан, Байден маъмурияти эса Россия президентини ўлдиришга уринган.

Журналист ушбу режаларни «телбалик» деб атаган ва бундай ҳолатда Россия ҳамда унинг ядровий арсеналини «ким нозорат қиларди?» деган саволни ўртага ташлаган. Карлсон ўз сўзларини тасдиқловчи бирор-бир далил келтирмаган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков америкалик журналистнинг сўзларига муносабат билдирди. «Россия махсус хизматлари доимий равишда жамоатчилик хавфсизлиги ва давлат ҳимояси остида бўлган шахслар, биринчи навбатда давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур чораларни кўриб келади», — дейди Песков.

Эслатиб ўтамиз, америкалик машҳур телебошловчи Такер Карлсон 2024 йил 9 февралга ўтар кечаси ўз сайтида ва Твиттерда Россия президенти Путин билан 2 соатлик интервюсини эълон қилганди. Бу интервю учун Карлсон бир неча кун олдин Москвага учиб келган.

Суҳбатдан аввал Карлсон америкаликлар Украинадаги уруш ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиши учун Путинга ўткир саволлар беришини айтганди. Аммо Карлсон интервю давомида россиялик суҳбатдошига ноқулай саволлар бера олмади. Масалан, у Мариупол ва Бучадаги ҳарбий жиноятлар ёки Алексей Навалний ҳақида сўрамаган.

Мавзуга оид